Россияда ўлат гумони: Трамп Путинга қўнғироқ қилмоқчи, ЖССТ изоҳ сўрамоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп Иркуцкдаги лаборатория ходимининг ўлими ва ўлат ҳақидаги хабарлар фонида Владимир Путин билан телефон суҳбати режалаштирилганини билдирди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Россиядан қўшимча маълумот сўраган. Россия расмийлари эса ҳудудда ўлат ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилмоқда.

Россияда ўлат гумони: Трамп Путинга қўнғироқ қилмоқчи, ЖССТ изоҳ сўрамоқда
Трамп 6-октабр куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, яқин кунларда Путин билан суҳбатлашишини айтди. Ундан Иркуцкдаги ҳолатни Россия президенти билан муҳокама қилган-қилмагани сўралганда, телефон мулоқоти режалаштирилганини маълум қилди.
Воқеа Иркуцк ўлатга қарши илмий-тадқиқот институтининг 28 ёшли лаборанти Даря Шипилованинг ўлими билан боғлиқ. У 2-октабрга ўтар кечаси Иркуцк вилоятидаги Шелехов туман касалхонасида вафот этган.
Роспотребнадзор марҳумада сабаби аниқланмаган пневмония — ўпка яллиғланиши ташхиси қўйилганини билдирган. Унинг ўлатдан вафот этгани расман тасдиқланмаган.
ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебреесус 7-октабрга ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида ташкилот Россия соғлиқни сақлаш идоралари билан алоқада экани ва техник ёрдам таклиф қилганини маълум қилди.
Унинг ёзишича, Россия томони ЖССТ сўровига жавобан сўнгги вақтларда Иркуцк вилоятида бирорта ҳам ўлат ҳолати қайд этилмаганини билдирган.
Россия идоралари эпидемиологик суриштирув ўтказилгани, профилактика ва назорат чоралари кўрилгани ҳақида ҳам ахборот берган. Марҳума билан мулоқотда бўлгани аниқланган шахслар тиббий кузатувга олиниб, текширувдан ўтказилган.
Гебреесуснинг сўзларига кўра, Россия томони ушбу шахсларда юқори хавфли инфексия қўзғатувчилари аниқланмаганини ва уларнинг барчаси устидан тиббий кузатув якунланганини маълум қилган.
Шу билан бирга, ЖССТ оғир пневмониянинг сабабини ва санитария чораларини кўришга асос бўлган қўзғатувчини аниқлаш учун қўшимча маълумот сўраган. Ташкилот яна бир ходимда сабаби номаълум пневмония аниқлангани ҳақидаги ОАВ хабарларини ҳам текширишни истамоқда.
Аввалроқ, 5-октабрда Трамп АҚШ Россиядаги вазиятни диққат билан кузатаётгани ва зарурат туғилса, ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.
Ўлат ҳақидаги гумонлар маҳаллий расмийларнинг баёнотларидан кейин ҳам тарқалган. Қўшни Бурятия раҳбари Алексей Сиденов дастлаб Шипилованинг ўлимига ўлат сабаб бўлганини ёзган, кейин эса хабарини таҳрирлаб, «эҳтимол» сўзини қўшган.
Иркуцк вилояти губернатори Игор Кобзев «ўта хавфли инфексия»га гумон борлигини билдирган, бироқ аниқ ташхисни айтмаган.

