Самарқандда экология ходимларига корхона ҳудудига киришга тўсқинлик қилинди

Самарқандда экология ходимларининг корхона ҳудудига киришига йўл қўйилмади
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида жойлашган “Т.К.” корхонаси фаолияти бўйича келиб тушган мурожаатни ўрганиш чоғида экология ходимларига текширув ўтказишга имкон берилмади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
2026-йил август ойида президент ишонч телефонига корхоналар фаолияти, жумладан, тунда ҳавога зарарли тутун чиқарилиши ва ёқимсиз ҳид тарқалиши юзасидан шикоятлар келиб тушган. Шу мурожаат асосида Экополитсия ходимлари тегишли ташкилотларни хабардор қилган ҳолда “Т.К.” корхонаси ҳудудига борган.
Корхона атрофи текширилганда атмосферага зарарли тутун чиқарилаётгани ҳамда қурилиш чиқиндилари корхона ташқарисидаги белгиланмаган жойга ташланаётгани аниқланган. Аммо ходимларнинг корхона ҳудудига кириши тўсиб қўйилган, раҳбарият эса телефон қўнғироқларига жавоб бермаган.
Қўмита маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига ҳам мурожаат қилинган, бироқ ҳозирча натижа бўлмаган. Текширувнинг қонунийлиги ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес-омбудсман ҳам хабардор қилинган.
Мазкур ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённома расмийлаштирилмоқда. Корхона фаолиятини ўрганиш учун судга ҳам ариза киритилмоқда.

