Самарқандда ўқувчилар эшакда мактабга қатнаётганига изоҳ берилди

Самарқандда ўқувчиларнинг эшакда мактабга қатнаётгани юзасидан изоҳ берилди
Ўқувчилар эшакда мактабга бораётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, ҳолатга Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, видеодаги ҳолат Каттақўрғон туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган “Бургансой” МФЙ Олмосувон қишлоғидаги 84-сонли умумий ўрта таълим мактабида юз берган. Ушбу ҳудуд Қўшработ тумани билан чегарадош бўлиб, тоғ ёнбағирларидаги кичик ва тарқоқ қишлоқлардан иборат. Ички йўллар асосан сўқмоқлардан ташкил топган.
Ҳозирда асосий мактабда 92 нафар ўқувчи, мактаб филиалида эса 21 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактаб филиали билан асосий бино орасидаги масофа 3 километрни, асосий бинога қатнайдиган энг узоқ масофа эса 4 километрни ташкил этади. 5–11-синфларда жами 74 нафар ўқувчи ўқийди. Улардан Олмосувон қишлоғидан 45 нафар, филиал ҳудудидаги Қўшамазор қишлоғидан 13 нафар, Тўлали қишлоғидан 17 нафар ва Жилқиҳайдар қишлоғидан 17 нафар ўқувчи асосий бинога қатнайди.
“ Тоғли ҳудуд ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашгани сабабли маҳаллий аҳолининг аксарият қисми, жумладан, кундалик ҳаракатланишда ушбу уловлардан фойдаланади ”, дейилади изоҳда.
Қайд этилишича, ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу олис ва тоғли ҳудудларда ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашларини таъминлаш, шунингдек, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилмоқда.

