“Салом, футбол”. Бугундан Чемпионлар Лигаси бошланади

“Салом, футбол”. Бугундан Чемпионлар Лигаси старт олади
Бугундан Европа Чемпионлар Лигаси 2026/27-мавсуми бошланади ва сешанба-пайшанба кунлари 36 жамоа дастлабки босқичдаги илк учрашувларини ўтказади. Икки мавсумдан бери кўпчиликка таниш бўлиб улгурган янги форматга кўра, ҳар бир клуб 8 тадан ўйин ўтказиши керак.
Бир вақтлар Чемпионлар Лигаси Чемпионлар Кубоги деб аталган, фақат плей-оффлардан иборат бўлган ва 90-йилларда янгича форматга ўтиш УЕФА амалга оширган энг муҳим ислоҳотлардан бири саналарди. Айнан шу ўзгариш турнирни энг нуфузли мусобақага айлантирди ва ташкилотга катта даромад олиб келди. Гап фақат форматда эмас, балки иштирокчилар таркибида ҳам эди.
Чунки авваллари Чемпионлар Кубогида фақат ўз мамлакатида чемпион бўлган клублар қатнашар, бошқа жамоалар эса УЕФА кубогига йўл оларди. Кўриб турганингиздек, бу ҳолат Чемпионлар Кубогидаги фаворитлар сонини анча камайтирарди. Тасаввур қилинг, ўша тартиб сақланиб қолганида, ҳозир Чемпионлар Лигасида “Арсенал”, “Реал”, “Интер”, “Бавария” ва “ПСЖ” қатнашган, қолганлар — “Манчестер Сити”, “Ливерпул”, “Реал”, “МЮ”, “Атлетико” ва бошқа жамоалар УЕФА кубогида бўлган бўларди. 90-йиллар бошидан бошлаб совриндорлар ҳам Чемпионлар Лигасига қўшилди ва натижада Европанинг деярли барча топ-клублари бир мусобақада жамланди. Бу ўзгариш маълум маънода УЕФА кубогининг нуфузини пасайтириб, кейинчалик йўқолиб кетишига сабаб бўлган бўлса-да, янги ЙЧЛ бунга арзийди.
Чемпионлар Лигасига қўшимча йўлланмалар берилиши миллий чемпионатларда интрига кучайишига ҳам шубҳасиз таъсир қилди. Энди АПЛ, Ла Лига каби лигаларда чемпионлик курашидан ташқари, кучли тўртлик ва кучли бешлик учун ҳам рақобат кескинлашди.
СОВИДъдан кейинги давр эса айрим топ-клубларда кўпроқ пул топиш эҳтиёжини юзага чиқарди, Суперлига можароси пайдо бўлгач, УЕФА ҳам янги давр ва янги ислоҳотлар вақти келганини англаб етди. “Швейцарча тизим” деб аталадиган янги формат турнирга янги руҳ олиб кириш, кузги баҳсларни янада қизиқарли қилиш ва, албатта, кўпроқ маблағ жалб этишга қаратилган дадил қадам бўлди.
Демак, энди асосий босқич иштирокчилари сони 32 тадан 36 тага оширилди ва гуруҳ тизимидан воз кечилди. Жамоалар рейтинг асосида 4 саватчага бўлинади, ҳар бир клуб ҳар бир саватчадан иккитадан рақиб олади. Тўртта ўйин сафарда, тўртта ўйин уйда ўтказиладиган тизимда ҳар бир жамоа 8 тадан учрашувдан сўнг умумий жадвал бўйича энг яхши 8 таликдан жой олса, 1/8 финалга чиқади. 9–24-ўринларни эгаллаган жамоалар эса 8 жуфтлик ҳосил қилиб, алоҳида плей-офф ўйнайди ва ғолиблар юқоридаги 8 жамоага қўшилиб, 1/8 финал иштирокчисига айланади. Кейинги босқичлар аввалгидек давом этади.
Кўриб турганингиздек, энди клублар Чемпионлар Лигасининг кузги, яъни гуруҳ босқичидаги 6 ўйин ўрнига 8 та учрашув ўтказади, шунингдек, 9–24-ўринларни эгаллаган жамоалар яна қўшимча плей-оффда иккитадан ўйин ўйнайди. Демак, бир жамоа учун Чемпионлар Лигасидаги юклама 2–4 учрашувга ошди. Бундан ташқари, рақиблар даражаси ҳам юқорилаганини тан олиш керак.
