Самарқанд «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақомига эга бўлди
Самарқанд шаҳрига «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақоми берилди. Сертификат вилоят ҳокими Адиз Бобоевга топширилди.

Самарқандга «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» унвони берилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Ушбу нуфузли мақомни тасдиқловчи сертификат Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши президенти Саад Ҳани Ал-Қаддумий билан бўлиб ўтган учрашув якунида топширилди.
Музокаралар давомида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, миллий амалий санъат анъаналарини сақлаш ва уларни Ўзбекистон ташқарисида тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, ҳунармандлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш ҳамда “устоз-шогирд” анъанасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу анъана касбий кўникма ва тажрибани устоздан шогирдга ўтказишни назарда тутади.
Самарқандга «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақомининг берилиши ҳудуднинг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий усталар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган. Шунингдек, миллий амалий санъат намуналарини халқаро миқёсда янада кенг тарғиб қилиш кутилмоқда.
Томонлар ҳунармандчилик ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Олинган мақом ушбу йўналишларда халқаро алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши лозим.

