Маҳаллий

Самарқандда 250 млрд сўмлик криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланганлар ушланди

Самарқандда 250 млрд сўмлик криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланганлар қўлга олинди

Самарқанд вилоятида криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланган тўртта гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбирлар давомида жами 7 нафар шахс ушланиб, улардан ноутбуклар, телефонлар ва бошқа шахсларга тегишли банк карталари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Самарқанд шаҳрида 1999 ва 2008-йилларда туғилган икки шахс ижарага олинган хонадонда махсус дастурий воситалар ва қўшимча қурилмалар ёрдамида криптоактивлар билан ноқонуний операцияларни амалга ошириб келгани аниқланди. Улар умумий қиймати 6 млрд 994 млн 230 минг сўмлик криптоактивларни қонунга хилоф равишда олган, ўтказган ва айирбошлаган.

Кейинги тадбирда Самарқанд шаҳрида 2002-йилда туғилган фуқаронинг мобил қурилмалари орқали криптоактивлар билан ноқонуний операциялар амалга оширилгани фош этилди. У турли платформаларда 14 725 та транзаксияни амалга ошириб, умумий қиймати 174 млрд 554 млн 196 минг сўмлик криптоактивларни ноқонуний тарзда олган, ўтказган ва айирбошлаган.

Каттақўрғон шаҳрида эса 1995-йилда туғилган икки шахснинг 2026-йил январидан буён умумий қиймати 64 млрд 367 млн 757 минг сўмлик криптоактивлар билан қонунга хилоф операцияларни амалга ошириб келгани аниқланди.

Иштихон туманида 2006-йилда туғилган яна икки шахснинг 2026-йил апрелидан буён 5 млрд 78 млн сўмлик криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғуллангани фош этилди.

Тезкор тадбирлар давомида 5 дона ноутбук, 45 дона телефон ва бошқа шахсларга тегишли 186 дона банк пластик картаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Тергов органлари маълумотига кўра, ноқонуний операцияларнинг умумий қиймати 250 млрд 994 млн 598 минг сўмни ташкил этган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278-прим 8-моддаси тегишли қисмлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.