Россияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» бўлиб ўтди
Россияда 4–5-октябр кунлари ўтказилган тадбирлар маданий мулоқот, қўшма келишувлар ва катта консерт дастурини бирлаштирди

Россияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» ўтказилди
2026-йил 4–5-октябр кунлари Россия Федерациясида навбатдаги «Ўзбекистон маданияти кунлари» ташкил этилди. Бу сафарги тадбирлар маданий-гуманитар алоқалар доирасидаги мулоқотлар, расмий учрашувлар ҳамда санъат намуналари намойишини ўз ичига олди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар ва турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошлар билан очиқ суҳбат ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов ҳам қатнашди.
Маданият кунлари доирасида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият масалалари бўйича кичик қўмитасининг олтинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Йиғилиш доирасида Озодбек Назарбеков раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Россия маданият вазири Олга Любимова бощилигидаги делегация билан учрашди. Унда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ижодий жамоалар алмашинувини кенгайтириш ва икки халқнинг маданий меросини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунида Ўзбекистон хореография академияси ректори Шухрат Тохтасимов, Ўзбекистон рақс санъати ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Чарос Джурабаева ва Москва хореография академияси ректори Светлана Захарова ўртасида меморандум имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия маданият вазирлари томонидан Маданият масалалари бўйича кичик қўмитанинг олтинчи йиғилиши баённомаси ҳам имзоланди.
Маданият кунларининг асосий тадбирларидан бири Москва шаҳридаги Давлат Кремл саройида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистон шуъласи» тантанали консерти бўлди.
Дастурда миллий мусиқа, мақом, опера, эстрада ва хореография намуналари, шунингдек, ўзбек ва рус халқларининг мусиқий меросини уйғунлаштирган асарлар ижро этилди. Саҳнада Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, Мукаррама Тўрғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабалари ва таниқли санъаткорлар иштирок этди.

