Садир Жапаров энергетик ичимликларни тақиқлашни таклиф қилди
Ичимликларни ишлаб чиқариш ва уларнинг импорт масаласи кўриб чиқилади. Қирғизистонда бир йилда 129 млн банка энергетик ичимлик истеъмол қилинган.

**Садир Жапаров энергетик ичимликларни тақиқлашни таклиф қилди**
Қирғизистон президенти Садир Жапаров энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг импортини тақиқлаш ташаббусини илгари сурди.
“Вазирлар маҳкамасига бир ой ичида энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва импорт қилишни тақиқлашни кўриб чиқиш, олти ой ичида эса қонунчилик доирасида тегишли тартибга солиш чораларини кўришни топшираман”, деди Жапаров.
Президент энергетик ичимликлар истеъмоли бўйича ҳам маълумотларни келтирди. Унинг сўзларига кўра, 2025-йилда мамлакатда энергетик ичимликлар истеъмоли 54 миллион 199 минг литрни, яъни тахминан 129 миллион банкани ташкил этган. 2026-йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 36 миллион 83 минг литрга ёки қарийб 85 миллион 900 минг банкага тенг бўлган.
2025-йилда Қирғизистонда 25 миллион 263 минг литр энергетик ичимлик ишлаб чиқарилган. Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлардан 28 млн 430 минг литр, учинчи давлатлардан эса 1 млн 239 минг литр импорт қилинган.
“Ушбу ичимликлар аста-секин қарамликни келтириб чиқариши мумкин. Уларни истеъмол қилиш одатга айланиб, одам кейинчалик ундан воз кеча олмай қолади. Нафақат касалликларнинг оқибатларига қарши курашиш, балки уларнинг олдини олиш ва комплекс тезкор чоралар кўриш вақти келди, деб ҳисоблайман”, деди Жапаров.
Қирғизистонда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ёки уларни мамлакатга олиб кириш тақиқланса, республика бюджети бевосита ва билвосита солиқлардан тахминан 1,5 миллиард сом (17,15 миллион доллар) даромаддан маҳрум бўлиши мумкин.
“Миллат, фуқаролар ва келажак авлодлар саломатлиги пул билан ўлчанмаслиги керак”, деди Садир Жапаров.

