Лайфстайл

Россияда муҳожир бўлган, рекламаларда суратга тушмайдиган ва бир соатда 5 минг доллар топадиган Жалолиддин Аҳмадалиев 34 ёшда (фото, видео)

Россияда муҳожир бўлган, рекламаларда суратга тушмайдиган ва бир соатда 5 минг доллар топадиган Жалолиддин Аҳмадалиев 34 ёшда (фото, видео)

“Етмасмиди”, “Эҳ, жўралар”, “Соғиндим”, “Ёр биздан кетди” каби қўшиқлари билан томошабинлар эътиборига тушган хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев 12-сентябр куни 34 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан болаликдан ишлаб пул топган, 18 ёшида Россияда муҳожир бўлган, Ғиждувонда бир муддат косиб, сантехник бўлиб ишлаган хонанданинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ёритамиз.

“Кичиклигимиздан ота-онамга оғирлигим тушмасин, дердик”

— Жуда ёшлигимиздан меҳнат қилишни бошлаганмиз. Яъни мактабда ўқиган йилларда ишлаб, пул топганмиз. Мевани чет элга экспорт қилганда солинадиган қутиларнинг материали ишлаб чиқариладиган заводлар бўларди. Шунақа заводларда ишлаганман. Оиламиз у қадар йўқсил оила бўлмаган. Шундай бўлса ҳам ота-онамга оғирлигим тушмасин, дейдиган бола бўлганмиз, дейди у.

“18 ёшимда Россияга кетганман”

— Маҳалламиздаги 18-мактабда ўқиганман. Тўққизинчи синфни тугатиб, коллежга кирганман. Аммо коллежда ўқимасдан, Россияга ишлашга кетдим. Шароит сабаб кетишга мажбур бўлганмиз. Россияда 3 йил ишлаганман, яъни 18 ёшимда кетиб, 21 ёшимда қайтиб келганман. У ерда акамлар билан “мойка”да, қурилишларда ишлаганмиз. Бизнинг юртдаги қийинчилик қийинчилик эмас, ҳамма қийинчилик мусофир юртларда бўлади. Россияда акамлар билан совуқ кунларда қийналиб қолган кунларимиз кўп бўлган. Москвада ишлаганмиз. Россияга кетишимизнинг асосий сабаби бу ерда қўлимизда ҳунаримиз бўлмагани учун кетганмиз, дейди Жалолиддин Аҳмадалиев.

“Ғиждувонда косиб, Фарғонада сантехник бўлиб ишлаганман”

— Ўзбекистонга келиб, Қўқонда яна “мойка”да ишлаганмиз. Кейин косиб ўртоғимга шогирд тушиб, косибчилик қилганмиз. Бухорода, Ғиждувонда хусусий тадбиркорнинг уйида оёқ кийим чиқарардик. Ғиждувоннинг Бобур кўчасида кўп вақт ишлаганмиз. Косибчиликда елим билан ишлардик: ҳиди жуда ёмон эди, жуда-жуда ёмон. Елим ҳиди ошқозонимни қийнаб қўйган. Тушликка чиққанимда ошқозонимга овқат кирсин, йиқилиб қолмай, деб мажбуран овқатланардим. Чунки елим ҳиди иштаҳани йўқотар экан. Ошқозоним оғрийверганидан сўнг сантехник бўлишга қарор қилдим. Маҳалламизда бир акамизга шогирд тушиб, бу касбни ҳам ўрганганман. Тошкентда Чорвоқда ҳам сантехник бўлиб ишладим. Яқин олти ойгача шу касб билан шуғулланганман. Қаерда ишлашимдан қатъий назар, қўшиқ куйлашни, шеърни куйга солиш хаёли билан юрганман, дейди хонанда.

“Амаким ҳам санъаткор бўлган”

— Авлодимиздан аввал ҳам санъаткор чиққан. Дадамнинг акаси, амаким Равшанжон Ғофуров 80—90-йилларда ўзимизнинг Фарғонада ҳофиз бўлганлар. Тўйларда марҳум устозимиз Шерали Жўраевнинг, қолаверса, ўзларининг қўшиқларини айтиб, тўйларда юришган.

“Ёшлигимдан фойдаланишган”

— Биринчи студияда ёзган қўшиғимни анча аввал 50 долларга сотиб олганман. Қўшиқ номи “Хумор кўзларинг” деб номланган. Қўшиқни сотиб олганимдан сўнг, унинг ҳақиқий эгасини топиб олганман. Ўзи у қўшиқ муаллифи бошқа одам экан, ёшлигимдан фойдаланиб, бу қўшиқни менга ҳам сотишган экан. У қўшиғимни чиқармаганман, дейди Жалолиддин Аҳмадалиев.

