Россиянинг тўрт клуби 2027/28-йилги мавсум Еврокубокларда иштирок этиши мумкин

Россиянинг тўрт клуби 2027/28-йилги мавсумда Еврокубокларда қатнашиши мумкин
Агар УЕФА Россия клублари ва терма жамоаларига нисбатан жорий этилган чекловларни бекор қилса, мамлакатнинг тўрт клуби 2027/28-йилги мавсумда Еврокубокларда иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда УЕФА эълон қилган ҳужжатларда қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, 2026/2027-йилги мавсум Россия чемпиони Чемпионлар Лигасининг 1-саралаш босқичидан қатнашади. Мамлакат Кубоги ғолиби эса Европа Лигасининг 1-саралаш босқичида майдонга тушади.
Россия чемпионатида 2 ва 3-ўринларни эгаллаган клублар Конференсиялар Лигасининг 2-саралаш босқичидан мусобақага қўшилиши мумкин. УЕФА ҳужжатида бу ҳозирча дастлабки қадам экани, якуний қарор эса мавсум охиригача қабул қилиниши айтилган.
Маълумот учун, Россия терма жамоалари ва клублари 2022-йилдан бери халқаро мусобақаларда иштирок этмаяпти. 27-август куни УЕФА президенти Александер Чеферин Россия терма жамоалари ва клубларини мусобақаларга қайтариш масаласи Украинадаги можаро якунлангач кўриб чиқилиши мумкинлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА ва УЕФА 2022-йил феврал ойида Украинадаги воқеалар сабаб Россия терма жамоалари ҳамда клубларини халқаро мусобақалардан номаълум муддатга четлатганди.

