Россия “таъмирлаш” сабаб Арманистонга газ экспортини тўхтатади

Россия “таъмирлаш” сабаб Арманистонга газ экспортини тўхтатади
Россиядан Арманистонга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади. Бунга Россияда ўтказиладиган “режали профилактика ва таъмирлаш ишлари” сабаб қилиб кўрсатилди.
Таъкидланишича, таъмирлаш ишлари “Шимолий Кавказ – Кавказорти” магистрал газ қувурида олиб борилади. Газ узатиш 15-сентябрдан 25-сентябргача тўхтатилади.
Компания бу даврда истеъмолчиларга газ чекловларсиз ва узлуксиз етказилишини билдирди. Бунга ички захиралар ҳамда Эрон вақтинчалик етказиб берадиган қўшимча газ ҳажми ҳисобига эришилади.
2025-йилда ҳам сентябр ойининг иккинчи ярмида режалаштирилган таъмирлаш сабаб Россия Арманистонга газ беришни тўхтатган эди. 2026-йил июн ойи бошида Арманистонда ўтган парламент сайловларидан сал олдин Москва ва Ереван ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Россия бош вазир Никол Пашинянни ғарпараст сиёсат юритишда айбламоқда.
Ереваннинг Европа билан яқинлашиш уринишларига жавобан Россия Арманистондан маҳсулот импорт қилишга чекловлар киритишни бошлади. Шунингдек, Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон Арманистондан референдум ўтказишни талаб қилмоқда. Улар Ереван Евросиё иқтисодий иттифоқида қолиши ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини давом эттиришини аниқлаб олишини истамоқда.
Айни пайтда 11-сентябр куни Пашинян Арманистон Россия газига муқобил йўлларни қидираётганини айтди.
“Арманистонда газ арзон эмас. Чегарадан истеъмолчигача бўлган масофада газ нархи бошқа мамлакатларга қараганда энг кўп ошади. ъГазпром Арманистонъ катта фойда кўрмоқда, бу ҳам биз тан олишимиз керак бўлган ҳақиқат”, деди у.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг олдинроқ берган баёнотига кўра, агар Ереван Евросиё иқтисодий иттифоқи таркибидан чиқишга қарор қилса, Арманистон учун имтиёзли газ нархи бозор тамойиллари асосида белгиланади.
Аввалроқ Арманистондан Россияга 27-июлдан бошлаб сут маҳсулотларини олиб кириш чеклангани ҳақида хабар берилганди. Тегишли қарор 14–21-июл кунлари ўтказилган текширувлар натижасида қабул қилинган. Текширувлар давомида қоидабузарликлар аниқланган.
“Россияга етказиб бериладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда касалланган чорва молларидан олинган сутдан фойдаланилгани аниқланган”, дейилганди “Росселхознадзор” хабарида.