Олдин саватчалар бўйича 8 гуруҳ тузилиб, нимчорак финал йўлланмалари ҳар бир гуруҳ учун алоҳида берилса, энди барча жамоалар ягона турнир жадвалида беллашади. Гуруҳлар рейтинг асосида шакллантирилгани сабабли, бир гуруҳда икки топ-клуб тушиб қолиши жуда кам учрайдиган ҳолат эди ва шунда ҳам қолган икки рақибни енгиш орқали ҳар икки фаворит кейинги босқич масаласини осон ҳал қиларди. Янги форматда эса олдиндан тахмин қилиш қийин, аксинча, кўплаб топ-клубларнинг кучли саккизликдан ташқарида қолиб, плей-оффда бир-бирига рўпара келиб қолган ҳолатларини ҳам кўрдик.
Энг кучли 1-саватчадаги жамоалар ҳам ўз саватчасидан 2 та рақиб олади — бу ҳолатнинг ўзи ҳам асосий босқичда жуда кўп топ-тўқнашувлар бўлишини кўрсатади. Февралгача давом этадиган асосий босқичда гувоҳи бўлишимиз мумкин бўлган топ-ўйинларга эътибор беринг:
“Реал” – “Интер”, “Ливерпул” – “Атлетико”, “Наполи” – “Арсенал”, “Атлетико” – “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити” – “ПСЖ”, “ПСЖ” – “Барселона”, “Бавария” – “Арсенал”, “Атлетико” – “Бавария”, “Арсенал” – “Боруссия”, “Манчестер Сити” – “Наполи”, “Барселона” – “Манчестер Сити”, “Арсенал” – “Реал”, “Интер” – “Ливерпул”, “Манчестер Юнайтед” – “Бавария” ва ҳоказо. Деярли ҳар турда бир нечта топ-учрашувларга гувоҳ бўламиз. Дастлабки йилларда бу босқич ўйинларига айрим топ-клублар бироз беписанд қараган бўлса, ўтган мавсумда кучли саккизлик учун кураш анча рақобатли кечди, зеро юқорида айтилганидек, қўшимча плей-оффда бошқа бир кучли рақибга тушиб қолишни ҳеч ким истамайди.
Албатта, ҳар доимгидек, навбатдаги мавсумнинг ҳам ўз фаворитлари бор. Масалан, Луис Энрикенинг “ПСЖ”си кетма-кет икки марта ғолиб чиққан иккинчи жамоага айланди ва бу борадаги рекордчи “Реал” натижасини такрорлашга бел боғлаган. Чемпион таркибини деярли сақлаб қолган парижликлар табиийки, янги мавсумни ҳам асосий фаворит сифатида бошлайди. Аммо одатдагидек, бу сафар ҳам “ПСЖ”га анча қийин рақиблар тушганини тан олиш керак. Дастлабки босқичнинг ўзида парижликлар “Манчестер Сити”, “Барселона”, “Вилярреал”, “Рома”, “Астон Вилла”, “Комо” каби жамоаларга қарши майдонга тушади. Одатда кузги “ПСЖ” бироз бошқача бўлишини ҳисобга олсак, кучли саккизликка кириш осон бўлмайди. Олдинги икки мавсумда топ-8 га кириш учун камида 16 очко керак бўлган. Демак, 8 ўйиннинг камида бештасида ғалаба қозониш лозим бўлади.
Янги мавсум фаворити сифатида Лондоннинг “Арсенал” клуби тилга олинмоқда. Финалда фақат пеналтилар сериясида ютқазган, ёзда эса Цолис, Гимараес, Конса каби футболчилар билан кучайган Артета жамоаси бу сафар бор эътиборини айнан шу еврокубокка қаратишини бемалол тахмин қилиш мумкин. Маълумот учун, “Арсенал” ўз тарихида ҳеч қачон Европанинг энг нуфузли турнирида ғолиб чиқа олмаган.
