Россияда тадбиркорлар Украина урушини молиялаштириш учун қарийб 4,5 млрд доллар ажратди

Россиялик тадбиркорлар Украина урушини молиялаштириш мақсадида қарийб 4,5 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратдилар.
Россия президенти Владимир Путин йирик бизнес вакилларини Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат бюджетига "ихтиёрий бадаллар" ўтказишга чақирганидан сўнг, федерал бюджетга юзлаб миллиард рубл келиб тушди. Деуцче Велле нашрининг "Электрон бюджет" маълумотларига таяниб хабар беришича, август ўрталарига келиб бу маблағлар 383,69 миллиард рублга (4,5 миллиард доллардан ортиқ) етган.
Қайд этилишича, 2026-йилнинг дастлабки етти ярим ойидаги бу кўрсаткич 2025-йил давомидаги жами тушум ҳажмидан (251,3 миллиард рубл) 1,5 баравар ошиб кетган. Март ойида Путин бизнес вакиллари билан ёпиқ учрашув ўтказган. Тҳе Белл нашрининг ёзишича, учрашувда Путин тадбиркорларга бюджетга ёрдам беришни таклиф қилган.
Учрашувгача нодавлат ташкилотлардан бюджетга атиги 15,6 миллиард рубл тушган эди. Апрел ойининг ўзидаёқ "хайриялар" ҳажми ўн бараварга ошиб, 159,7 миллиард рублга етган. Май ойида бу кўрсаткич яна 45,5 фоизга (232,3 миллиардгача), июнда 27 фоизга (294,4 миллиардгача), июл ва августнинг биринчи ярмида эса яна 30 фоизга ўсган.
Маълум бўлишича, Путин Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи қурултойи доирасида нутқ сўзлаган. У "Биз уришамиз деб айтдик" ва "Донбасс чегараларигача борамиз" деган мазмунда гапирган. Манбаларга кўра, "мамлакат учун қийин бўлган ушбу даврда йирик бизнеслардан бадал олиш ғояси "Роснефт" раҳбари Игор Сечиндан чиққан.
Икки манбага кўра, тадбиркор Сулаймон Каримов учрашувнинг ўзидаёқ тўғридан-тўғри 100 миллиард рубл ўтказишга ваъда берган. Яна камида бир нафар тадбиркор аниқ суммани айтмаган ҳолда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Айни пайтда, Украина томонидан қилинаётган ҳужумлар ҳам давом этмоқда. Хусусан, мамлакат 18-август куни Москва шаҳри ва вилоятига 600 дан ортиқ дрон учирди.

