Республикачиларнинг бунчалик шармандаларча мағлубиятга учраганининг бешта сабаби
Ғазабланган сайловчилардан тортиб номашҳур президентгача: мана нима учун анъанавий Республикачилар ҳудудларидаги америкаликлар Демократларни қўллаб-қувватлади.

Республикачиларнинг йирик мағлубиятига бешта сабаб
Демократлар АҚШдаги оралиқ сайловларда ғалаба қозониб, Конгресс устидан назоратни қўлга киритди.
Амалдаги президентнинг партияси одатда бу каби беллашувларда қийинчиликка дуч келса-да, республикачиларнинг мағлубияти кўлами Дональд Трампнинг Оқ уйдаги икки йиллик фаолиятига берилган очиқ-ойдин танбеҳ сифатида кўрилмоқда.
Ғазабга тўлган сайловчилардан тортиб, машҳурлигини йўқотган президентгача — республикачиларнинг шунчалик кўп ўринни бой беришига олиб келган бешта сабабни келтириб ўтамиз.
Бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар кундалик эҳтиёж товарлари нархининг ошиши билан курашмоқда. Бу норозилик муҳим сайлов округларида очиқ-ошкора кўриниб турди.
«Бензин нархи, озиқ-овқат нархи — ҳамма нарса қимматлашмоқда», — деди Шимолий Каролинадаги сайловчилардан бири сайловдан олдин BBCга ва бу сафар ўз овозини Республикачилар партиясидан Демократик партияга ўзгартирганини қўшимча қилди.
Сентябргача бўлган бир йил ичида нархлар 3,7 фоизга ошди, бунга ёқилғи ва энергия харажатларининг кўтарилиши сабаб бўлди. Ҳукумат маълумотларига кўра, октябрь бошида АҚШда дизель ёқилғисининг ўртача чакана нархи сентябрь ойида қайд этилган рекорд даражадаги бир галлон учун 6,52 доллардан (4,83 фунт стерлинг) салгина паст бўлган.
Сайловчилар ўртасида ўтказилган сўровнома маълумотларига кўра, деярли ўнтадан саккизта сайловчи, яъни 79 фоизи инфляция ўтган йил давомида улар ва уларнинг оиласи учун жиддий ёки ўртача қийинчиликлар туғдирганини айтган.
Респондентларнинг ўнтадан ортиқчаси, яъни 60 фоиздан кўпи бунда Трампни айблаб, нархларнинг одатдагидан юқорилигига президент олиб бораётган сиёсат сабаб бўлганига ишонишини билдирган.
Нархларнинг кескин ошишига асосий сабаблардан бири АҚШ ва Израиль февраль ойида Эронга қарши бошлаган уруш бўлди.
Теҳрон қасос олиш мақсадида Ормуз бўғизини амалда ёпиб қўйгач, ёқилғи нархи кескин кўтарилиб кетди, чунки дунё нефти ва суюқлантирилган табиий гази (СТГ) учун муҳим йўл тўсиб қўйилган эди.
Америкалик истеъмолчилар ўшандан бери ёқилғи қуйиш шохобчаларида бунинг учун тўлов қилмоқда.
Бу уруш кўпчилик америкаликлар орасида кескин норозиликка сабаб бўлди. MAGA республикачилари учун бу Трампнинг бошқа урушлар бўлмаслиги ҳақида ваъда берган «Аввало Америка» (America First) ғоясига хоинона зарбадек туюлди.
Сайловчилар ўртасида ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг қарийб ўнтадан алтитаси ёки 63 фоизи АҚШ Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаб нотўғри танлов қилганини айтган.
Алоҳида таъкидланишича, сайловчиларнинг тўртдан уч қисми, яъни 74 фоизи ушбу низо уларнинг Конгрессга овоз бериш қарорига ҳал қилувчи ёки асосий омил бўлганини билдирган.
Сайловдан кейинги эрталаб Трамп уруш мағлубиятга сабаб бўлганини тан олди, аммо Fox телеканалига берган интервьюсида Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик учун аралашишдан бошқа чораси йўқлигини айтди.
Демократик тўлқиннинг кўлами ва қамровига, айниқса, республикачиларнинг анъанавий таянч нуқталарида самимий бўлиб кўринган кучли номзодлар ёрдам берди.
Улар турмуш даражаси нархи ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти ҳақидаги тартибли баёнотларига содиқ қолдилар.
Собиқ ўқитувчи Жеймс Таларико ва пастор Адам Ҳамилтон ҳам ўз эътиқодлари ҳақида мос равишда Техас ва Канзас штатида акс-садо берган тарзда гапиришди.
