Спорт

“Роналду Ўзбекистонга келадими?” Ўзбек клубларининг Элит ОЧЛдаги рақиблари қуръадан олдин аниқ бўлгани ҳақида

**"Роналду Ўзбекистонга келадими?" Элит ОЧЛда Ўзбек Клубларининг Рақиблари Қуръадан Олдин Маълум Бўлди**

18-август куни Осиё Элит Чемпионлар Лигасига қуръа ташланади. Икки ўзбек жамоаси – "Нефтчи" ва "Пахтакор" ушбу турнирда иштирок этиши сабабли, мухлислар қуръа натижаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, қуръа қоидалари ва мавжуд чекловлар туфайли, Фарғона ва Тошкент клубларининг айнан қайси жамоаларга қарши ўйнаши ҳозирданоқ аниқ. Фақатгина қайси жамоа билан сафарда, қайси бири билан уйда ўйналиши ҳозирча номаълум. Хўш, "Нефтчи" ва "Пахтакор"га мазкур турнирда қайси клублар рақиб бўлади? Қуйида батафсил маълумот берилади.

**Иштирокчилар ва Лигалар Рейтинги**

Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг Ғарб минтақасида жами 16 та клуб иштирок этади. Бу клублар олти мамлакатдан – Саудия Арабистони (5 жамоа), БАА (3), Қатар (3), Эрон (2), Ўзбекистон (2) ва Ироқ (1) вакилларидир. Жамоалар рейтинг бўйича тартибда жойлаштирилган, чунки бу қуръада муҳим аҳамиятга эга.

Жамоалар 4 саватга ажратилган. Ҳар бир жамоа ҳар бир саватдан иккитадан жамоага қарши майдонга тушади. Бири билан уйда, иккинчиси билан сафарда. Шу билан бирга, қўшимча талаблар ҳам мавжуд. Биринчидан, бир мамлакат клублари бир-бири билан ўйнамайди.

Мана шу 4 саватдаги жамоалар қуръа асосида 4 йўлакка ажратилади. Ҳар бир жамоа бир йўлакдаги жамоалар билан уйда, яна бир йўлакдаги жамоалар билан сафарда ўйнайди. Жамоа ўз йўлагидаги, шунингдек, яна бир йўлакдаги жамоаларга қарши ўйнамайди.

**Йўлаклар**

Йўлаклар қуръа асосида аниқланади ва уларнинг шаклланиши бўйича ҳам баъзи чекловлар бор. ОФК тақвимдаги мувозанатни сақлаш ва жамоаларга нисбатан тенг кучли рақиблар тушишини таъминлаш мақсадида, лигалар рейтингига қараб йўлакларни ҳам ажратишга қарор қилди. Яъни, рейтинг бўйича 1-, 4- ва 6-ўриндаги мамлакат клублари алоҳида, 2-, 3- ва 5-ўриндаги мамлакат клублари бошқа йўлакдан ўрин олишлари белгиланди. Бу дегани, Саудия Арабистони, Эрон ва Ироқ клублари бир йўлакда, Қатар, БАА ва Ўзбекистон клублари бошқа йўлакдан жой олишади. Бу шуни англатадики, исталган бир клуб ё фақат Саудия Арабистони, Эрон ва Ироқ жамоаларига қарши ўйнайди ёки фақат Қатар, БАА ва Ўзбекистон клубларига қарши ўйнайди. Айнан мана шу фактор Ўзбекистон клублари қарши тўп сурадиган рақибларни деярли аниқ қилиб қўймоқда.

**Қуръа**

Юқорида тақдим қилинган 4 саватча қуръа асосида А, Б, С ва Д йўлакларига ажратилади. Аввал 1-саватчадагилар 4 йўлакка териб чиқилади.

