Иқтисодиёт

Режаларимизда Қашқадарё вилоятида «Мебел кластери» ва «Мебел академияси»ни ташкил этиш бор

Рукнимизнинг навбатдаги меҳмони таниқли тадбиркор Саломат Комилова бўлди.

**Режаларимизда — Қашқадарё вилоятида «Мебел кластери» ва «Мебел академияси»ни ташкил этиш бор**

Таниқли тадбиркор Саломат Комилова 1954 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. У 1976 йилда Москва давлат техника институтини «ёғочни қайта ишлаш ва мебел саноатини автоматлаштириш ва комплекс механизациялаштириш» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилда «Қаршииндустрия» бирлашмасида муҳандис-технолог сифатида бошлаган, сўнгра «Наманганмебел» фабрикасида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, кейинчалик эса «Қаршииндустрия» бирлашмаси қошидаги ёғочни қайта ишлаш заводида бош муҳандис-технолог бўлиб ишлаган.

У томонидан ташкил этилган «Қаршимебел» масъулияти чекланган жамияти Қашқадарё вилоятида мебел саноатига асос солган илк ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Бу ерда юмшоқ ва корпусли мебелларнинг кенг ассортименти, шунингдек, ошхона, меҳмонхона ва ётоқхона учун сифатли ҳамда замонавий мебеллар ишлаб чиқарилади. «Қаршимебел» МЧЖда Туркия, Германия ва Хитойдан келтирилган, темирни лазер ёрдамида кесиш ва пайвандлашга мўлжалланган янги авлод техника ва технологиялари қўлланилмоқда.

Саломат Комилова кўплаб республика ва вилоят кўрик-танловлари ғолибасидир. У 2011 ва 2014 йилларда «Ташаббус» кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаган, республика босқичида эса «Энг саховатли тадбиркор» номинациясини қўлга киритган. 2016 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан таъсис этилган «Энг яхши бизнес лойиҳа» республика кўрик-танлови ғолибаси бўлган. 2019 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган танловнинг вилоят ва республика босқичларида «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли» номинациясида ғолиб чиққан, 2024 йилда эса «Йилнинг энг яхши иш берувчи тадбиркор аёли» номинацияси соҳибасига айланган.

2015 йилда у «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. Вилоят ва шаҳар кенгашлари депутати сифатида Саломат Комилова вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Марҳум турмуш ўртоғи, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида маҳаллий саноат тизимида раҳбарлик қилган Ҳамиджон Комилов билан биргаликда 4 нафар фарзанд ва 12 нафар набирани тарбиялаб вояга етказишган.

«Мебел ишлаб чиқариш соҳасини танлаганим тасодиф ёки шунчаки бизнес билан шуғулланиш истаги эмас эди. Бу қарор замирида мустаҳкам касбий пойдевор ва давр тақозоси ётибди. Ўша даврда мени икки буюк куч ҳаракатга келтирган: биринчиси — технологик билимларим ва касбий ишончим бўлса, иккинчиси — аёлларга хос бўлган уй шинамлигини яратишга интилиш эди.

Москвада айнан шу йўналиш бўйича муҳандис-технолог мутахассислигига ўқидим. Мен мебел саноатининг барча қирраларини — хомашё сифатидан тортиб, дастгоҳлар иши, ишлаб чиқариш занжирлари ва технологик жараёнларгача ўргандим. 1976 йилда ўқишни тамомлаб, ватанимга қайтдим ва мебел саноати корхоналарида ишлаб, тажриба орттирдим.

Мустақилликнинг илк йиллари иқтисодий жиҳатдан жуда мураккаб ва оғир кечди. Бу катта қийинчиликлар ва ноаниқликлар даври эди. Ишсизлик даражаси юқори, ижтимоий тизимлар эса эндигина янгидан шаклланаётган эди. Эски давлат корхоналари тўхтаб қолаётган бир пайтда, хусусий секторга, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқаришга бўлган талаб ортиб борарди.

