Лайфстайл

Рекорд: Шри Ланкада одам қовуғидан 3 кг тош олиб ташланди

**Рекорд: Шри Ланкада эркак қовуғидан 3 кг тош олиб ташланди**

Шри-Ланкалик жарроҳлар эркак кишининг қовуғидан туяқуш тухумидек улкан тошни муваффақиятли олиб ташлашди. Бу операция тиббиёт тарихидаги энг йирик тошлардан бирини олиб ташлаш амалиёти сифатида қайд этилмоқда, дея хабар берди Тҳе Индепендент.

Ўтган ҳафта Тринкомали тумани касалхонасида 55 ёшли бемордан 3,1 килограмм оғирликдаги қовуқ тоши олиб ташланди. Бемор инсултдан сўнг даволанаётган эди. Маълумотларга кўра, у тахминан бир ой олдин шифохонага ётқизилган. Даволаниш жараёнида шифокорлар беморда пешоб чиқаришда қийинчиликлар борлигини пайқашган ва қўшимча текширувлар ўтказилган.

Операцияга раҳбарлик қилган уролог Прагаладхан Балакришнаннинг сўзларига кўра, қовуқ тоши янги туғилган чақалоқдек оғир ва туяқуш тухумидек катта бўлган. Унинг таъкидлашича, беморнинг саломатлиги жуда яхши ва у бошқа касалликлари бўйича шифохонада даволанишни давом эттирмоқда.

"Бу муваффақият аҳил жамоавий меҳнат натижасидир. Дастлабки текширувлар беморда улкан қовуқ тоши борлигини кўрсатди. Шундан сўнг ҳолат мутахассислар жамоамизга йўналтирилди. Барча зарур оператив амалиётлардан сўнг тошни беморнинг қовуғидан муваффақиятли олиб ташладик", деди доктор Балакришнан.

Унинг қўшимча қилишича, бу жарроҳлик йўли билан олиб ташланган ва ҳужжатлаштирилган энг катта қовуқ тошидир. Шифохона директори Сандамали Самаракуннинг сўзларига кўра, бу тош жарроҳлик йўли билан олиб ташланган энг катта қовуқ тоши сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кириши мумкин.

Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилган энг катта қовуқ тоши 2003-йилда Бразилиядаги бемордан олиб ташланган бўлиб, унинг оғирлиги 1,9 килограмм, ўлчами эса 17,9 сантиметр бўлган.

Қовуқ тошлари пешоб қовуқда узоқ ушланиб қолганда ҳосил бўлади. Оқибатда ундаги минераллар кристаллашиб, тошга айланади. Унинг кўп учрайдиган сабабларига простатит катталашиши, сийдик йўллари тўсилиши, асаб тизими билан боғлиқ қовуқ функсияси бузилиши, сурункали инфексиялар ва катетердан узоқ вақт фойдаланиш киради.

Кичик қовуқ тошлари ўз-ўзидан тушиб кетиши мумкин. Аммо ўлчами 1 сантиметрдан катта бўлган тошлар сийдик оқимини тўсиб қўяди ва даволанишни талаб қилади. Ўлчами 4 сантиметрдан ошган тошлар эса улкан қовуқ тошлари таснифига киради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.