Салкам 2 триллион сўмлик зарар: Чирчиқ дарёсидаги ноқонуний фаолият фош этилди
Прокуратура департаменти ва Экология бошқармаси Тошкент вилоятида тадбир ўтказди.

**Чирчиқ дарёсида ноқонуний қазиш ишлари натижасида қарийб 2 триллион сўмлик зарар аниқланди**
Чирчиқ дарёси ўзанидан рухсатномасиз қум-шағал қазиб олиш оқибатида давлат ва жамиятга 1,9 триллион сўм миқдорида зиён етказилганлиги маълум бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида "Б.И." МЧЖ масъул шахслари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўзанидан махсус техникалар ёрдамида тегишли рухсатномасиз 101,2 минг куб метр норуда фойдали қазилма – қум-шағал хомашёсини қазиб олганликлари фош этилди.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида давлат ва жамият манфаатларига жами 1,9 триллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

