Маҳаллий

Репортаж: Қизамиққа чалинган болалар яқинлари ССВ олдида нима учун йиғилди?

Тошкентда ССПЕ (қизамиқ асорати) билан оғриган болаларнинг ота-оналари ССВ олдида тўпланиб, ҳукуматдан зарур дорилар, тиббий ёрдам ва моддий ёрдам сўради. Касалликка, асосан, 2019-йилда туғилган болалар чалингани айтилмоқда. Газета воқеа жойида бўлиб, вазиятни ўрганди. Видеорепортаж.

Репортаж: Қизамиққа чалинган болалар яқинлари нега ССВ биноси олдида тўпланди?

9-сентабр куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдига республиканинг турли ҳудудларидан келган бир гуруҳ фуқаролар йиғилди. Улар орасида камёб ва ўта оғир касаллик саналадиган ССПЕ (Субасуте Сслеросинг Паненсепҳалитис, нимўткир склерозланувчи паненсефалит, қизамиқ) билан оғриган болаларнинг ота-оналари ҳам бор эди. Улар ҳукуматдан зарур дори-дармонлар, тиббий ёрдам ва моддий кўмак ажратилишини сўрамоқда.

ССПЕ — қизамиқ вирусининг оғир асорати бўлиб, одатда вирус билан касаллангандан бир неча йил ўтиб бош мия ҳужайраларини шикастлай бошлайди. Касаллик белгилари қизамиқдан кейин дарҳол эмас, одатда 2 йилдан 10 йилгача вақт ўтгач намоён бўлади. Шу давр мобайнида вирус бош мия тўқималарида “яширин” ҳолатда сақланиб, мутацияга учрайди ва қайта фаоллашади.

Касаллик асосан 2 ёшгача бўлган даврда қизамиқ билан оғриган болаларда кўпроқ учрайди. Гўдакликда қизамиқни бошдан кечирган болаларда ССПЕ ривожланиш хавфи юқори бўлади.

Ота-оналардан бирининг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда ССПЕ билан касалланган болалар сони 350 нафарга яқин. 60 нафарга яқин бола эса вафот этган. Хусусан, Наманган вилоятининг ўзида йил бошидан буён 8 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Бу касаллик, асосан, 2019-йилда туғилган ва қизамиқ вирусига чалинган болаларда кузатилмоқда.

“Бунда асосий нуқта шуки, агар бола туғилиб, ҳозирги кунда ҳам икки ёшгача қизамиқ вирусига чалинадиган бўлса, у тузалгандан кейин йиллар ўтиб, унинг асорати, ушбу ССПЕ касаллиги учраш эҳтимоли 100 бараварга ошиб кетади. Бу касаллик ўзи аслида жуда ноёб касаллик ҳисобланади. Яъни қизамиқ вирусига учраган 1 миллионта боладан 12 тадан 34 тагача бола касалланиши керак. Лекин бизда мана биргина 2019-йилда туғилган 270 та, 230 га яқин бола ушбу касалликка чалинган. Соғлиқни сақлаш статистикаси, қизамиққа чалиниш статистикаси нотўғри”, — деди боласи касалликка чалинган оталардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, қизамиқ вируси СОВИДъдан кейин мутацияга учраган ва ёввойи штамми тасдиқланган.

“Қизамиқ вирусига биз ҳам чалинганмиз олдинлари, деб чиқадиганлар бор. Ҳозирги кунда бу қизамиқ вируси СОВИДъдан кейин мутацияга учраган, яъни ёввойи штампи тасдиқланган. Буни Ўзбекистон Вирусология институти тасдиқлаган. Шунинг учун бу қайталаняпти. 2019-йилдан олдин, 2010-йил, 80−70-йилларда туғилганларда бўлмайди бу касаллик. Бу 2019-йилдан кейин СОВИД асорати билан, у билан мутация бўлгани учун бу қизамиқ вируси жуда ҳам хавфли вирусга айланиб кетди”, — деди у.

