Россияда сентабр ойида бешинчи нефт заводи ишини тўхтатди
«Газпромнефт»га қарашли Москва нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумидан кейин юзага келган ёнғинлар сабаб ишини вақтинча тўхтатди. Реутерс манбаларига кўра, нефтни дастлабки қайта ишлашга мўлжалланган иккала қурилмани таъмирлаш бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Россияда сентабр ойида яна бир нефт заводи фаолиятини тўхтатди
Москва нефтни қайта ишлаш заводи 20-сентабр куни дронлар ҳужумидан сўнг вақтинча ишини тўхтатди.
Агентлик хабарига кўра, Украина дронлари ҳужуми натижасида заводдаги нефтни дастлабки қайта ишлашга мўлжалланган иккала қурилмада ҳам ёнғин юзага келган.
Манбаларнинг билдиришича, шикастланган ускуналарни таъмирлаш бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Москва мери Сергей Собянин 20-сентабр куни пойтахтга дронлар ёрдамида кенг кўламли ҳужум уюштирилганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, бир нечта учувчисиз аппарат Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига кириб борган.
Заводдаги АВТ-6 дастлабки қайта ишлаш блоки бир суткада 21,4 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Бу корхонанинг умумий қувватининг 53 фоизини ташкил этади.
ЭУРО+ мажмуавий қурилмаси эса суткасига 18,8 минг тонна хомашёни қайта ишлайди ва завод қувватининг қолган 47 фоизини таъминлайди.
Реутерс ёзишича, 21-сентабрдан бошлаб Москва НҚЗда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларининг улгуржи партиялари Санкт-Петербург халқаро товар-хомашё биржасида савдога қўйилмаган.
Москва нефтни қайта ишлаш заводи илгари ҳам дронлар ҳужумига учраган. 18-июнга ўтар кечаси корхонага зарба берилгач, унинг фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган эди.
Бундан олдин пойтахт минтақасини ёнилғи билан таъминловчи «Ярославнефтеоргсинтез» ва Рязан нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, Сизран ҳамда Саратов НҚЗ ишини тўхтатган эди.

