Руминия АЕС фаолиятини тўхтатиб қўйди

**Руминия атом электр стансияси фаолиятини тўхтатди**
Руминия Дунай дарёсида сув сатҳи рекорд даражада пасайгани сабабли мамлакатдаги ягона “Чернаводе” атом электр стансиясининг сўнгги ишлаётган энергия блокини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан хабар берди.
Стансиянинг иккита реактори Руминиянинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришининг қарийб 20 фоизини таъминлайди. Улардан бири июл ойининг охирида, иккинчиси эса 13-август куни Дунай дарёсидаги сув сатҳи сезиларли ва давом этаётган пасайиши туфайли тўхтатилди. Яқин ўн кун ичида унинг фаолиятини қайта тиклаш режалаштирилмаган.
Электр энергияси тақчиллиги фонида Руминия август ойи давомида энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Аҳоли ва компаниялардан электр энергияси истеъмолини тиғиз вақтларда камайтириш сўралган. Йўқотилган қувватларни қоплаш мақсадида ҳукумат 330 МВт қувватга эга қўнғир кўмир электр стансиясини ишга туширган. Шунингдек, шамол ва гидроелектр стансияларидан қўшимча энергия ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Аввалроқ расмийлар энергия тизимига тушадиган юкламани камайтириш учун Дасиа ва Форд автомобил заводлари 19-августгача фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. “Чернаводе” АЕСнинг тўхташи қўшни Молдова учун ҳам муаммолар туғдирмоқда. Молдова Руминиядан электр энергияси импорт қилади ва бу импорт унинг тақчиллигининг 60 фоизини қоплайди. Энди Кишинёв Украинадан импорт ҳажмини ошириши ёки Ғарб давлатларидан қимматроқ электр энергиясини сотиб олиши керак бўлади. Яна бир эҳтимолий вариант режали электр узилишларидир.
"Ўйлайманки, вазиятнинг ёмонлашишига, жумладан, электр энергиясидаги узилишларга тайёр туришимиз керак. Гарчи ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин бўлса-да", деди молдовалик энергетика мутахассиси Сержё Тофилат.
Инқирозга узоқ давом этган қурғоқчилик сабаб бўлган. Коперник Европа иқлим хизмати маълумотларига кўра, Дунайнинг деярли учдан икки қисмида июл ойида сув сарфи 34 йиллик кузатувлар тарихидаги энг паст даражага тушган. Сув сатҳининг пасайиши 2850 километр узунликдаги дарёда кема қатновини ҳам қийинлаштирган.
Аввалроқ Руминия АЕСга сув етказиш учун тўртта кемани чўктирган эди. Дунай дарёсида сув сатҳи пасайгач, қарийб 1700 йиллик Рим кўприги қолдиқлари кўринган. Шунингдек, Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари ҳам сув юзасига чиққан эди.