“Биринчи фарзандим, 2023-йил соғлом туғилган. Икки ойлигида қизамиқ касаллигига чалиниб, тўрт ой олдин боши кетиш, ўзидан ўзи йиқилиб тушиш асоратлари билан паненсефалит диагнози қўйилди Миллий марказда. Ҳозир соғлиқни сақлаш вазиримиз билан гаплашдик. Худо хоҳласа, муаммоларни ҳал қилиб бераман деб шахсан ўзи ваъда берди”, — деди яна бир ота.

Ота-оналарнинг таъкидлашича, хасталик тез ривожланаётгани сабабли болаларга доимий, қиммат симптоматик ва вирусга қарши терапия керак. Бироқ зарур препаратларни хориждан олиб келиш ва улар билан узлуксиз таъминлашда муаммолар юзага келмоқда.

“Ҳозирги кунгача бир 70−80 минг доллар кетди умумий. Чунки ҳар битта дориси 7−8 млн сўм, чет элдан шифокорларни олиб келиш, уни олиб бориш, ҳар битта шифокорга кўрсатиш, бу жуда ҳам катта маблағ талаб қилади”, — дейди улардан бири.

“Бу касаллик кундан кун кўпайиб кетяпти. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермаяпти. Мана, масалан, мени боламга тўрт йил бўлди бу касаллик билан курашиб келаётганига. Баъзи оилалар бу касалликдан моддий томонлама қийналгани, чарчагани учун бузилиб кетяпти. Масалан, чет элларда хўжайиним ишлаб, мана шу болани даволатиш учун мусофир юртларда қийналиб юрибди, оиласини ташлаб. Бу касалликни ҳеч кимга раво кўрмайман. Жуда оғир касал. Аввалги вазирлар ҳам шунчалар ваъдалар берган, лекин дориларимизни таъминлаб берди-ю, лекин моддий томонлама, чет элдан профессор, докторлар олиб келиб беришмади бизга”, — деди ота-оналардан бири.

“Болам 2019-йил соғлом дунёга келган ва яхши ривожланиб келаётганди, кейин уч ойлигида қизамиқ чиқди. Йиллар ўтди, бола тузалиб кетди, яна йиллар ўтди-да, бола ўзидан ўзи йиқилишни бошлади. Бу касалнинг ҳеч ким давосини, ташхисини қўя олмади. Етти ойгача ташхис қўя олмади. Тошкентда Миллий тиббиёт марказига олиб келдик. Қизамиқ асоратидан бу касалликнинг давоси йўқ, охири ўлим билан якун топади, деб айтишди. Бу гапни ота-она эшитиши жуда оғир. Болам ҳозир анча яхши, ўзгариш бўляпти, она парваришида. Бу касалнинг давоси йўқ, бу касалнинг охири ўлим, деб докторлар қарашмади бизга. Мен ўзим уни уйда яхши қараб, парвариш қилиб, табиий овқатлар бериб боқдим. Болам 8 килога озиб кетганди, ҳозир 25 кило вазн олган. Болам комаларга тушиб қолганди. Ҳеч нарсани билмасди, гапирмасди, танимасди, ўтира олмасди ҳам. Мурдадек ётарди. Ҳозир танияпти мени, овқат еяпти, зондда ейди, реаксия бор. Лекин мен буни докторлар даволаяпти деб ўйламайман. Аллоҳдан келган бу мўъжиза мен учун. Уни она билади, бошига тушган одам билади. Ҳозир Қибрай туманида Имкон реабилитация марказидан машғулотлар оляпмиз. Боламда жуда яхши ўзгариш бўляпти. Танияпти мени, ўтиришга ҳаракат қиляпти. Аллоҳга шукур, яхши”, — дейди яна бир она.

“Ҳозирги кундаги касалликнинг элементларини сезиши билан Тошкентдаги Миллий тиббиёт марказига бориб, боладан ташхис олиб, анализини тўғри қўйиб, муолажани бошласа, бола оёққа туриб кетади. ССПЕъга чалинган учта, уч нафар бола мана ҳозирги кунда мактабга боради”, — деди боласи касалликка чалинган оталардан бири.

Таъкидлаш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўша ерда йиғилган журналистларга вазият юзасидан изоҳ беришини маълум қилган эди. Бироқ орадан бир кун ўтиб, материал эълон қилинган вақтга қадар вазирлик матбуот хизмати томонидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.