Россия зарбасидан сўнг Киевнинг айрим ҳудудлари электрсиз қолди, сув босими пасайди
Россия армиясининг энергетика инфратузилмасига ҳужумидан кейин Киев шаҳри ва вилоятининг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилди. Украина пойтахтининг баъзи туманларида сув босими ҳам пасайган. Волин вилоятидаги Луцк шаҳрида ҳам электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилган.

Россия зарбасидан кейин Киевнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилди, сув босими ҳам камайди
ДВ хабарига кўра, бу ҳақда 15-октабр кечқурун Украина Энергетика вазирлиги ва Киев мери Виталий Кличко маълум қилган.
Вазирлик таъмирлаш бригадалари хавфсизлик шароити имкон берган заҳоти электр таъминотини тиклаш ишларига киришишини билдирган. Кличконинг айтишича, Киев вилоятидаги энергетика обьектларига етган зарар пойтахтнинг айрим ҳудудларида сув босимининг пасайишига ҳам олиб келган.
Ўша куни кечқурун Россия қўшинлари Волин вилоятига ҳам ҳужум қилган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Романюкнинг айтишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта реактив дронни уриб туширган.
Уриб туширилган дронлар бўлаклари электр узатиш линияларига зарар етказган. Шу сабаб Луцкда электр ва сув таъминотида узилишлар юзага келган.
Айни пайтда Тҳе Нев Ёрк Тимес Россия Киев, Харкив ва Одессанинг энергетика тизимларини ишдан чиқаришга қаратилган ҳужумлар режасини тайёрлагани ҳақида ёзди. Газета Украина куз бошида европалик расмийларга тақдим этган, қўлга киритилгани айтилган ҳужум режасига таянган.
Нашр келтирган баҳоларга кўра, режа амалга ошса, ушбу шаҳарлар электр қувватларининг қарийб 90 фоизини йўқотиши, иссиқлик таъминоти ҳам кескин қисқариши мумкин. Сув ва канализация тизимларида ҳам жиддий узилишлар юз бериши эҳтимоли қайд этилган. Бу рақамлар ҳозирги зарарни эмас, эҳтимолий оқибатларни англатади.
Газета манбаларига кўра, Россия Украинадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, айниқса Патриот тизими учун ракеталар танқислигидан фойдаланиши мумкин.

