Россия фрегати Дания ҳарбий вертолётига сигнал ракеталари учирди

Россия фрегати Дания ҳарбий вертолётига сигнал ракеталари учирди
14-сентябр куни Россия фрегати Дания Қуролли кучларининг вертолётига сигнал ракеталари билан ўқ узди.
Маълумотларга кўра, вертолёт томон огоҳлантириш сифатида иккита сигнал ракетаси учирилган.
“Бугун Ҳаво кучларининг Феннес туридаги вертолётларидан бири Гедсер қирғоқлари яқинидаги халқаро сувларда бўлган Россия фрегатини режали фотофиксация қилиш чоғида сигнал ракеталари билан ўққа тутилди”, дейилади Дания қуролли кучлари баёнотида.
Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен 15-сентябр куни бу ҳолат мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтди.
“Шу муносабат билан Россия элчиси ҳодиса юзасидан суҳбатлашиш учун чақиртирилди... Россия ўзи мақбул деб ҳисоблайдиган хатти-ҳаракатлар чегарасини аста-секин силжитиб бормоқда. Биз бунга тоқат қила олмаймиз”, деди вазир.
Сигнал ракеталари денгизда эътиборни жалб қилиш, жойлашувни билдириш ёки огоҳлантириш учун ишлатиладиган пиротехника воситаларидир.
Эслатиб ўтамиз, 15-сентябр куни НАТО қирувчи самолётлари Литва ҳаво ҳудудига кирган дронни уриб туширган эди. У Беларусдан учирилгани тахмин қилинмоқда. Литва Миллий инқирозларни бошқариш маркази дрон кимга тегишли эканини ҳали аниқламаган.