Шунингдек, ўтган йили деярли чемпионларга хос ўйин кўрсатган “Бавария”, Моуринё билан ярим таркибини янгилаган “Реал”, ярим ҳимояга ярим миллиард сарфлаган “Манчестер Сити”, худди шунча маблағни ҳужум чизиғига йўналтирган “Ливерпул”, одатдагидек “Барселона” каби жамоалар ҳам фақат ғолиблик учун курашади.
Бундан ташқари, уч йиллик танаффусдан сўнг яна турнирга қайтаётган “Манчестер Юнайтед”га ҳам қизиқиш катта бўлади. “Қизил иблислар” янги форматга ўтилганидан бери ҳали ушбу мусобақада қатнаша олмаганди.
Австриянинг “ЛАСК” жамоаси 1965-йилдан буён илк бор мамлакат чемпиони бўлди ва илк марта Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Австрияликларнинг, айниқса, “Селтик”га қарши плей-офф ўйинлари жуда қизиқарли кечди. Сафардаги учрашувни 0:3 ҳисобида бой берган, бунинг устига жавоб баҳсида ҳам гол ўтказиб юборган “ЛАСК” 90-дақиқада умумий ҳисобни тенглаштирди ва қўшимча вақтда ҳисобни 5:1 га етказди.
Озарбайжоннинг “Сабаҳ” жамоаси ҳам жавоб ўйинида камбек қилишга муваффақ бўлди. 5:2 ҳисобидаги ғалаба умумий натижани 6:4 га айлантирди — охирги икки гол бу ерда ҳам қўшимча вақтда урилганини эслатиш жоиз. Қувонарлиси, қардошларимизни ўйинга қайтарган муҳим гол ҳамюртимиз Умарали Раҳмоналиев ҳисобига ёзилганди. Ўз вақтида Шацких, Денисов, Ирисметов, кейинчалик Яхшибоев, Ҳусанов каби вакилларимиз ушбу турнирда иштирок этишган эди, энди улар сафига Раҳмоналиев ҳам қўшилади. “Сабаҳ” турнирда “Боруссия”, “Манчестер Юнайтед”, “Барселона”, “Арсенал” каби топ-рақибларга қарши баҳс олиб боради. Жамоанинг илк ўйини эса пайшанба оқшомида “Манчестер Юнайтед”га қарши сафарда бўлиб ўтади. Демак, Раҳмоналиев “Олд Траффорд”да майдонга тушган иккинчи ўзбек бўлади.
Яна бир дебютант — Норвегиянинг “Викинг” клуби. Мортин Енсен шогирдлари ўтган мавсумда мамлакат чемпиони бўлишди ва саралаш плей-офф босқичида Загребнинг “Динамо”сини ортда қолдирди.
Юқорида айтганимиздек, 1-тур бугундан бошланади ва бу сафар ўйинлар пайшанба оқшомини ҳам қамраб олади. Баъзи учрашувлар Тошкент вақти билан 21:45 да ҳам бошланишини ҳисобга олсак, шу турнинг ўзида 6 та ўйинни тўғридан тўғри томоша қилиш имкониятингиз бор.
Бугунги ўйинлар ичида “Брюгге” – “Астон Вилла” (шарҳловчи Фахриддин Туропов) ва “Реал Мадрид” – “Интер” (Ҳасан Турдиалиев) учрашувлари “Зўр ТВ” теледастуридан ўрин олган.
1-тур доирасида ўзбек мухлислари “Зўр ТВ”да, шунингдек, “Барселона” – “Фееноорд” (Ҳасан Турдиалиев), “Ливерпул” – “Атлетико” (Фахриддин Туропов), “Фенербаҳче” – “Рома” (Абдураҳмон Эргашев), ҳамда “Манчестер Юнайтед” – “Сабаҳ” (Ҳасан Турдиалиев) ўйинларини томоша қилишлари мумкин.
“АЕК” – “ЛАСК” (Озодбек Сатторов), “Порту” – “Манчестер Сити” (Абдураҳмон Эргашев), “Штутгарт” – “Викинг” (Озодбек Сатторов), “Наполи” – “Арсенал” (Абдураҳмон Эргашев) учрашувлари эса “Зўр ТВ” иловасида намойиш этилади.

