Россия Қуролли Кучлари сафида дрон оператори бўлиб хизмат қилган ўзбекистонлик собиқ ҳарбийга суд ҳукми ўқилди

Россия Қуролли Кучлари таркибида дрон оператори сифатида хизмат қилган ўзбекистонлик собиқ ҳарбийга суд ҳукми чиқарилди
Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида Россия Қуролли Кучлари сафида дрон оператори бўлиб хизмат қилган 31 ёшли фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди.
Маълумотларга кўра, 1995-йилда Фарғона вилояти Қўштепа туманида туғилган эркак 2015–2016-йилларда Жиззах вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Хизмат пайтида у Ўзбекистон Қуролли Кучлари билан беш йиллик шартнома имзолаб, 2019-йилгача Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида механик-ҳайдовчи бўлиб ишлаган.
У 2020-йил 14-март куни иш излаб Қозоғистон орқали Россиянинг Қозон шаҳрига борган. У ерда қарийб бир йил қурилиш соҳасида меҳнат қилган, 2021-йил февралида эса Челябинскка кўчиб ўтиб, умумий овқатланиш шохобчасида ошпаз сифатида иш бошлаган.
Март ойи бошида ишдан қайтаётганида уни Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг икки ходими тўхтатиб, Челябинск шаҳар милиция бўлимига олиб борган. Аввал унинг кийимлари ва шахсий буюмлари кўздан кечирилган, аммо тақиқланган ҳеч нарса топилмаган.
“Милиция ходимлари мени қўйиб юбориш эвазига 3 минг рубл сўради. Бу пулни ҳалол меҳнатим билан топганим учун беришдан бош тортдим. Тахминан бир соатдан кейин холисларсиз яна текширишди ва шимимнинг орқа чўнтагидан героин топилганини айтишди”, дейди ўзбекистонлик эркак.
Шундан кейин Челябинск суди уни Россия Жиноят кодексининг 228-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 11 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилган. Ҳукмдан сўнг у жазони Челябинскдаги 18-сонли колонияда ўтай бошлаган ва шу даврда унга бир неча бор Россия Қуролли Кучлари сафига қўшилиш таклиф қилинган.
“Аввалига қатъий қаршилик қилдим. Бироқ 2025-йил декабрида колония ходимлари рус тилини яхши билмаслигимдан фойдаланиб, алдов йўли билан Россия Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳақидаги шартномага имзо қўйдириб олди”, дейди судланувчи ўз кўрсатмасида.
Шартнома тузилгач, у бошқа маҳкумлар билан бирга юк машинасида Екатеринбург шаҳрига олиб борилган. У ердан самолёт орқали Ростов вилоятидаги ҳарбий қисмга етказилган. Орадан тўрт кун ўтиб, ҳарбий юк машинасида Донецк вилоятининг Первомайский қишлоғига олиб кетилган.
Первомайскийда уч ҳафта ҳарбий тайёргарликдан ўтган эркак кейинчалик Донецк вилоятидаги Меренивка қишлоғига юборилиб, Россия армиясининг дрон бўлинмасига бириктирилган.
“Менга Мавик кузатув дронларини бошқариш топшириғи берилди. Улар орқали Украина ҳарбийлари жойлашган манзилларни аниқлаб, бу ҳақдаги маълумотларни ҳарбий бошқарув марказига юбориб турдик. Хизмат давомида телефон ишлатиш тақиқланган эди”, дейди эркак.
У тақиқка қарамай, фронтда олинган айрим сурат ва видеоларни “Али” номли Телеграм аккаунти орқали Ўзбекистондаги укасига юбориб турган.
2026-йил февралида у уруш ҳудудидан қочишга қарор қилган ва Москвада яшовчи Абдулло исмли шахс билан боғланиб, ундан ёрдам сўраган.
“Абдуллога мени уруш ҳудудидан олиб чиқиши учун 500 минг рубл ўтказдим. 27-феврал куни уруш ҳудудидан қочиб, Ростов вилоятига етиб бордим. У ерда Абдулло юборган Маъруф исмли шахс мени кутиб олиб, Москвага олиб кетди. Москвага боргач, Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилдим ва ватанга қайтиш гувоҳномаси билан Ўзбекистонга қайтдим”, дея кўрсатма берган судланувчи.
Суд И.T.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Унинг илгари судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган. Судланувчига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

