Самарада Озонънинг йирик омборига дронлар ҳужум қилди
22-августга ўтар кечаси Самара вилоятига дронлар билан оммавий ҳужум уюштирилди. Чапаевск шаҳридаги Озонънинг йирик логистика мажмуасида ёнғин чиқиб, бир неча киши жабрланган. Компания 500 дан ортиқ ходим эвакуация қилингани ва омбор фаолияти номаълум муддатга тўхтатилганини билдирди. Шунингдек, Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводида ҳам дрон ҳужумидан кейин ёнғин чиққан бўлиши мумкинлиги…

Самарада Озон'нинг йирик омборига дронлар ҳужум қилди
Самара вилояти губернатори Вячеслав Федорищевнинг хабар беришича, 22-августга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари дронлар ёрдамида минтақадаги Озон логистика мажмуаси ва "саноат корхоналаридан бири"га ҳужум уюштирган.
Ушбу ҳужум натижасида бир неча киши жароҳат олган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Губернаторнинг таъкидлашича, ўнлаб дронлар уриб туширилган ёки радиоелектрон воситалар ёрдамида бостирилган. Оммавий ҳужумдан сўнг саноат корхонасида шикастланишлар қайд этилган.
**Озон 500 дан ортиқ ходимни эвакуация қилди**
Ҳужумга учраган Озон логистика мажмуаси Самара вилоятининг Чапаевск шаҳрида жойлашган. Бу маркетплейснинг Волгабўйидаги энг йирик обьектларидан бири бўлиб, умумий майдони 135 минг квадрат метрни ташкил этади.
Озон вакиллари обьектга дронлар ҳужум қилганини тасдиқлади. Компания маълумотига кўра, зарбадан сўнг омбор ҳудудида ёнғин бошланган.
Компания барча хавфсизлик тизимлари белгиланган тартибда ишлаганини ва бир неча дақиқа ичида 500 нафардан ортиқ ходим эвакуация қилинганини билдирди. Шунга қарамай, ҳодисада жабрланганлар бор.
**Омбор фаолияти номаълум муддатга тўхтатилди**
Ҳужумдан кейин Озон Чапаевскдаги логистика маркази фаолиятини номаълум муддатга тўхтатди.
Омборда сақланаётган товарлар маркетплейс сайтида вақтинча яширилган. Ушбу марказдан етказиб берилиши керак бўлган буюртмалар бекор қилиниши айтилмоқда.
Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан сотувчилардан омборга янги товарлар қабул қилиш ҳам вақтинча тўхтатилган.
Манбага кўра, Украина дронлари аввал Россиянинг бошқа маркетплейси – Вилдберриес'нинг омбор ва логистика марказларига бир неча бор ҳужум қилган. Аммо бу Озон'нинг йирик обьектига жиддий зарар етказилган илк ҳолат сифатида қайд этилмоқда.
Июл ойи охирида Татарстандаги Озон омбори ҳам дрон ҳужуми ҳудудига тушган, бироқ ўшанда компания обьект зарар кўрмаганини билдирган эди.
**Озон омбори яқинида мудофаа корхоналари жойлашган**
Астра Телеграм-канали маълумотига кўра, Чапаевскдаги Озон мажмуасидан тахминан бир километр масофада "Промсинтез" ва "Полимер" номли икки мудофаа саноати корхонаси жойлашган.
Манбада ушбу заводлар портловчи моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариши айтилган. Улар аввал ҳам Украина ракета ва дронлари ҳужумларига учраган.
**Новокуйбишевск нефт заводида ҳам ёнғин**
22-августга ўтар кечаси Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ҳам ёнғин кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Украинанинг Эхиленова+ мониторинг Телеграм-канали завод яқинида олингани айтилаётган фото ва видеоларни эълон қилган. Кадрларда катта тутун устуни кўринади.
Астра таҳлилчилари ҳам "Роснефт"га қарашли корхона ҳудудида дронлар ҳужумидан кейин ёнғин чиққан, деган хулосага келган.
Бироқ Самара вилояти губернатори қайси саноат корхонаси зарарланганини очиқ айтмаган. Шу сабаб Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилгани ҳақидаги маълумот ҳозирча очиқ манбалар хабарларига асосланмоқда.
Мазкур нефтни қайта ишлаш заводи аввал ҳам бир неча бор дронлар ҳужумига учраган ва бу унинг фаолияти вақтинча тўхтатилишига олиб келган эди.