Ўшанда, 90-йилларнинг бошларида Эрон, Хитой, Россия, Ҳиндистон каби давлатларда бўлиб, уларнинг мебел бозорларини ўргандим. Муҳандис сифатида чет элдан қимматбаҳо мебелларни олиб келиш ўрнига, ўз уйимизда — маҳаллий ишчи кучи ва хомашёдан фойдаланган ҳолда юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини аниқ англаб етдим.

Бошида кўпчилик ҳайрон бўларди: «Аёл киши, устига-устак шундай оғир инқироз даврида, нега айнан эркаклар касби ҳисобланган мебел ишлаб чиқаришга қўл уряпти?». Ўша пайтларда саноат ёки ишлаб чиқаришда аёл раҳбарнинг ишлаши кўпчиликда шубҳа уйғотарди. Сени жиддий қабул қила бошлашлари учун эркакларга қараганда анча кўпроқ меҳнат қилиш ва ўз ишингни мукаммал билиш талаб этиларди.

Албатта, аёл раҳбар сифатида ўша оғир йилларда цехларни бошқариш, дастгоҳлар тилини тушуниш ва усталар билан тил топишиш осон бўлмаган. Бироқ, бу соҳани жуда яхши билганим ва барча технологик жараёнларни ипидан-игнасигача тушунганим менга катта устунлик берди. Мени шунчаки раҳбар сифатида эмас, балки ўз ишининг профессионал устаси сифатида ҳурмат қила бошлашди.

Мебел ишлаб чиқариш мен учун шунчаки техник жараён эмас. Бу нафис аёл диди, ижодкорлик ва муҳандислик аниқлигининг гўзал уйғунлигидир. Ўша оғир йилларда кичик бир цехдан бошлаб, бугунги кунда йирик ишлаб чиқариш даражасигача ўсдик. Бу йўл мени инқирозлардан қўрқмасликка ўргатди ва билим ҳамда қатъият ҳар қандай қийинчиликни енгишга қодирлигини исботлади.

Бугун ортга назар ташлаб, ўша қийинчиликларга тўла йилларда тўғри йўлни танлаганимга яна бир бор иқрор бўламан. Бу соҳа менга қатъият бағишлади, инқирозлардан қўрқмасликни ўргатди ва энг муҳими, одамлар ҳаётини гўзалроқ қилиш имкониятидан чексиз қувонч келтирди.

Мустақилликнинг илк йилларида Қашқадарёда «мебел саноати» тушунчасининг ўзи йўқ эди. Фақат ёғочни қайта ишлаш корхонаси бор эди. Уларнинг фаолияти асосан қурилиш соҳаси билан боғлиқ бўлиб, хусусан, кўп квартирали уйлар учун эшик, дераза ромлари, шифт ва пол қопламалари ишлаб чиқаришарди.

Вилоят аҳолиси мебелларни асосан Тошкентдан ёки чет элдан жуда қиммат нархларда олиб келишарди. Қашқадарёдек улкан салоҳиятга эга катта воҳада биринчи мебел корхонасини ташкил этиш масъулияти эса аёл кишининг — менинг елкамга тушди. Москвада олган олий маълумотим, муҳандис-технолог сифатидаги билимларим ва мебел саноатидаги тажрибам ишлаб чиқаришни айнан қандай ташкил этиш кераклигини аниқ тушунишимга ёрдам берди.

Аммо вилоятда бу ишни мутлақо нолдан бошлаш керак эди. На тайёр хомашё базаси, на замонавий ускуналар бор эди, энг ёмони — бу соҳани тушунадиган тайёр мутахассислар йўқ эди. Эсимда, иш бошлаган илк йилларимда нафақат раҳбарлик қилдим, балки цехдаги маҳаллий йигитларга ёғочга ишлов бериш, технология сирлари ва чизмалар билан ишлашни ўзим ўргатдим. Айнан шу цехда маҳаллий кадрларни тайёрлаш учун биринчи «устоз — шогирд» мактабини яратдик.

