Россия АҚШга қарши уруш учун Эронга ўқ-дори етказиб беришни бошлади

Россия Эрон учун тротил (ТНТ), ўқ-дорилар ва дрон компонентларини етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда Деуцче Велле НБС Невс нашрига таяниб хабар берди.
Теҳрон ушбу қуроллар ёрдамида АҚШ ва Исроил зарбаларидан сўнг камайиб кетган захираларини тўлдирмоқда. Европалик аноним расмий етказиб бериш бошлангани ҳақидаги хабар рост эканини тасдиқлади.
НБСънинг ёзишича, АҚШ ва Исроил Россия ҳамда Эрон портлари ўртасидаги барча юкларни ушлаб қола олмайди. Чунки юк ташиш ишлари Каспий денгизи орқали амалга оширилмоқда. Каспий денгизи ёпиқ сув ҳавзаси бўлиб, у Россия, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон назорати остида.
Европа ҳукумати маълумотларига кўра, етказиб бериш ишлари Эроннинг шимолий соҳилидаги Бандар-Анзали порт мажмуасига қилинган Исроил ҳужумларидан кейин ҳам давом этган. Бу порт Москва ва Теҳрон ўртасида қурол транзити учун ишлатилган бўлиши мумкин.
Бу транзит Кремл ва Теҳрон ҳокимияти ўртасидаги стратегик иттифоқ янада чуқурлашаётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, Россия Украинага уруш бошлаганининг дастлабки йилларида Эрон ҳам Москвага ёрдам берган эди. Хусусан, эронликлар Россияга Шаҳед туридаги зарбдор дронларни ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини тақдим этган.
Россия Эрон технологиясини модернизация қилди ва Украинага зарба бериш учун бундай дронларни ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шунингдек, Россия Эронга АҚШнинг Яқин Шарқдаги позицияларига зарба бериш учун сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда разведка маълумотларини етказиб берган.

