Россияда ҳарбийларга мўлжалланган маркетплейс ишга тушади

Россияда ҳарбийлар учун мўлжалланган янги онлайн савдо майдончаси – “Roy.Market” ишга туширилмоқда. Бу хизмат аввал икки мақсадли маҳсулотларни таклиф этган бўлса, энди у тўлиқ маркетплейс форматида фаолият юритади. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри маълум қилди.
“Roy.Market” бошқаруви раиси Андрей Безруковнинг сўзларига кўра, платформа шу кунгача синов режимида ишлаган. Эндиликда у Вилдберриес ва Озон каби йирик маркетплейслар билан ҳамкорлик қилаётган сотувчиларни ҳам ўзига жалб этишни бошлайди.
“Roy.Market”ни яратувчилар 2027-йилга қадар маҳсулотлар каталогини 10 мингдан ортиқроққа кенгайтиришни режалаштирган. Ушбу каталогда дронлар учун эҳтиёт қисмлардан ташқари, шахсий ҳимоя воситалари, электроника ва ҳарбий дала формаси каби маҳсулотлар ҳам сотувга қўйилиши кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, июл ойининг ўрталаридан бошлаб Украина Россиядаги энг йирик маркетплейслардан бири бўлган Вилдберриес омборларига ҳужумлар уюштириб келмоқда. Киев бу омборларни “қонуний ҳарбий нишонлар” деб атаган, чунки уларда дронлар учун қисмлар, ҳарбий кийимлар ва урушга мўлжалланган бошқа товарлар ҳам сотилган.