Энди эса 2-саватчадан ҳар бир йўлак учун биттадан жамоа жойлаштирилади. Мана шу босқичда юқоридаги чекловлар ишга тушади. 2-саватчада "Ан-Насср" (Саудия Арабистони), "Нефтчи", "Ал-Қува" (Ироқ) ва "Шабаб Ал-Аҳли" (БАА) жамоалари бор эди. "Ан-Насср"ни жойлаштириб кўрамиз. Саудия Арабистони клуби юқорида айтилганидек, Қатар ва БАА клублари билан бир йўлакда бўлиши мумкин эмас. Демак, "Ан-Насср" фақат "Истиқлол" ва "Ал-Аҳли" йўлагига тушиши мумкин. Худди шу шаклда, масалан, "Нефтчи" фақат "Ас-Садд" ёки "Ал-Айн" жойлашган йўлакка бориб тушиши мумкин.

Худди шундай мантиқ билан давом эцак, якунда қуйидагича йўлаклар ҳосил бўлиши мумкин.

Албатта, қуръада сал бошқача бўлиши, масалан, "Ал-Қодисия" ва "Ал-Иттиҳод", "Ал-Ғарафа" ва "Ал-Васл" ўрин алмашиши, ёки "Пахтакор" ва "Нефтчи" ҳам айни йўлакдан жой олиши мумкин. Аммо айнан рақиблар ким бўлиши нуқтайи назаридан ҳеч нарса ўзгармайди. Юқоридаги жадвалдаги Б ва Д йўлакдагилар ўзбек клубларига рақиб бўлади. Бу йўлакдаги жамоалар ўзаро ўрин алмашиши мумкин бўлса-да, биз ҳар икки йўлак билан ўйнашимизни эътиборга олсак, фақат ким билан уйда, ким билан сафарда ўйнашимиз ҳозирча ноаниқ холос. Мисол учун А йўлак Б билан уйда, Д билан сафарда ўйнайди, С йўлак аксинча, Б билан сафарда, Д билан уйда куч синашади.

Демак, ҳам "Нефтчи", ҳам "Пахтакор"га қуйидаги жамоалар рақиб бўлиши аниқ:

* "Ал-Аҳли" (Саудия Арабистони)

* "Истиқлол" (Эрон)

* "Ал-Қува" (Ироқ)

* "Ан-Насср" (Саудия Арабистони)

* "Ал-Ҳилол" (Саудия Арабистони)

* "Трактор" (Эрон)

* "Ал-Қодисия" (Саудия Арабистони)

* "Ал-Иттиҳод" (Саудия Арабистони)

Ўзбек клублари Саудия Арабистонининг бешала жамоаси билан, шунингдек, Эрон ва Ироқ клубларига қарши майдонга тушади.

Шу ўринда айтиш керакки, ОФК гўёки рақибларни тенглаштириш йўлида қилган ҳаракати бироз панд берди. Рейтингда 2 ва 3-ўринда бораётган БАА ва Қатар жамоалари тинмай Саудия грандларига қарши ўйнаса, Ироқнинг "Ал-Қува" клуби умуман саудияликларга қарши ўйнамайди. Ўзбек клубларининг 8 рақибидан 5 таси айнан Саудия Арабистони клублари бўлгани бироз адолациз. Шунчаки, бир давлат клублари ўзаро рақиб бўлмаслигини қайд этган ҳолда, бошқа факторларнинг аралашмаслиги қизиқроқ ва мувозанатлироқ бўлар эди, назаримда.

**Роналду Ўзбекистонга келадими?**

"Нефтчи" ва "Пахтакор" турнирда "Ан-Насср"га қарши ўйнаши аниқ, лекин бу ўйинлар қаерда ўтказилиши айнан 18-август кунидаги қуръада аниқланади. Агар "Нефтчи" ва "Пахтакор" турли йўлаклардан ўрин олса, "Ан-Насср" бири билан уйда, иккинчи жамоамиз билан сафарда ўйнайди. Яъни омадга қараб, Роналдунинг жамоаси Фарғонага келиб, "Пахтакор" билан уйда ўйнаши ёки "Нефтчи" билан уйда ўйнаб, Тошкентга ташриф буюриши мумкин. Мабодо жамоаларимиз бир йўлакдан ўрин олишса ҳам икки вариант бор. Криштиану ҳам Тошкентга, ҳам Фарғонага ташриф буюриши ёки "Ан-Насср" ҳар икки жамоани ҳам уйда қабул қилиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.