Ҳаммаси 1995 йилнинг бошида бошланди. Айнан ўшанда мен Қарши шаҳрида мутлақо нолдан биринчи мебел ишлаб чиқариш корхонаси — «Мебел» фабрикасини ташкил этишга қарор қилдим. Дастлабки босқичда ишни бор-йўғи 9 нафар ишчи билан бошладик. Бу 9 киши — менинг биринчи жамоам, мебелсозлик маҳорати мактабимизнинг пойдеворини қўйган инсонлардир. Ўша пайтда кўпчилик бизга ишонмай: «Қашқадарёда ҳам мебел ишлаб чиқариб бўларканми?» дерди. Лекин биз тўхтамадик. Илк маҳсулотимизни чиқарганимизда, уни сотиш жуда қийин бўлди.

Ўша оғир йилларда вилоятимиздаги совхозлардан бири биз учун ҳақиқий нажот бўлди. Совхоз раҳбарияти бизга катта буюртма берди — офис мебеллари, ётоқхоналар учун мебеллар ва ошхона гарнитурлари. Шартномани бартер асосида тузишга қарор қилдик. Биз мебелларни етказиб бердик, совхоз эса ўз навбатида бизга ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан ҳақ тўлади. Айнан шу қийинчиликларни енгиб ўтиш орқали тажриба орттирдик, бозорни ўргандик ва корхонамизни оёққа турғиздик.

2003 йилда корхона ривожида ҳақиқий бурилиш даври юз берди. Шу йили Хитойдан замонавий технологияларни олиб келдик. Мавжуд ускуналар тўлиқ модернизация қилинди, корхона эса қайта жиҳозланди. Ёғочни тилиш ва унга ишлов бериш, мебел ишлаб чиқариш ва йиғиш, пардозлаш (бўяш ва силлиқлаш) цехлари, шунингдек, пайвандлаш ва тикувчилик цехлари ишга туширилди. Натижада корхона модернизация қилиниб, унда янги иш ўринлари яратилди, ишлаб чиқариш суръатлари ошди, маҳсулот сифати яхшиланди ва ходимларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланди. Дастлаб бор-йўғи 9 нафар ходим билан иш бошлаган фабрикада жамоа 95 кишига етди.

Биз вилоятда нафақат биринчи мебел корхонасини очдик, балки Қашқадарёда бутунлай янги саноат тармоғи пайдо бўлишига асос солдик. Бугун воҳада мебел ишлаб чиқарувчилар сони ортганини кўриб, фахрланаман, зеро уларнинг барчаси биз очган йўлдан бормоқдалар.

— Бугунги бизнесингиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаряпсиз? Уларни қаерда сотяпсиз? Қандай лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдингиз?

Бугунги кунда корхонамиз замонавий ва юқори технологияли йирик ишлаб чиқариш мажмуасига айланди. Замонавий трендлар ва янги технологияларга таянган ҳолда, маҳсулотларимиз ассортиментини сезиларли даражада кенгайтирдик ва сифатини оширдик.

Ҳозирда биз харидорларга мебел маҳсулотларининг жуда кенг танловини таклиф этмоқдамиз. Ишлаб чиқаришимиз бир нечта йўналишни қамраб олади:

— уй учун премиум ва шинам мебеллар: юқори сифатли ошхона гарнитурлари, юмшоқ мебеллар, ётоқхона гарнитурлари ва меҳмонхона мебеллари;

— бизнес ва офислар учун мебеллар: замонавий офис столлари, креслолар, қабулхона мебеллари ва конференция заллари учун махсус тўпламлар;

— ижтимоий соҳа учун мебеллар: мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасалари учун экологик тоза, хавфсиз ва эргономик мебеллар.

Умумий ҳисобда биз 350 турдаги мебел маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз нафақат Қашқадарё воҳасида, балки республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам сотилмоқда. Бундан ташқари, йирик корпоратив буюртмачилар билан шартномалар асосида тўғридан-тўғри ишлаймиз. Шунингдек, маҳсулотларни Марказий Осиё давлатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш устида фаол иш олиб борилмоқда.

