Россия Украинага кенг кўламли зарба берди: Киевда қурбонлар бор, Полша авиацияни ҳавога кўтарди
Россия қўшинлари 7-октабрга ўтар кечаси Украинага баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Маҳаллий расмийларга кўра, Киевда икки киши ҳалок бўлган, Днипро, Запорижжя ва Кременчугда ҳам бинолар ва инфратузилма обьектлари зарарланган.

Россия Украинага кенг кўламли зарба берди: Киевда қурбонлар бор, Полша авиацияни ҳавога кўтарди
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти пойтахтнинг Оболон, Шевченко ва Подол туманларида ҳужум оқибатлари қайд этилганини маълум қилди. Оболон ва Шевченко туманларида нотурар бинолар, Подол туманида эса омборхоналар шикастланган.
Дарница туманида очиқ майдонга ва гаражлар кооперативи атрофига парчалар тушган. Киев мери Виталий Кличко берган маълумотга кўра, гаражлар ҳудудида ёнғин чиққан ва икки кишининг жасади топилган.
Днипро шаҳрида саноат корхонаси зарар кўрган. Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа дастлаб жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилаётганини билдирган.
Запорижжяда транспорт инфратузилмаси обьекти зарбага учраган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Михаил Семикин айрим йўл участкаларида ҳаракат вақтинча чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳри ҳам ҳужумга учраган. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, ракета турар жой ҳудудига тушиб, кўп қаватли уйларга зарар етказган. Кременчуг туманидаги корхоналардан бири ҳам зарбага учраган.
Ҳужум фонида Полша эрталаб ҳарбий авиациясини ҳавога кўтарган. Мамлакат қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги ер устидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва радиолокация разведкаси ҳам юқори шайлик ҳолатига ўтказилганини маълум қилган.
Қўмондонлик бу чоралар эҳтиёт чораси сифатида кўрилганини таъкидлаган. Улар Полша ҳаво ҳудудини, айниқса жанглар кетаётган ҳудудларга яқин жойларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский разведка Россия янги кенг кўламли ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олганини айтган эди. 7-октабрга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари қанотли ракеталар ташишга қодир Ту-95 ва Ту-160 стратегик бомбардимончи самолётлари ҳавога кўтарилганини ҳам қайд этган.
Ҳужум оқибатлари ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда.

