Дунё

Россиядан учиб кетиш арафасида япон журналисти жосуслик гумони билан ушланди

Россиянинг Сахалин вилоятида Япониянинг Ҳоккаидо Шимбун газетаси мухбири Имаи Юки жосуслик гумони билан ушланди. Россия ОАВ маълумотига кўра, у мамлакатдан учиб кетиш арафасида қўлга олиниб, Москвага олиб келинган. Суд журналистни камида икки ойга қамоққа олган.

Россиядан учиб кетиш арафасида япон журналисти жосуслик гумони билан қўлга олинди

ДВ хабарига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги 13-октабр куни журналист Федерал хавфсизлик хизмати — ФХХ томонидан ушланганини маълум қилган. Имаи Юки Россия ТИВ аккредитациясига эга бўлган.

«Интерфакс» ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таяниб, шу куни Москванинг Лефортово суди мухбирга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаганини хабар қилган. Унинг «Лефортово» тергов ҳибсхонасида сақланиши кутилмоқда.

ФХХ талқинига кўра, журналист Россия мудофаа қобилиятига алоқадор маълумотларни Япония разведкаси топшириғи асосида тўплаган ва сақлаган. Россия махсус хизмати бу маълумотлар мамлакат хавфсизлигига қарши фойдаланиш учун етказилиши кўзланганини даъво қилмоқда.

Хусусан, ФХХ Имаи Юки Курил оролларида Украинага қарши урушга сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилар сони ҳақида маълумот тўплаган деб ҳисобламоқда.

Россия ТИВ эса Токио Россиядаги хорижий журналист мақомига эга мухбири орқали хавфсизликка дахлдор маълумотларни олишга уринганини даъво қилган. Келтирилган хабарда Япония томони ёки журналист таҳририятининг ушбу гумонларга муносабати берилмаган.

«Интерфакс» маълумотига кўра, жосуслик моддаси бўйича айби исботланса, журналистга 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

«Осторожно, новости» Телеграм канали Имаи Юки камида 2014-йилдан буён Россияга келиб тургани ва Санкт-Петербург давлат университетида ўқиганини ёзган. Унинг ўша даврдаги ижтимоий тармоқ саҳифаларида Россия театрлари, музейлари ва консерваторияларидан олинган суратлар бўлган.

Мухбир Ҳоккаидо Шимбун учун Хабаровскда Япония устидан ғалаба ва Иккинчи жаҳон уруши тугашига бағишланган ёдгорлик очилиши, Давлат думаси сайловлари ҳамда Россия ва Шимолий Корея муносабатлари ҳақида материаллар тайёрлаган.

Канал маълумотига кўра, унинг сўнгги мақоласи 5-октабр куни чоп этилган. Южно-Сахалинскдан тайёрланган ушбу репортажда минтақадаги Шимолий Корея фуқаролари ҳақида сўз борган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.