Россиянинг Харкив ва Днипрога зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 14 киши жабрланди
16-октабр кечқурун Россия қўшинларининг Украинанинг Харкив ва Днипро шаҳарларига зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлди, камида 14 киши жабрланди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Днипрода тўрт киши яраланган, Харкивда эса 10 кишида ўткир стресс реаксияси кузатилган.

Россиянинг Харкив ва Днипрога уюштирган зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 14 киши жароҳат олди. ДВ хабарига кўра, Харкив мери Игор Терехов ва вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов шаҳарнинг икки туманига ракета зарбалари берилганини маълум қилган.
Синегубовнинг айтишича, бир зарба Слободской, яна учтаси Немишлянский туманига келиб тушган. Ҳужумдан сўнг ўткир стресс реаксияси кузатилганлар орасида 13 ёшли қиз ҳам бор.
Немишлянский туманида турар жой бинолари зарар кўрган. Тереховнинг дастлабки маълумотига кўра, юздан ортиқ дераза синиб кетган. Мер камида битта ҳужумда С8000 «Бандерол» ракетаси ишлатилганини ҳам билдирган.
Кечки зарбалар Харкивга шу кун давомида уюштирилган иккинчи ҳужумлар серияси бўлди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, эрталабки зарбаларда 71 ёшли аёл ва 58 ёшли эркак ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган. Ўн киши шифохонага ётқизилган, улардан иккисининг аҳволи оғир бўлган.
16-октабр кечқурун Днипро ҳам зарбага учради. Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа маълум қилишича, шаҳар атрофида ёнғин чиққан. Бир эркак ҳалок бўлган, яна тўрт киши яраланган.
Харкив аввалги кунларда ҳам ҳужумларга дуч келган эди. Маҳаллий ҳокимият 13-октабрга ўтар кечаси берилган зарбаларда уч киши ҳалок бўлгани ва 11 киши яраланганини хабар қилган. Ўшанда ракеталардан бири тўрт қаватли уйга тегиб, унинг бир подьездини бутунлай вайрон қилган. 11-октабрда шаҳар ва вилоятга уюштирилган ҳужумларда эса яна икки киши ҳалок бўлган.

