Республикада ишлаётган кадастр ходимларининг бир қисми туманларга ўтказилади
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилади. Натижада йилига 500 мингта

Президент Шавкат Мирзиёев Кадастр агентлигининг фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича тақдим этилган таклифлар билан танишди.
Сўнгги икки йил ичида 1 миллион 200 мингдан зиёд кўчмас мулк обьекти хатловдан ўтказилди. Бу жараён натижасида қўшимча 16,5 минг гектар ер майдони ва 49 миллион квадрат метр қурилиш майдони аниқланди. Аниқланган обьектларнинг 270 мингтаси кадастр базасига киритилиб, буджетга йилига 315 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди. Кадастр хизматларининг 90 фоизи ҳозирда онлайн тарзда кўрсатилмоқда.
Шунга қарамай, соҳада аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматларидан фойдаланиш бўйича 1 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 330 мингтаси ёки 30 фоизи рад этилган. Бу дегани, ҳар учта аризадан биттаси қаноатлантирилмаган. Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, масаласини ҳал қилиш учун бошқа идора ёки шахсларга мурожаат этишига сабаб бўлиб, коррупсиявий хавфларни кучайтирмоқда.
Хизматларни рақамлаштириш жараёнида барча қарорларни марказлашган тартибда қабул қилиш амалиёти шакллангани ҳам аҳоли учун ортиқча тўсиқларни келтириб чиқарган. Хусусан, нотурар обьект тоифасини ўзгартириш учун вилоят ёки республика даражасидаги ташкилот розилиги талаб қилинмоқда. Битта масалани ҳал қилиш учун фуқаролардан бир неча марта ариза топшириш ва ҳар бир ариза учун алоҳида тўлов қилиш сўралмоқда. Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида бўлиш учун тўртта, битта меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза талаб қилинади. Битта ариза туман, вилоят ва республика даражасида 30-50 та босқичда кўриб чиқилиб, жараён ўртача 15-20 кунга чўзилмоқда.
Ер назорати соҳасида жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилгани ижобий натижа бераётгани қайд этилди. Бироқ, фақат жарималарни ошириш билан чекланмасдан, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш ва фуқароларни қонуний фаолиятга қайтаришга қаратилган механизмларни жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда агентликнинг бошқарув тузилмаси ҳам танқидий таҳлил қилинди. Ҳозирда туман ва вилоят даражасида Кадастр агентлиги ҳамда Кадастр палатасининг алоҳида ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, тизим амалда иккита раҳбар томонидан бошқарилмоқда. Тизимдаги ходимларнинг 56 фоизини раҳбар ва назоратчилар, 44 фоизини эса бевосита ижрочилар ташкил этади. Ишга қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги сабабли 700 дан ортиқ иш ўрни вакант қолмоқда. Ходимларнинг 40 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишламаяпти. Қолаверса, вилоят даражасидаги раҳбарларга туман бўлинмалари раҳбарларига нисбатан интизомий чора кўриш ваколати берилмаган. Натижада ижрочи ходимларнинг иш юкламаси ортиб, меҳнатига ҳақ тўлаш даражаси пастлигича қолмоқда.
Шу боис, кадастр хизматларини босқичма-босқич қуйи бўғинга тушириш ва ҳудудий бўлинмаларнинг ваколатларини кенгайтириш таклиф қилинди. Республика даражасида ишлаётган ходимларнинг камида 30 фоизини туманларга ўтказиш, республика, вилоят ва туман даражасидаги Кадастр палатаси ва хизмат кўрсатиш тузилмаларини бирлаштириш назарда тутилмоқда. Бу орқали ҳудудий бўлинмаларнинг мустақиллиги ва масъулияти оширилади, хизматлар фуқароларга яқинлаштирилади. Тузилмавий ўзгаришлар жараёнида аҳоли сарсон бўлмаслиги учун бир ҳафта муддатда «Кадастр маслаҳат бурчаги» ва «Тезкор кадастр» хизматларини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Агентлик фаолиятини «битта ариза – битта тўлов» тамойили асосида ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Янги тартибга кўра, кўчмас мулкка ҳуқуқ пайдо бўлганида ариза автоматик равишда шакллантирилиб, проактив хизмат кўрсатилади. Бу орқали бир йилда 1 миллион 200 минг нафар аризачининг вақти ва маблағи тежалади. Кадастрга оид барча хизматларни битта ариза асосида кўрсатиш йўлга қўйилиб, йилига 200 мингта ортиқча ариза қисқартирилади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилади. Натижада йилига 500 мингта аризани амалдаги 10-15 кун ўрнига бир неча сонияда рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади.
Маъмурий жавобгарликни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ҳам маъқулланди. Жумладан, 2018 йилга қадар ноқонуний қурилган уй-жойлар учун жарима қўлламаслик, ноқонуний қурилиш ихтиёрий равишда бартараф этилганда жавобгарликни енгиллаштириш таклиф қилинди. Шунингдек, кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатда ариза берилмаган ҳолатда биринчи марта жарима ўрнига огоҳлантириш бериш назарда тутилмоқда.
Мутасаддиларга хизматларни соддалаштириш, ортиқча босқич ва тўловларни қисқартириш, қарор қабул қилиш ваколатларини қуйи бўғинга тушириш ҳамда соҳа ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

