Россиянинг бир қанча ҳудудларида 2032-йилгача криптовалюта майнинг тақиқланди

Россиянинг айрим ҳудудларида 2032-йилгача криптовалюта майнингига чекловлар жорий этилди.
Россия ҳукумати 2026-йил 15-августдан 2032-йил 31-декабргача бўлган муддатда бир қатор ҳудудларда, жумладан, Москва шаҳри, Москва вилояти ва Курск вилоятининг айрим туманларида криптовалюта майнинги (шу жумладан, майнинг гуруҳларида иштирок этиш) билан шуғулланишни тақиқлади. Бу ҳақда “РБК” нашри хабар берди.
Бош вазир Михаил Мишустин томонидан имзоланган тегишли қарор ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди. Курск вилоятида ушбу тақиқ Беловский, Болшесолдацкий, Глушковский, Кореневский, Лговский, Рилский, Суджанский ва Хомутовский муниципал туманларида, шунингдек, Лгов шаҳрида кучга киради.
Апрел ойида Москва вилояти Энергетика вазирлиги ҳудудда майнингни тақиқлаш таклифини илгари сурган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, майнинг тахминан 1 ГВт қувватни истеъмол қилади. Москва вилояти энергетика вазири Сергей Воропанов бу ҳолат минтақа иқтисодиётига ҳеч қандай ижобий таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган эди.
Ушбу ўзгаришлар мамлакатнинг энергия танқислиги мавжуд бир қанча ҳудудларида майнингни тақиқловчи 2024-йилдаги 1869-сонли қарорга киритилди. Бу ҳудудлар қаторига Чеченистон, Доғистон, Ингушетия, Қорачой-Черкесия, Кабардино-Балкария, Россиянинг янги ҳудудлари ҳамда Иркуцк вилоятининг айрим ҳудудлари киради.
2024-йил октябр ойида президент Владимир Путин майнингни тартибга солувчи қонунни имзолаган эди. Қонунда, жумладан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар рақамли валютани қонуний майнинг қилиш учун Федерал солиқ хизматида рўйхатдан ўтиши шартлиги белгиланган. Ҳукуматга айрим ҳудудларда рақамли валюта майнингини тақиқлаш ҳамда чекловлар киритиш тартиби ва сабабларини белгилаш ваколати берилган.
21-июл куни Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда “Рақамли валюта ва рақамли ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу қонун Россияда криптовалюталар муомаласини тартибга солади.
Хусусан, унга кўра битимлар биржаларда амалга оширилади, активларни сақлаш ва ҳисобни юритиш учун эса рақамли депозитарийлар масъул бўлади. Қонун, шунингдек, бозорга янги иштирокчи — криптоалмаштиргичлар кириб келишини назарда тутади. Улардан расман рўйхатдан ўтиш ва капитал бўйича талабларга риоя қилиш талаб этилади. Куни кеча Россияда банклардан рекорд миқдорда нақд пул ечиб олингани ҳақида хабар берилганди.

