Самарқандда Жаҳон вақф форуми ўтказилади
Жорий йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган ушбу халқаро тадбирга мусулмон мамлакатларидан 300 га яқин ҳукумат расмийлари ва экспертларни таклиф этиш режалаштирилмоқда.

Самарқандда Жаҳон вақф форуми ўтказилади
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, Вақф хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин Эшонқулов бощилигидаги делегация Малайзияда бўлиб ўтган Исломий иқтисодиёт ҳафталиги ва Жаҳон вақф форумида қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси Малайзия парламенти сенатори, Малайзия Вақф фонди раҳбарияти, Бутунжаҳон закот ва вақф форуми бош котиби ҳамда бошқа расмийлар билан учрашиб, соҳа юзасидан музокаралар олиб борди.
Малайзиянинг “Нашрул Қуръон” нашриёти раиси Абдул Латиф Мираса билан бўлган учрашувда ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли хайрия лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.
“Нашрул Қуръон” нашриёти “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали Ўзбекистон халқига 20 минг нусхадаги “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китобини совға қилди.
Учрашувлар давомида Бутунжаҳон вақф форумини жорий йилнинг ноябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиш борасида келишувга эришилди. Ушбу халқаро тадбирга мусулмон мамлакатларидан 300 га яқин ҳукумат расмийлари ва экспертларни таклиф этиш режалаштирилмоқда.

