Россия Украина бўйича янги таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди

Россия Украина бўйича янги таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков "News.ru"га берган интервюсида мамлакат Украина урушини якунлаш бўйича янги таклифларни эшитишга тайёрлигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, "Россия Федерацияси президент белгилаган мақсадларга мос келадиган ва жойлардаги реал вазиятни ҳисобга оладиган ҳар қандай оқилона таклиф ва ғояларни тинглашга тайёр".
Рябковнинг таъкидлашича, АҚШ аввалги музокараларда Россия позициясини "маълум даражада тушунишини" кўрсатган. Энди эса, унинг фикрича, Вашингтон Киев ва Европа давлатларининг қарорларига қанчалик таъсир ўтказа олиши муҳим.
Россия президенти Владимир Путин аввалроқ ўт очишни тўхтатиш учун Украина Донбасс ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиши, НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши ва ҳарбий салоҳиятини қисқартириши кераклигини билдирган эди. Бироқ Украина бу талабларнинг бир қисмини, жумладан, Донбассни топшириш, армияни қисқартириш ва НАТОга қўшилишдан воз кечиш шартларини қабул қилмаган эди.
АҚШ воситачилигида йил бошида ўтказилган бир неча раунд музокараларда келишувга эришилмади. Март ойига режалаштирилган навбатдаги учрашувлар эса АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошлангач бекор қилинган эди.
Музокараларда АҚШ махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер воситачилик қилган. Кремл 20-август куни уларнинг Россияга навбатдаги ташрифи ҳақида ҳозирча янги маълумот йўқлигини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам АҚШ воситачиларининг музокараларга қайтишини кутаётганини айтиб, айрим йўналишларда "янги ёндашувлар керак"лигини таъкидлаган. Украина 11-август куни АҚШ томонига урушни тугатиш бўйича ўз таклифларини тақдим этган.
Фронтда жанглар давом этмоқда. Россия ҳозир Украина ҳудудининг қарийб 20 фоизини назорат қилмоқда.
19-август куни Россиянинг Киев ва бошқа ҳудудларга берган зарбалари оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди, 40 дан ортиқ одам яраланди. Украина эса Россиянинг Перм вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводи ва Волгоград вилоятидаги ҳарбий аеродромга дронлар билан зарба берганини маълум қилди.

