Сиёсат

Россия Олий суди «Яблоко» партиясини сайловдан четлатиш қарорини кучда қолдирди

Россия Олий суди «Яблоко» ҳуқуқшуносларининг партияни Давлат Думаси сайловидан четлатилгани ҳақидаги қарор устидан берган шикоятини рад этди.

Россия Олий суди "Яблоко" партиясининг сайловда иштирок этишини тақиқловчи қарорни ўз кучида қолдирди.

Партиянинг Дума сайловларида қатнашиши 10-август куни тақиқланган эди. Суд бу қарорни "Родина" партиясининг даъвоси асосида қабул қилди. "Родина"нинг даъво аризасида "Яблоко" ўз ташвиқотида муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги ва хориждан молиялаштирилганлиги иддао қилинган.

17-август куни "Яблоко"нинг апелляция шикояти кўриб чиқилаётган суд мажлиси вақтида Олий суд биноси олдида 85 нафардан ортиқ киши полиция томонидан қўлга олинди. Якунда суд қарор устидан берилган шикоятни рад этди.

Давлат Думасига сайловлар 2026-йил 20-сентябрда бўлиб ўтади. "Яблоко" Россияда сайловларга "Тинчлик ва эркинлик учун!" деган урушга қарши шиор билан бораётган ягона партия эди.

"Медуза" нашрининг президент Путин маъмуриятига яқин манбалари 2025-йилнинг кузидаёқ "яблокочилар" бундай шиор билан федерал даражадаги сайловда қатнаша олмаслигини айтган эди. Президент маъмуриятининг сиёсий блоки дастлаб Дума кампаниясини "консерватив ссенарий бўйича", яъни бошқариладиган иштирокчилар билан ўтказишни режалаштирган. "Медуза" манбаларига кўра, "Яблоко" сайловда қатнашиш учун рўйхатга олинган, бироқ партия рейтинги ўса бошлагач, "хатарларнинг олдини олиш" мақсадида четлатилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.