Россияда бир қўли ёки оёғи йўқ одамларга автобус ҳайдашга рухсат берилди

Россияда бир қўли ёки оёғи йўқ шахсларга автобус ҳайдашга рухсат берилди. Россия ҳукумати автобус, трамвай, троллейбус ва юк машиналарини бошқариш учун белгиланган тиббий чекловларни юмшатди.
Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан имзоланган ва 21-август куни ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган тегишли ўзгартишда айтилади.
Аввалги тартибга кўра, қўл ёки оёқ, шунингдек, панжа ёки оёқ кафтининг йўқлиги, уларнинг ҳаракатни жиддий қийинлаштирадиган даражада деформациялангани С, СЕ, Д, ДЕ тоифаларидаги транспорт воситалари, шунингдек, трамвай ва троллейбусларни бошқариш учун тиббий чеклов ҳисобланган.
Янги тартибда бу бандлар рўйхатдан чиқарилган. Эндиликда иккала қўл ёки иккала панжанинг йўқлиги, ёхуд қўл панжалари ҳаракатини жиддий қийинлаштирадиган деформация мазкур транспорт воситаларини бошқаришга тўсқинлик қилувчи ҳолат сифатида сақланиб қолган.
Ушбу ўзгариш Россиянинг Украинадаги уруш иштирокчиларини иш билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинаётган бир пайтда қабул қилинди.
10-август куни Бурятия Республикаси раҳбари Алексей Сиденов Владимир Путиндан урушда қўл ёки оёғидан жароҳатланган ҳарбийларга автобус ва юк машиналари ҳайдовчиси бўлиб ишлаш имконини беришни сўраган эди. Унинг айтишича, замонавий реабилитация воситалари ва транспорт бошқарувини автоматлаштириш технологиялари айрим жароҳатларга қарамай ҳайдовчилик қилиш имконини беради.
19-август куни Путин ҳам уруш иштирокчиларининг мамлакатга қайтиши ва уларни иш билан таъминлаш масаласига тўхталган. Россия президенти бу жараёнга олдиндан тайёргарлик кўриш зарурлигини айтган.
Россияда амалдаги тартибга кўра, транспорт воситасини бошқаришга мутлақ қарши кўрсатмалар, махсус шароитда ҳайдаш мумкин бўлган тиббий ҳолатлар ва муайян транспорт тоифаларини бошқаришга доир чекловлар ҳукумат томонидан алоҳида белгиланади. Айрим ҳолатларда автомобилдан фақат автоматик трансмиссия ёки махсус бошқарув воситалари билан фойдаланишга рухсат этилади.

