Руминия Элчисининг дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табрикномаси
Руминия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги муносабати билан Руминиянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жаноби Олийлари Даниэль Кристиан Чобану Ўзбекистон халқига қуйидаги табрикни йўллайди: 2026 йил 6 октябрь куни Руминия ва Ўзбекистон Республикаси дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллигини нишонламоқда. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан менинг самимий табрикларимни қабул қилгайсиз! Сизга фаровонлик, сермаҳсул ривожланиш ва ўзаро манфаатли […]

**Румыния Элчисининг дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик мурожаати**
Румыния ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги муносабати билан Румыниянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жаноби Олийлари Даниэль Кристиан Чобану Ўзбекистон халқига қуйидаги табрикни йўллайди:
2026 йил 6 октябрь куни Румыния ва Ўзбекистон Республикаси дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллигини нишонламоқда. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан менинг самимий табрикларимни қабул қилгайсиз! Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг гуллаб-яшнашини, сермаҳсул ривожланишини ва мустаҳкамланишини тилайман!
Румыния Ўзбекистон билан муносабатларини юқори баҳолайди ва мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид қилади. Ўзбекистон Румыниянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкоридир. Румыния Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни, шунингдек, минтақавий барқарорликка ва минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни илгари суришни фаол қўллаб-қувватлайди.
2020–2025 йиллар давомида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 377 фоиздан кўпроққа ошгани (Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра) ва 2025 йил ўзаро савдо қиймати нуқтаи назаридан Румыния-Ўзбекистон муносабатлари тарихидаги энг яхши йиллардан бири бўлганидан мамнунлигимни билдираман. 2025 йил 27 ноябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ва мен томонимдан Румыния Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида автомобил йўлларида транзит ташиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга (Бухарест, 1996 йил 6 июнь) ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённоманинг имзоланиши муҳим воқеа бўлди. Бундан ташқари, Румыния ва Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамламоқда, бунга 2026 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида Румыния фуқаро авиацияси бошқармаси ва «Ўзавиация» агентлиги ўртасида имзоланган Ўзаро тушуниш меморандуми далилдир.
Муносабатларимиздаги алоҳида воқеа 2026 йил март ойида Румыния ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари йўналиши бўйича видеоконференция шаклида биринчи икки томонлама консуллик маслаҳатлашувларининг ўтказилиши бўлди. Парламентлараро Иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII Бутунжаҳон конференциясида иштирок этиш учун 2026 йил сентябрь ойида сенатор Елена-Аделина Добранинг Ўзбекистонга ташрифи парламент соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим элементи бўлди.
Маданий-гуманитар соҳа кўплаб қўшма ютуқларга бой. Румыния таълим вазирининг 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини ва Румыния делегациясининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясидаги муваффақиятли иштирокини таъкидлаш лозим. 2026 йил март ойида Румыния Элчихонаси Тошкентда баҳор бошланишини нишонлаш муносабати билан Румыния миллий анъаналарини тақдим этишга қаратилган ижодий маҳорат дарсини ташкил этди, май ойида эса XXII Халқаро хайрия маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали доирасида Румыния пазандачилик санъатини намойиш этди. Шунингдек, 2026 йил март ойида Ўзбекистон пойтахтида шоир Герасим Лукага бағишланган Румыния-Франция шерият кечаси бўлиб ўтди. 2026 йил апрель ойида Тошкентда иккита ёрқин тадбир бўлиб ўтди: «Тиргу-Жиудаги “Қаҳрамонлар йўли” монументал ансамбли. Константин Брынкуши (1876–1957) таваллудининг 150 йиллигига эҳтиром» фотокўргазмаси ва «Жордже Энеску Францияда» номли фотокўргазма. 2026 йил май ойида «Jazzappella» вокал ансамбли Тошкентдаги Халқаро жаз фестивалида Румынияни тақдим этди. Румыния вакиллари «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалида ҳамда Марғилондаги «Атлас байрами» халқаро фестивалида иштирок этишди. Жорий йилда Ўзбекистон Румыниянинг оммабоп «Азия Экспресс – Ипак йўли» телекўрсатувининг тўққизинчи мавсумини суратга олиш жойларидан бирига айланганидан ҳам жуда мамнунман. Ўзбекистонда суратга олинган эпизодлар 2026 йил сентябрь ойида Румынияда эфирга узатилди ва Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарларини, унинг бой маданий меросини ва одамларнинг самимий меҳмондўстлигини намойиш этди. Икки томонлама маданий алмашинув Румынияда ҳам ривожланди: апрель ойида Констанца шаҳрида «Ўзбекистон миниатюраси: Анъана ва Замонавийлик» кўргазмаси бўлиб ўтди, сентябрь ойида эса Ўзбекистоннинг «Бухорча» вокал-рақс ансамбли артистлари Бухарестда миллий рақслар билан чиқиш қилишди.
Мен келажакка катта оптимизм билан қарайман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланиш шахсан мен учун юксак шараф бўлди. Ушбу мукофотни юксак ишонч ифодаси ва бундан кейинги сермаҳсул ҳамкорлик учун салмоқли рағбат сифатида баҳолайман. Ўзбекистон томонига сермаҳсул ҳамкорлик учун самимий миннатдорчилигимни ва чуқур эҳтиромимни билдираман!

