Россияда теракт режалаштирган ва Сурияга кетишга уринган сурхондарёлик 4 нафар йигит қамалди

Россияда теракт содир этишни режалаштирган ва Сурияга боришга уринган сурхондарёлик тўрт нафар йигит қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2003-йилда туғилган Сариосиё тумани фуқароси 2023-йилда ишлаш мақсадида Россиянинг Махачқалъа шаҳрига боради. У ерда у "Муҳаммад" лақабли маҳалладоши билан ижтимоий тармоқлар орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи видеоларни томоша қилиб, яширин гуруҳ тузади. Кейинчалик улар ўз сафига 2005-йилда туғилган яна бир йигитни жалб қилиб, Сурияга кетишни режалаштиришади. Бунинг учун улардан бири оила аъзоларининг пулини рухсациз олиб чиқади.
Улар Москва—Истанбул йўналиши бўйича Туркияга, у ердан эса Сурияга ўтишни режалаштирган. Бироқ Москвага етиб боргач, улар ўртасида келишмовчилик юзага келиб, икки нафари ортга қайтади. "Муҳаммад" эса Қозон шаҳрида қотиллик содир этиб, Россия қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Гуруҳнинг 2005-йилда туғилган аъзоси Ўзбекистонга депортация қилиниб, суд ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Шунга қарамай, гуруҳ ўз фаолиятини тўхтатмаган. 1999 ва 2001-йилларда туғилган яна икки нафар сариосиёлик уларга қўшилиб, террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилган ҳамда Махачқалъада ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши жиноий ҳаракатлар амалга оширишни режалаштирган. Шунингдек, улар Сариосиёда яшовчи, 2004-йилда туғилган фуқарони ҳам ўз сафларига қўшиб олган.
Тергов жараёнида уларнинг жиноятлари ўз исботини топди. Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди ҳукмига кўра, ушбу тўрт нафар шахс Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Фаластинга эҳсон ниқоби остида террорчиларни молиялаштирган 8 кишига ҳукм ўқилганди. Улар Сурияда фаолият юритувчи "Ғуроба катибаси" террористик ташкилоти билан боғлиқ шахснинг ҳисоб рақамларига пул маблағлари ўтказиб берган.

