Россия қишда Одесса, Харков ва Киевни электр ҳамда сувсиз қолдирмоқчи - ОАВ
Россия шу йўл орқали Украинани таслим этишга уринади, деб ёзди Тҳе Нев Ёрк Тимес.

Россия қишда Одесса, Харков ва Киевни электрсиз ҳамда сувсиз қолдирмоқчи — ОАВ
Россия Украинани келгуси қишда таслим бўлишга мажбурлаш учун мамлакатнинг энергетика тизимини издан чиқаришни, хусусан, Киев, Харков ва Одессани электр энергияси, иситиш ҳамда сувсиз қолдиришни мақсад қилган.
Нашр журналистлари Украина томонидан қўлга киритилган ва сентабр ойида европалик иттифоқчиларга намойиш этилган Россия ҳукумати режасини кўриб чиқди.
Режага кўра, Украинанинг учта энг йирик шаҳрини сув, электр энергияси ва иситишдан маҳрум қилиш учун Россияга қарийб 70 та баллистик ракета, 720 та узоқ масофага учувчи дрон ва 150 та бошқариладиган авиабомба керак бўлади. Россия ҳарбий стратегларининг ҳисобича, шундай жадалликдаги бир ойлик зарбалар Украина энергетика тизимини вайрон қилади.
Газета таъкидлашича, урушнинг бешинчи йилига келиб, Украина электр стансиялари аввалги ҳужумлар сабаб тўлиқ қувватда ишлаш имконини йўқотган ва ҳар бир янги зарба уларни тезда ишдан чиқаради. Хусусан, уруш бошланишидан олдин Киевни таъминлаган учта ИЕМнинг умумий қуввати тахминан 1,3 гигаватт бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич қарийб 500 мегаваттгача тушган.
Нашр ёзишича, агар Россия режаси амалга ошса, Киев, Харков ва Одесса энергия қувватининг 90 фоизини йўқотиши, иссиқлик таъминоти 90 фоизга қисқариши ва бунинг ортидан сув таъминоти ҳамда канализация тизимлари ишида узилишлар юзага келиши мумкин.
Россиянинг бу режага ишончи асосан Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, аввало Патриот тизимлари учун ракеталар етишмаслиги билан изоҳланади. Уларсиз Украина Қуролли кучлари баллистик ракеталардан деярли ҳимоялана олмайди.
Таҳлилчилар ҳозир Москва учун ҳаво кампаниясида муваффақиятга эришиш эҳтимоли урушнинг исталган бошқа давридагига қараганда анча юқори эканини айтмоқда. Украинанинг ракетага қарши мудофаа тизими Америка ёрдамининг қисқариши туфайли «ҳолдан тойган», Россиянинг ракета ва дронлар захираси эса янада кучли ва самаралироқ бўлган, Украинанинг энергетика инфратузилмаси эса йиллар давомида берилган зарбаларнинг йиғилиб қолган таъсири сабаб анча заифлашган.
Шу боис, Киев мунтазам таклиф қилиб келаётган энергетика сулҳига Москванинг қандайдир шаклда рози бўлиш эҳтимоли жуда паст. «Уларда украиналикларга босим ўтказиш учун қолган ягона ричаг - бу ҳаво зарбаларидир. Уларда бошқа ҳеч нарса йўқ», - деди Расмуссен Глобал консалтинг компанияси директори Гарри Неделку Тҳе Нев Ёрк Тимес нашрига.

