Садир Жапаров хорижда ватанини танқид қилаётган қирғизларни манқуртликда айблади

Садир Жапаров хорижда ватанини танқид қилаётган қирғизларни манқуртликда айблади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11-сентябр куни Талас шаҳрида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда хорижда яшаётган айрим қирғизларни кескин танқид қилди.
Маълум қилинишича, Садир Жапаров хориждаги айрим юртдошларини танқид остига олган. Шу билан бирга, у чет элда ишлаб, Қирғизистон иқтисодиётига ҳисса қўшаётган қирғизистонликларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Жапаров Чингиз Айтматов асарларига тўхталиб, манқурт образи ҳамда жамиятнинг ўз тарихи, тили ва маданиятини унутиши фожиасини эслатиб ўтди.
“Бизнинг айрим ўғилларимиз хорижда юриб, бир бурда нон учун ўз юртида бўлаётган эзгу ишлардан ҳам ёмонлик излайди. Бу билан улар манқуртлик кўрсатмоқда. Биз уларни тарбиялашга ҳамда тартибга чақиришга ҳаракат қиламиз”, деди президент.
Президент айнан кимларни назарда тутганига ва қандай чоралар таклиф кўрилишига аниқлик киритмади.
Жапаров ўн йиллар давомида Қирғизистон Республикасидан ташқарида яшаб, меҳнат қилаётган юртдошларига ҳам мурожаат қилди. У ватандан олисда уларнинг қадри ҳамда юртга бўлган муҳаббати алоҳида сезилишини таъкидлаб ўтди.

