“РИА Новости” Литвани ҳам “махсус ҳарбий операция” кутаётгани ҳақида мақола чиқарди. Кейин уни ўчириб ташлади

“РИА Новости” Литвани ҳам “махсус ҳарбий операция” кутаётгани ҳақида мақола эълон қилди, кейин уни ўчириб ташлади
“РИА Новости” ахборот агентлиги “Россияни яна бир махсус ҳарбий операция кутмоқда. У жуда қисқа давом этади” сарлавҳали материални чоп этиб, унда Литвага ядровий зарба бериш билан таҳдид қилди.
Мақола агентликнинг штатдан ташқари муаллифи Александр Носович томонидан ёзилган. У Литва парламентининг мамлакатда ядро қуролини жойлаштиришни тақиқлашдан воз кечишни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорига жавобан шу матнни тайёрлаган. Бир неча соатдан кейин материал “РИА Новости”дан олиб ташланди, чунки у “Таҳририят фикрига, таҳририят сиёсатига ва Россия Федерацияси давлат сиёсатига мос келмайди”, деб топилган. Шунга қарамай, мақола нусхаси веб архивда сақланиб қолган.
Носович ўчирилган мақоласида Европа давлатлари Россия чегараларига ноанъанавий қуролларни жойлаштириш масаласини фаол кўтаришда давом этаётгани ва ядро қуроли омборига айланишга рози бўлган давлатни танлаганини ёзган.
Муаллиф, жумладан, Литвани мияси йўқ, ўзини ўзи ҳалокатга бошлаётган давлат, Россиянинг яқин хориждаги кичик, аммо мағрур камикадзеси деб атаган. У Литвани Украина билан қиёслаб, мамлакатга бостириб кириш ва ядровий зарба бериш билан таҳдид қилган.
Гап қандай воситалардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида кетмоқда. Рақибларимиз ядро таҳдиди ҳақида биринчи бўлиб гап очган экан, Россия ҳатто қуруқликдаги қўшинларини киритишдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун тегишли жанговар каллак билан жиҳозланган ракеталарнинг ўзи кифоя. Қарор шунчаки тез эмас, чақмоқдек тез амалга оширилади, дейилади мақолада.
Носович “Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш” нодавлат ташкилоти аъзоси бўлиб, Калининградда жойлашган “RuBaltic.Ru” нашрининг бош муҳарриридир. “Досье” тергов маркази 2020-йилда Носовични Россия президенти маъмурияти ва Ташқи разведка хизмати ходимлари назорат қиладиган таъсир ўтказиш тизими билан боғлаган.
Бу Россиядан туриб Литвага қарши билдирилаётган илк таҳдид эмас. 12-сентябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Литвани дунё харитасидан йўқ қилиш билан таҳдид қилганди. Литва ўз ҳудудига ядро қуролини жойлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилмоқчи. Медведевнинг баёноти мазкур хабарлар ортидан янграган. У агар Россия Литвага зарба берса, унинг НАТОдаги иттифоқчилари алянс низомининг Коллектив мудофаа тўғрисидаги бешинчи моддасини амалда қўлламаслигини айтганди.