“Танилишимдан олдинги кунларни ҳар доим эслайман”

— Машҳурликка эришишдан олдинги кунларимни тез-тез эслаб тураман. Ҳаттоки ўша пайтдаги иш қуролларимни ҳозиргача уйимда сақлаб қўйганман. Косиблик қилган пайтларимда отамга тикиб берган оёқ кийимни эса ҳамон машинамда ўзим билан олиб юраман. Бундан мақсад — ўтган кунларни асло унутмаслик, дейди у.

“Қўшиқларимни турклар, эронликлар сотиб олмоқчи бўлган”

— “Ёр биздан кетди” қўшиғи машҳур бўлгандан сўнг Туркия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон ва Қозоғистондан ушбу қўшиққа харидорлар чиқди. “Эҳ, жўралар” деган қўшиғимизни ҳам сотиб олишмоқчи бўлишди. У вақтда ҳали бу қўшиқларга видеоклип суратга олмагандик, “клипдан сўнг куйлашингизга рухсат берамиз”, дедик. Агар ўша вақтда қўшиқларимизни уларга сотиб юборганимизда, ҳамма мени улардан ўғирлаган, деб ўйларди, дейди хонанда.

Биринчи тўйи, биринчи гонорари ҳақида

— Биринчи тўйимиз ўзимизда, Қўқонда бўлган. Унда овоз кучайтиргичга уланадиган гитарам бўлмаган, оддий гитара эди. У гитарага қўлбола қилиб, микрофон уланадиган қилганман. Аммо тўйга олиб борганимда гитарани овоз кучайтиргичга улаб бўлмаган. Ўшанда биринчи маротаба электрогитарада, ноталарда адашиб, бир амаллаб қўшиқ айтганман. Биринчи олган пулим 300 минг сўм бўлган. У пул ҳам қистир-қистирдан тушган. Тўйдан яхши пул топса бўларкан-ку, дегандим. Кейинги тўйимиз Марғилонда бўлган. Унда ҳам ўзим гитара чалиб, қўшиқ айтганман. Ундан сўнг тўйларимиз кўпайиб кетди. Бир кунда еттита бирровга кирган вақтларимиз бўлади, дейди санъаткор.

“Оёққа болта урадиганлар кўп бўларкан”

Фото: Инстаграм

— Ҳозирдан баъзи бир тўсиқларга кучим етмай қоляпти. Энди чиқиб келаётган санъаткорман. Нимаки бўлса, Аллоҳ куч-қувват берди, шу билан ҳаракат қиляпман. Оёққа болта урадиганлар кўп бўлар экан. Бундай ҳолатларни ҳаётимда энди кўряпман. Шу вақтгача бундай одамларни кўрмаган эдим. Шундай вақтлар бўлдики, ўша сантехник вақтимга қайтиб қолгим келди. Мендан фойдаланаётган одамлар кўп. Билиб туриб кўп нарсага кўз юмдим. Камтарлигим, соддалигим ўзимга қарши ишлаётган вақтлар бўлди. Сантехник бўлиб ишлаганимда бўйимиздан баланд чуқурларни ковлашга ҳам мажбур бўлганмиз. Ўша вақтларда санъаткорларга ҳавас қилиб, хонандалар тоза, озода юради, уларга маза деб ўйлардим. Ношукрлик қилмоқчимасман, аммо хонандаликнинг масъулияти оғир. Ўша қийналиб сантехниклик қилиб юрган вақтимда автобусда юриб бўлса ҳам оиламга вақт топа олардим. Ҳозир ўзимнинг шахсий машинам бор, аммо оиламга, ота-онамга вақт топа олмайман, дейди у.

Хонанда ўзига кимларни рақобатчи деб билади?

Жалолиддин Аҳмадалиев қайси хонандалар билан бир даврда ижодни бошлагани ва улар билан рақобатда бўлганини айтди:

— Хонанда Муҳаммад Зиё, Достон Эргашев ва Ҳамдам Собировлар билан бир даврда машҳур бўлдик. Тўрталамиз қўшиқнинг йўналиши жиҳатидан ёки овоз томонлама эмас, тренд қилишда бир-биримизга рақобатчи эдик. Охирги вақтларда, яъни бир ярим йилдан бери ҳаммамизда ҳам ҳаракат бор-у, лекин иштиёқ қолмаганми, сокинлашиб қолдик. Лекин аввал бир-биримизнинг қўшиқларимиз нечта “просмотр” бўлганини кузатиб, бир-биримиздан ўзиб кетишга ҳаракат қилардик, дейди у.

