Самарқанд марказини “Ширин” массиви билан боғловчи замонавий кўприк қурилмоқда
Кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги 29,8 метр, баландлиги эса 2 метрни ташкил этади. У янги барпо этилаётган “Ширин” массивини Самарқанд шаҳри ҳамда халқаро аеропорт билан боғлайди.

Самарқанд марказини “Ширин” массиви билан боғлайдиган замонавий кўприк бунёд этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Қорадарё устидан қурилаётган кўприк ишлари билан танишди.
Ушбу йирик иншоот транспорт оқимини самарали йўлга қўйиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида барпо этилмоқда. Кўприк янги қурилаётган “Ширин” массивини Самарқанд шаҳри ҳамда халқаро аеропорт билан боғлайди.
Лойиҳа қиймати 310 миллиард сўм бўлган кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги 29,8 метр, баландлиги эса 2 метрни ташкил этади. Қатнов қисми 4 тасма бўлиб, у кунига 25 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.
Янги обьект ишга туширилгач, Ширин шаҳарчасидан марказгача масофа 23 километрдан 4 километрга тушади, йўлга кетадиган вақт эса 30 дақиқага қисқаради.
Давлат раҳбарига лойиҳанинг техник ечимлари ва транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шу ерда фаоллар билан суҳбат ҳам бўлиб ўтди.
– 2016-йилда Ўзбекистонга бор-йўғи 1 миллион 200 минг турист келарди. Ҳозир Самарқанднинг ўзига бир йилда 5 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Қачон биз бундай натижаларни тасаввур қилардик? Албатта, бугун дунё рақобат асосида ривожланмоқда. Биз ҳам бу рақобатда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашимиз керак.
Лойиҳаларни тўғри ишлаб чиқсак, логистикани оқилона ташкил эцак, харажатларни камайтирамиз, одамларимизнинг узоғини яқин қиламиз. Ахир бу шаҳар одамлар учун-ку!
Мана шу кўприк менинг орзуларимдан бири эди. Бугун бу орзу рўёбга чиқди, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев шаҳар одамлар учун хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги фикрини давом эттириб, ҳар бир инсоннинг халқ ва юрт олдидаги масъулиятига ҳам тўхталди.
– Мен кечаги нутқимда ҳам “ўз”, “ўзимиз”, “ўзлигимиз”, “ўзимизники” деган сўзларга қайта-қайта урғу бердим. “Мен ўзбекистонликман, халқим учун ҳаракат қиламан, халқим учун ўқийман, эртанги куним учун изланаман” деган ғоялар руҳида яшашимиз керак.