Жанубий Каролинада демократ Энни Эндрюс кутилмаган муваффақиятга эришди. Собиқ педиатр бўлган ушбу номзод тизим издан чиққан деб ҳисобланадиган мамлакатда соғлиқни сақлаш хизматларининг ҳамёнбоплигига эътибор қаратди.
Мичиганда ғалаба қозониб, демократлар учун ўринни сақлаб қолган собиқ соғлиқни сақлаш мулозими Абдул Эл-Сайед «сиёсатдан пулларни чиқариш, пулни чўнтагингизга солиш» иборасини асосий шиорга айлантирди.
Жоржияда қайта сайланган Демократик сенатор Жон Оссофф турмуш даражаси ва коррупция масаласини ўз мурожаатининг марказига қўйди. Трамп икки марта ғалаба қозонган штатда 39 ёшли номзоднинг ишончли ғалабаси унинг 2028 йилги президентлик сайловида иштирок этиши ҳақидаги тахминларни янада кучайтиради.
Ҳатто Трамп ҳам демократларни мақтаб, Fox News телеканалига улар «яхши иш қилишганини» айтди.
Аксинча, баъзи республикачи номзодлар, жумладан, Техасдаги Кен Пакстон сайловчиларни ташвишга солаётган масалаларга етарлича эътибор қаратмаган бўшанг кампания олиб боргани учун танқид қилинди.
Сайловчиларни энг кўп ташвишга солган иккита масала — нархларнинг кескин ошиши ва Эрон уруши — бевосита президент билан боғлиқ эди.
Унинг рейтинглари ҳатто республикачи сайловчилар орасида ҳам тушиб кетди ва 2024 йилда уни қўллаб-қувватлаган баъзи штатларни айниқса заиф аҳволда қолдирди.
У ўз тарафдорларини руҳлантириш мақсадида сайловчиларни бюллетенда унинг ўзи турганини тасаввур қилишга ундади.
Аммо Америка сиёсатида ўн йилдан ортиқ вақт давомида етакчи сиймо бўлиб келганидан сўнг, баъзилар бу натижаларни Трамп брендининг жозибадорлиги сусаяётганининг исботи сифатида кўрмоқда.
Ортаётган ғазаб фонида ўзини Республикачилар кампаниясининг марказига қўйиш таваккалчилик эди ва бу акс таъсир кўрсатганга ўхшайди.
Овоз беришдан олдинги ойларда ўтказилган сўровномалар шуни кўрсатдики, кўплаб америкаликлар Трамп уларнинг нархлар ошиши бўйича ташвишларига бефарқ бўлмаслигини хоҳлашган.
Душанба куни Вашингтондаги якуний кампания нутқида у ўзининг орқасида жойлашган Акс-садо ҳовузи (Reflecting Pool)ни қайта таъмирлаш бўйича баҳсли лойиҳаси ҳақида узоқ гапирди.
Икки йил муқаддам баъзи испан ва қорагўз сайловчиларнинг республикачилар томонга ўтиши Трампнинг узил-кесил ғалабасини таъминлашга ёрдам берган эди. Бу сафарги оралиқ сайловларда ушбу жараён тескарисига ўзгарганга ўхшайди.
Демократлар Техас-Мексика чегарасидаги испан тилида сўзлашувчилар кўпчиликни ташкил этадиган округлардаги Вакиллар палатиси учун кечган барча учта беллашувда ғалаба қозонишди.
New York Times таҳлилига кўра, 2024 йилги президентлик сайловлари билан солиштирганда, испан тилида сўзлашувчилар кўпчиликни ташкил қилувчи округларда Республикачи сенат номзодларига қарши кўрсаткич 22 фоизлик пунктдан кўпроққа сурилди.
Маълумотлар бўйича репортёр Жефф Адельсоннинг айтишича, бу ўзгариш мамлакатдаги бошқа ҳар қандай йирик демографик гўруҳдагидан кўра каттароқдир.
Бу ўзгариш иммиграция қонунчилигининг ижро этилишига нисбатан кенг тарқалган ғазаб фонида юз бермоқда, Pew тадқиқот маркази маълумотларига кўра, америкаликларнинг кўпчилиги, яъни 56 фоизи ICE (Иммиграция ва божхона хизмати)га салбий муносабатда эканини айтган.
Қорагўз аҳоли кўпчиликни ташкил этадиган округлар ҳам Сенат учун беллашувларда сезиларли даражада Демократик номзодлар томонга ўтди.
Сенат учун беллашув Миссисипида жуда кескин кечмоқда, бу штат АҚШнинг бошқа штатларига қараганда энг кўп қорагўз сайловчиларга эга (атрофида 37%).
Агар Скотт Колом ғалаба қозонса, у 1982 йилдан бери Миссисипидан Сенатга сайланган биринчи демократ бўлади.

