Самарқанд вилояти ҳудудий электр тармоқлари бошқаруви туркиялик инвесторларга берилади

Самарқанд вилояти электр тармоқлари бошқаруви Туркиянинг Акса Энержи компаниясига ўтказилади. Бу масала 13-август куни Президентга ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича тақдимотда муҳокама қилинган.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаевнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонда биринчи марта электр тақсимлаш тармоқлари хусусий сектор бошқарувига инвестиция киритиш шарти билан берилмоқда. Самарқанд вилоятида ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра, Туркиянинг Акса Энержи компанияси ғолиб деб топилган.
Вазир "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервюсида шундай деди: "Компания Самарқанд вилоятида мавжуд тармоқларни эксплуатация қилиш ва янгиларини қуриш лойиҳасини амалга оширади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида турк компанияси ўзининг Туркияда ва хорижий мамлакатларда эришган ютуқлари ва тажрибаси билан келади. Самарқанд ҳудудий электр тармоқларининг барча ищи-ходимлари турк компаниясига ишга қабул қилинади. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, чет элдан фақат 10-15 нафар мутахассис келади, қолган барчаси республикадаги мутахассислар билан амалга оширилади."
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Президент Самарқанд тажрибасидан келиб чиқиб, қолган ҳудудларда ҳам шундай ишларни амалга ошириш бўйича топшириқ берган. Туркия компанияси Ўзбекистонда фаолият юритиш жараёнида тармоқларни қуриш, реконструксия қилиш ва модернизация қилишда камида 90 фоиз маҳсулотларни ички бозордан, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиши кўзда тутилган.
2024-йил август ойида Ўзбекистонда ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хусусий секторга бериш бошланиши эълон қилинган эди. Бу дастлаб Самарқанд вилоятида, кейин Жиззах ва Сирдарёда амалга оширилиши айтилган. Самарқандда электр тақсимлаш тармоқларини хусусий сектор бошқарувига инвестиция киритиш шарти билан бериш бўйича халқаро тендерда Туркиянинг Акса Энержи компанияси ғолиб деб топилган ва 2025-йил ноябрида компанияга ғолиблик тақдимномаси топширилган эди.

