Ренуар картиналари ўғирлигида гумонланувчилар ушланди - 4,2 млн евролик икки асар ҳали топилмаган
Франсияда рассом Пер Огюст Ренуар музейидан картиналар ўғирланиши бўйича бир нечта гумонланувчи қўлга олинди. Маҳаллий нашрлар олти киши ушланганини ёзмоқда, АФП эса беш киши ҳақида хабар берган. Олиб кетилган икки картина ҳозирча топилмаган.

Ренуар картиналари ўғирланиши бўйича гумонланувчилар қўлга олинди — 4,2 млн евролик икки асар ҳануз топилмади
Нисе Матин ва БФМ ТВ 7-октабр куни ушланганлар орасида музейга бевосита кирганликда гумон қилинаётган икки шахс ҳам борлигини билдирди.
Қўлга олиш амалиётлари Франсиянинг Алп, Вар, Эро ва Ду департаментларида ўтказилган. Гумонланувчилар Ницсада уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ўғирлик иши доирасида сўроқ қилиниши кутилмоқда.
Терговни назорат қилаётган Марсел прокуратураси хабарлар чоп этилган пайтда расмий изоҳ бермаган. Шу сабабли ушланганлар сони борасида манбаларда тафовут сақланиб қолмоқда.
Ўғирлик 8-сентабр куни эрта тонгда Франсиянинг жануби-шарқидаги Кан-сюр-Мер шаҳрида юз берган. Икки шахс Ренуар музейига кириб, тўртта картинани олиб чиқишга уринган.
Қочиш чоғида улар икки асарни музей боғида ташлаб кетган. Булар «Мадам Стефан Пишон портрети» ва «Коко китоб ўқимоқда» картиналаридир. Иккинчи асарда рассомнинг Коко лақабли кенжа ўғли Клод Ренуар тасвирланган.
«Мадам Колонна Романо» ва «Қудуқ ёнидаги ёш аёл» картиналарини эса ўғрилар олиб кетишга муваффақ бўлган. Уларнинг умумий қиймати 4,2 млн евро деб баҳоланмоқда.
Ишни Ницса суд полицияси, маданий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашувчи марказий бошқарма ва Марселдаги ихтисослашган минтақалараро суд тузилмалари ўрганмоқда. Нисе Матин маълумотига кўра, эҳтимолий буюртмачиларни аниқлаш учун тергов тафсилотлари сир сақланмоқда.
Ренуар музейи 1960-йилда рассом умрининг сўнгги йилларини ўтказган виллада очилган. Унинг коллексиясида Ренуар асарларидан ташқари Аристид Маёл, Пер Боннар ва Раул Дюфи ишлари ҳам бор.