Ўтган йиллар давомида вилоятимиз учун муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган кўплаб йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этдик. Янги барпо этилган замонавий мактаблар, давлат ташкилотлари, банк филиаллари, тиббиёт муассасалари ва вилоятдаги йирик меҳмонхоналарни маҳаллий мебеллар билан тўлиқ жиҳозлаш лойиҳаларини муваффақиятли якунладик.

Ушбу лойиҳалар ҳудудимиз ва истеъмолчиларга катта фойда келтирди. Хусусан, илгари чет элдан қиммат нархларда импорт қилинган сифатли мебеллар эндиликда вилоятнинг ўзида ва анча ҳамёнбоп нархларда ишлаб чиқарилмоқда, бунинг эвазига маҳаллий бюджет ва аҳоли маблағларини тежашга муваффақ бўлдик.

Корхонамизни кенгайтириш ҳисобига юзлаб маҳаллий ёшлар ва хотин-қизларни доимий, юқори маошли иш билан таъминладик. Уларга замонавий рақамли дастгоҳларда ишлаш технологияларини ўргатдик.

Маҳсулотларимиз бевосита вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилгани боис, харидорларга кўп йиллик кафолат ва тезкор сервис хизматини тақдим эта оламиз. Асосий мақсадимиз — вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар брендини янада юқори республика ва халқаро даражага олиб чиқишдир.

— Юртимизда мебел ишлаб чиқарувчи корхоналар жуда кўп. Рақобатда ғолиб чиқиш учун маҳсулот сифатли ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Бунга қандай эришяпсиз?

Бугунги кунда бозорда рақобат ҳақиқатан ҳам жуда кучли. Бундай муҳитда ҳар қандай ишлаб чиқарувчининг асосий мақсади — шунчаки яшаб қолиш эмас, балки маҳсулотнинг юқори сифати ва ҳамёнбоп нархини таъминлаган ҳолда етакчига айланишдир. Биз бу мувозанатга устама нархни камайтириш ҳисобига эмас, балки илмий ёндашув ва ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиш орқали эришяпмиз. Сирларимиз қуйидагилардан иборат:

Ишлаб чиқаришни тўлиқ автоматлаштириш. Инсон омили ва қўл меҳнати қанчалик кўп бўлса, хатоликлар эҳтимоли шунчалик юқори бўлади ва жараёнлар секинлашади. Биз цехларимизни Германия, Хитой ва Италиядан келтирилган энг замонавий компьютерлаштирилган дастгоҳлар билан жиҳозладик. Рақамли дастурлар асосида ишлайдиган ушбу ускуналар хомашёни миллиметр аниқлигида кесади ва унга ишлов беради. Бу бизга маҳсулот сифатини энг юқори даражага кўтариш, вақтни тежаш ва таннархни пасайтириш имконини беради.

Чиқиндисиз технологиялар. Мебел таннархини оширувчи асосий омиллардан бири — хомашё исрофгарчилигидир. Корхонамизда махсус компьютер дастурлари ёрдамида ламинат ёки ёғоч плиталарни энг мақбул тарзда пичиш йўлга қўйилган. Бунинг эвазига чиқинди миқдори минимал даражага туширилган. Ҳатто қолган майда ёғоч қипиқлари ва қолдиқларини ҳам қайта ишлаб, иситиш ёки бошқа эҳтиёжлар учун ишлатамиз. Чиқинди қанчалик кам бўлса, тайёр маҳсулот таннархи шунчалик паст бўлади.

Хомашёни тўғридан-тўғри харид қилиш. Биз бозордаги воситачилардан воз кечдик. Мебел учун фурнитура, мато ва асосий хомашёни тўғридан-тўғри ва улгуржи нархларда йирик ишлаб чиқарувчи заводлардан сотиб оламиз. Бу материаллар таннархини сезиларли даражада камайтиради ва натижада тайёр мебелларимиз харидор учун ҳамёнбоп бўлади.

