Россия билан сулҳнинг 4 та варианти мавжуд - Украина ТИВ
Украина тўртта давлатдан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар олди, - деди Украина ташқи ишлар вазири.

Россия билан сулҳнинг 4 та варианти бор — Украина ТИВ
Украина АҚШ, Ҳиндистон, Туркия ва Мисрдан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар олган. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Андрей Сибига маълум қилди ва Украина сулҳнинг турли шаклларига тайёрлигини, бироқ ўт очишни тўхтатиш ҳам энергетика, ҳам Қора денгиз йўналишини қамраб олиши кераклигини таъкидлади, деб ёзади «Европейская правда».
«Бизда тўртта таклиф бор. Энг кенг қамровлиси – Ҳиндистон таклифи. Биз энергетика ва Қора денгиз сулҳига тайёрмиз, лекин фақат шу уйғунликда. Энергетика ва Қора денгиздаги сулҳ. Бу тўлиқ энергетик сулҳ, барча энергетика обьектларига, шу жумладан порт инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш демакдир», – деди вазир.
Унинг айтишича, Туркия ва Миср таклифлари бир-бирига ўхшаш: бу давлатлар дон экспортини тиклашга қаратилган Қора денгиздаги сулҳни таклиф қилган. Тўртинчи таклиф эса Қўшма Штатлардан бўлган. Уни Украина ва АҚШ президентлари Володимир Зеленский ҳамда Доналд Трамп учрашув вақтида муҳокама қилган.
«Умуман олганда, биз сулҳ президент Зеленский ва Путин учрашувининг натижаларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Биз сулҳнинг турли форматларига, жумладан, туташув чизиғи бўйлаб сўзсиз сулҳга ҳам тайёрмиз», – деб ишонтирди дипломат.
Аввалроқ Зеленский АҚШда Трамп билан учрашувдан кейин Украина энергетик сулҳга тайёрлигини, бироқ россияликлар бунга тайёр эканига шубҳа борлигини айтган эди. Хусусан, унинг сўзларига кўра, агар Россия Украина Мудофаа кучлари томонидан унинг нефтни қайта ишлаш саноатига зарбалар берилишини истамаса, Украина фақат россияликлар Украинанинг энергетика тизими, сув таъминоти ва иситиш инфратузилмасига ҳужум қилмаган тақдирдагина энергетик ўт очишни тўхтатиш режимига рози бўлади.

