Роналду фаолиятидаги 977-голини урган баҳсда “Ан-Насср” йирик ҳисобда ғалабага эришди

Роналду ўз фаолиятидаги 977-голини киритган ўйинда "Ан-Насср" йирик ғалабани қўлга киритди.
Саудия Пролигасининг 2026/2027-йилги мавсумининг 2-турида "Ар-Риёд" ва "Ан-Насср" жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди. Ар-Риёддаги "Шаҳзода Файсал бин Фаҳд" стадионида бўлиб ўтган ушбу учрашувда амалдаги чемпион "Ан-Насср" 4:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Ўйиннинг 18-дақиқасида "Ан-Насср" ҳимоячиси Абдулила ал-Амри бразилиялик Габриел Анжелонинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Биринчи бўлим якунланишига оз қолганида, 45+1-дақиқада Анжело ўзи гол уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Иккинчи бўлимда, 58-дақиқада португалиялик Жоау Феликс жамоасининг устунлигини янада оширди. Учрашувнинг 84-дақиқасида эса ҳужумчи Криштиану Роналду тўртинчи голни киритди. У иккинчи бўлимнинг 62-дақиқасида захирадан майдонга тушган эди.
Шу тариқа, 2026/2027-йилги мавсум Роналду учун ўзи фаолият юритаётган мамлакат чемпионатида гол урган кетма-кет 25-мавсум бўлди. У Португалия чемпионатида "Спортинг" сафида дебют қилган 2002/2003-йилги мавсумдан буён бирор марта ҳам голсиз мавсум ўтказмаган.
Пролиганинг 1-турида "Ан-Насср" "Ал-Фатеҳ"ни йирик ҳисобда мағлуб этган эди, бироқ Роналду ушбу учрашувда иштирок этмаган.
Айни пайтда португалиялик ҳужумчи клублар миқёсида 831 та, миллий терма жамоа сафида эса 146 та, умумий ҳисобда эса 977 та гол урган. Роналду 2023-йилнинг январидан буён "Ан-Насср" таркибида тўп тепмоқда. 41 ёшли футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027-йил ёзигача мўлжалланган. Трансфермаркт порталидаги маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 10 миллион еврони ташкил этади.