“Уй, машина ваъда қилган ҳомийларга рад жавобини бердим, чунки…”

Фото: Инстаграм

— Ўндан ортиқ инсонлар ҳомий бўлиш нияти билан чиқган. Бошидан ҳомий билан ишлаш ниятим бўлмаган. Кейин дадам ҳам “Ўғлим, қўявер, шарт эмас, хоҳлаган вақтингда хоҳлаган жойингга бора олмайсан. Қариндошингнинг тўйига ҳам улар рухсат берсагина боришингга тўғри келади”, деганлар. Бир ҳомий билан акам гаплашган. Акам уларга “Сиз билан ишласак, бизга нима қилиб бера оласиз”, деб савол берганлар. “Қўшиқларини студияда ёздираман”, деган, акам “Бу ишни ўзимиз ҳам қиляпмиз”, деганлар. “Клипларини суратга олдираман”, деган, “Буни ҳам ўзимиз қиляпмиз”, дейишган, “Уй олиб бераман”, дейишган, “Уйимиз ҳам бор”, деганлар акам. Хуллас, ҳомий билан ишлашни рад қилганмиз, хафа бўлишмасин, ўзимиз қийналиб чиқишни маъқул кўрганмиз, дейди санъаткор.

“Фонограмма айцам, дадам уришади”

Фото: Инстаграм

— Баъзи бир жойларда келиб, оғиз қимирлатиб, кўриниб кецангиз ҳам бўлади, дейишади. Энди тўйда бирров кўриниб кетганимизга пул оламизми? Меҳнат қилиб, пулимизни ҳалоллаб олишимиз керак, деб ўйлайман. Фонограмма айтадиганларни пули ҳаром демоқчи эмасман, улар ҳам меҳнат қилади, қўшиқ ёзади, уни реклама қилади. Лекин мен жонли айтиш йўлини танлаганман. Кейин фонограмма айцам, дадам ҳам уришадилар. “Томоғинг йўқ бўлиб қолса ҳам жонли айт”, дейдилар.

“Қўшиқларимдаги дард мени ҳам йиғлатади”

— Ҳаммаси бўлмаса-да, учта қўшиғимнинг шеърини ўқиганимда кўзимга ёш келган. Қолганлари ҳам кишини чуқур таъсирлантиради. Агар қўшиқ шеърлари юрагингизга етиб борса, ундан ажойиб ижод намунаси чиқади. Мен шоирларнинг таниқлилигига эмас, қўшиқ сўзларига, яъни шеърнинг мазмунига кўпроқ аҳамият бераман. Бироқ барибир қайси таронангиз ҳит бўлишини олдиндан билиб бўлмайди. Бунга яна бир сабаб — ҳозирда сунъий интеллект пайдо бўлди. Унинг ёрдамида ҳам ҳайратланарли даражада яхши ашулалар тайёрланяпти. Ундаги овоз диапазон ҳам, мусиқий сайқали ҳам жуда мукаммал чиқяпти. Лекин барибир уларни тўйга чақириб бўлмайди. Жонли ижро учун барибир бизга мурожаат қилишади, дейди хонанда.

“Нархим муомаласига яраша”

Жалолиддин Аҳмадалиев Тошкентдаги тўйларда бирров хизмат қилиш 5 минг, вилоятлардаги тўйлар учун 7—8 минг доллар эканини маълум қилган.

Фото: Инстаграм

— Тошкентдаги тўйларда хизмат қилишимиз нархи 5 минг доллар этиб белгиланган. Ҳозир сизга ҳаммасини нолдан исботи билан айтиб бераман. Битта “Етмасмиди?”, деган қўшиғим бор. Шунинг аранжировкасини турклар қилиб берган. Бу қўшиқ жуда катта пулга тушган. Қўшиқнинг ўзига жуда кўп пул кетган. Клипига Йигитали Мамажонов ва Айсанем Юсупова тушиб берган. Улар ҳам бепул ишламайди. 11 та созандам бор, ўзим билан 12 кишимиз. 5 минг долларнинг ичида шунча одамнинг ризқи бор. Кейин мен жонли айтаман, Тошкентдаги тўйларда жонли куйлайдиган санъаткорлар бармоқ билан санарли даражада кам. Лекин бир нарсани айтиб ўтишим керак. Биз ҳаммага бунақа нарх қўймаймиз.

