Рим империясида қанча одам яшагани ҳисоблаб чиқилди
Замонавий ҳисоб-китобларга кўра, Рим империяси ўз қудратининг чўққисида 59 миллиондан 76 миллионгача аҳолига эга бўлган. Бу рақамларни аниқлаш учун тарихчи ва археологлар қадимги манбалар, археологик топилмалар ҳамда иқтисодий маълумотларни бирлаштирган.

Рим империясида яшаган аҳоли сони ҳисоблаб чиқилди.
Рим империяси аҳолисининг аниқ сонини аниқлаш тарихчилар учун доимий равишда мураккаб вазифа бўлиб келган. Бунинг сабаби шундаки, қадимги Римда ўтказилган аҳоли рўйхатлари империяда яшаган барча шахсларни қамраб олмаган.
Замонавий ҳисоб-китобларга кўра, империя ўз қудратининг энг юқори чўққисида 59 миллиондан 76 миллионгача аҳолига эга бўлган. Бу рақамни аниқлашда тарихчилар ва археологлар турли манбалар, миқдорий усуллар ва математик моделлардан фойдаланганлар.
Жумладан, қадимги шаҳарлардаги археологик қазишмалар орқали уйлар сони ва аҳоли зичлигини баҳолаш мумкин. Солиқ ва ҳарбий ҳужжатлар эса оилалар ҳажми, демографик тенденсиялар ва армияда хизмат қилганлар сони ҳақида маълумот беради.
Озиқ-овқат таъминоти ҳам муҳим манба ҳисобланади. Рим катта миқдорда, жумладан Шимолий Африкадан дон импорт қилган. Бир киши йилига ўртача қанча дон истеъмол қилганини ҳисобга олиб, олимлар ушбу маҳсулотлар қанча аҳолини таъминлаганини тахмин қилишади.
Қадимги қабристонлар ҳам демографик манба вазифасини ўтайди. Оилавий дафнлар, қабрлар сони ва ўлим кўрсаткичлари аҳолининг сони ва таркибини баҳолаш имконини беради.
Шу билан бирга, қадимги Римдаги аҳоли рўйхатлари тарихчилар ўртасида ҳануз баҳсларга сабаб бўлади. Масалан, Август давридан олдинги рўйхатлардан бирида қарийб 900 минг фуқаро қайд этилган бўлса, Август давридаги биринчи рўйхатда бу рақам 4 миллиондан ошган. Бу фарқ ҳисоблаш методикаси ва рўйхатга кимлар киритилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
395-йилда Рим империяси Ғарбий ва Шарқий қисмларга бўлинган пайтда Ғарбий Рим империясида тахминан 22 миллион, Шарқий Рим империясида эса 34 миллион киши яшаган.
Мутахассислар таъкидлашича, 59–76 миллионлик кўрсаткич қатъий рақам эмас. Янги археологик кашфиётлар ва математик моделларнинг такомиллашиши келгусида Рим империяси аҳолиси ҳақидаги баҳоларни ўзгартириши мумкин.

