Россияда дронлардан ўзини ҳимоя қилмаган корхоналар давлат бошқарувига олинади
Россия президенти Владимир Путин, агар ҳукумат муҳим обьектлар дронлар ҳужумидан етарли даражада ҳимояланмаяпти, деб топса, компаниялар мулкига нисбатан вақтинчалик давлат бошқарувини жорий этишга рухсат берди.

Россияда дрон ҳужумларидан ҳимояланмаган корхоналар давлат бошқарувига ўтказилади. Президент Путин 24-август куни "Россия Федерациясининг муҳим инфратузилма обьектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 604-сонли фармонни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинганидан сўнг кучга кирди.
Вақтинчалик бошқарувни жорий этишга қуйидагилар асос бўлиши мумкин: хавфсизлик чораларини кўрмаслик ёки ўз вақтида кўрмаслик, белгиланган талабларни бузиш, обьектнинг нормал ишлашига таҳдид солиш ёки шикастлангандан сўнг уни тиклашни кечиктириш. Фармонда, шунингдек, дрон ҳужумларининг олдини олишга қаратилган "чора-тадбирларни амалга ошириш самарасизлиги" алоҳида таъкидланган.
Ҳукумат вақтинчалик бошқарувга компаниянинг барча ёки бир қисм кўчар ва кўчмас мулкини, унга тегишли қимматли қоғозлар ва Россия юридик шахсларидаги улушларни, шунингдек, мулкий ҳуқуқларни ўтказиши мумкин. Бу қарор ҳукумат томонидан Путиннинг топшириғига биноан қабул қилинади.
"Росимущество" вақтинчалик бошқарувчи этиб тайинланади, бироқ ҳукумат бошқа ташкилотни ҳам белгилаши мумкин. Бошқарувчи топширилган мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқидан ташқари, мулкдорнинг барча ваколатларини ўз зиммасига олади. Вақтинчалик бошқарув муддати фармонда чекланмаган; уни ҳам президент топшириғига кўра ҳукумат бекор қилиши мумкин.
Фармонда "муҳим инфратузилма обьектлари" сирасига ёқилғи-энергетика мажмуаси ва саноат корхоналари, алоқа, коммунал, транспорт ва логистика инфратузилмаси, энергетика, шу жумладан атом энергетикаси ҳамда ҳаётий таъминот обьектлари киритилган. Рўйхат очиқ қолмоқда: бу механизм ҳукумат Россия хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлиги ёки аҳоли ҳаёти учун "ўта муҳим аҳамиятга эга" деб ҳисоблайдиган бошқа обьектларга ҳам қўлланилиши мумкин.
Ушбу фармон Украина томонидан Россиянинг саноат ва логистика инфратузилмасига қилинаётган ҳужумлар сони кескин ортиши фонида қабул қилинди. 2024-йил бошидан нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚИЗ) Украина дронларининг доимий нишонига айланган, 2025-йилда эса зарбалар шиддати янада ошган. 2026-йилда Украина кампания кўламини сезиларли даражада кенгайтирди: биринчи ярим йилликнинг ўзида Украина дронлари заводларга камида 194 марта муваффақиятли ҳужум қилган, бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 11 баробар кўпдир. Ҳужумлардан сўнг айрим НҚИЗ узоқ вақт давомида нефтни қайта ишлашни қисқартирди ёки бутунлай тўхтатди, баъзи заводлар эса ҳафталаб нормал иш фаолиятига қайта олмади.