Одамлар телефон қилади-да “Анувни анақасимисан?”, дейди ёрдамчимга. Кимни анақаси? Кимни нимаси? Ҳеч бўлмаса “Анувни администраторимисан ёки Жалолиддиннинг анақасимисан?”, деса ҳам сал тушунса бўлади. Бунақа муомала қилган одамга администратор ҳам “Ҳа, ўшани анақасиман”, деб жавоб беради ва 5 ёки 6 минг доллар нарх айтади. Энди нархни ўзининг муомаласига яраша айтади. Лекин ўзи аслида хизмат ҳақимиз 5 минг доллар эмас. Масалан, Тошкентда бир кунда 2-3 та тўй бўлиб қолса, жуда арзон нархга кириб кетамиз, дейди хонанда.

“Пойтахтга келиш ниятим йўқ”

Жалолиддин Аҳмадалиев нима сабабдан Тошкентга кўчиб келиб, шу ерда ижод қилмаслиги ҳақида гапирди.

— Тошкентда уйим йўқ. Тошкентга кўчиб келиш ниятим ҳам йўқ, чунки мен ота-онамни ташлаб кета олмайман. Ота-онам эса Тошкентда яшагиси келмайди, дейди у.

“Рекламалар олмайман, чунки...”

— Рекламага чақиришса, атайлаб катта пул айтаман. Менга кўпроқ қурилиш компаниялари уй рекламалари бўйича алоқага чиқишади. Бир марта шундай уй рекламасида қатнашганман, шундан кейин бошқа реклама олмасликка қарор қилдим. Ҳозир чақиришса ҳам, рад жавобини бериш учун катта нарх айтаман. Чунки эртага ўша уйнинг кадастри чиқмай қолса ёки гази келмай қолса, мен айбдор бўлиб қолишим мумкин. Қандайдир муаммо чиқса, юзим таниқли бўлгани учун одамлар “сенга ишониб олгандик”, дейишса, у топган пулларим менга татимайди. Агар ҳақиқатан ҳам халққа фойдали реклама бўлса, текинга ҳам қилиб беравераман, — дейди Жалолиддин Аҳмадалиев.

“Шоу-бизнесга чуқур аралашмаганимга шукр”

— Шоу-бизнес ўйлаганимиздан кўра бошқача экан. Биз ҳаммани ўзимизга ўхшатар эканмиз. Шоу-бизнесда кўп ишлар бўлишини билмас эканмиз. Майли, ким нима ғирромлик қилса, ўзининг бўйнига. Муҳими, биз ўпкамизни босиб, тинч юрибмиз. Шоу-бизнесга жуда аралашиб кетмаганимизга шукр. Мен ўзи пиаръчи эмасман. Ҳаётим давомида умуман пиар қилмаганман. Консертим арафасида реклама учун ҳазил гапиришим мумкин, аммо бу ҳазилдан бошқа нарса бўлмайди. Лекин кўпинча ҳаётим ўзидан ўзи пиар бўлиб кетиб қолади, дейди хонанда.

“Ҳаловат олий неъмат экан”

— Ҳаловат Аллоҳ томонидан берилган энг олий неъматлардан бири экан. Энг зарур ва олий неъмат шу экан ўзи. Беҳаловат бўлсангиз, топаётган пулингиз ҳам, мухлисларнинг олқиши ҳам, қураётган иморатингиз, миниб юрган машиналарингиз ҳам кўзингизга кўринмайди.

“Мени тинч қўйинглар, чўққида нима борлигини кўрмоқчиман”

— Ҳаётим давомида ҳали суд залига кирган одам эмасдим. Илоҳим, бундан кейин ҳам Худо кўрсатмасин. Санъатга кирганимдан кейин мана шунақа ишлар бошланди. Бировнинг шеърини сўрамасдан қўшиқ қилиб айтганим учун суҳбатлар, жарималар тўлашлар бошланди. Иш фақат жарималарнинг ўзи билан тугамайди-да. Суд залига кирсангиз, ҳалигилар “сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз”, дейди.

Ўша пайтларда мана шу каби ишлар бўлган. Ким бўлса ҳам “мана шу тўрт қатор шеъримни айтибсан, бир қаторини куйлабсан”, деб муаллифлик ҳуқуқи бўйича судга бераверган. Охири жонимдан ўтиб кетган. Ўшанда ижтимоий тармоқдаги саҳифамга “мен ҳам яшай, қўйинглар энди. Тепада нима борлигини билмоқчиман, холос. Ўзим сизларга нималарни кўрганимни айтиб бераман”, деб пост қўйганман, дейди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.