Профессионал маҳорат ва назорат. Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида қатъий техник назорат ўрнатилган. Корхонада «сифат назорати бўлими» фаолият кўрсатади, у ерда ҳар бир детал харидорга етиб боришидан олдин текширилади. Сифатли хомашё ва юқори технологиялар бир-бири билан тўғри уйғунлашганда, маҳсулот йиллар давомида ўз асл қиёфасини йўқотмайди. 2011 йилда корхонамиз жамоаси ISO-9001 халқаро сифат сертификатини қўлга киритди. Қисқаси, биз сифатни қурбон қилмаймиз, балки харажатларни замонавий технологиялар ва оқилона менежмент ҳисобига қисқартирамиз. Айнан шунинг учун маҳсулотларимиз ҳамёнбоп ва рақобатбардош бўлиб қолмоқда.

— Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яратилган қандай имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш чоралари ва шароитлар бизнесингизга ёрдам берди?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликка, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва аёллар бизнесига қаратилаётган эътибор биз каби корхоналар ривожида улкан бурилиш нуқтаси бўлди. Мустақилликнинг илк йилларидаги шароитларни бугунги имкониятлар билан солиштирсак, уларнинг ўртасидаги фарқ ер билан осмончадир. Корхонамизнинг янги даражага чиқишига асосий туртки бўлган давлат томонидан яратилган тизимли имтиёз ва шароитлар қуйидагилардан иборат:

Локализация дастурлари. Мебел саноатининг локализация дастурига киритилиши биз учун улкан имкониятлар очди. Давлат харидлари тизимидаги шаффофлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга алоҳида устунликлар тақдим этмоқда. Хусусан, биз маҳаллий корхона сифатида вилоятимиздаги мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва давлат муассасаларини жиҳозлаш бўйича тендерларда қатнашиб, ғолиб чиқяпмиз. Бу бизни доимий ва йирик ҳажмдаги буюртмалар билан таъминламоқда.

Божхона ва солиқ имтиёзлари. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун чет элдан импорт қилаётган юқори технологияли дастгоҳ ва ускуналаримиз божхона божларидан озод этилган. Бундан ташқари, мебел саноати учун зарур бўлган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган айрим хомашё ва фурнитураларни олиб киришдаги тариф имтиёзлари маҳсулот таннархини пасайтириш ва бозорда ҳамёнбоп нархларни сақлаб қолишга бевосита ёрдам бермоқда.

Имтиёзли кредитлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш. Банклар ва тадбиркорликни ривожлантириш жамғармалари томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва айланма маблағларни кўпайтириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар жуда асқотди. Ушбу маблағлар ҳисобига янги цехлар қурдик, ишлаб чиқариш қувватларини оширдик ва қўшимча иш ўринлари яратдик.

Хотин-қизлар тадбиркорлигига алоҳида эътибор. Бугунги кунда аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аёл раҳбар сифатида мен турли грантлар, субсидиялар ва бизнесни ривожлантириш дастурларида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. Бу нафақат молиявий, балки маънавий жиҳатдан ҳам катта дастак бўлди, шунингдек, корхонамизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш кўламини кенгайтиришга йўл очди.

Текширишларни қисқартириш ва бюрократияга барҳам бериш. Илгари тадбиркор вақтининг катта қисми турли назорат қилувчи органлар билан мулоқотга кетарди. Текширишларга эълон қилинган мораторийлар ва барча жараёнларнинг рақамлаштирилиши (электрон солиқ, электрон божхона) туфайли биз бор эътиборимизни фақат ишлаб чиқаришга, сифатни оширишга ва янги иш ўринлари яратишга қаратмоқдамиз.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тизими. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилгани биз каби ишбилармонларга улкан дастак бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар йили ўтказиладиган учрашув ва видеоселектор йиғилишларида тадбиркорларнинг муаммолари бевосита тингланиб, ҳар бир таклифга жавоб берилмоқда, ушбу мулоқотлар якуни бўйича янги қарорлар ва янги имтиёзлар эълон қилинмоқда.

Мен ҳам ўз навбатимда ҳар йили ушбу учрашувларда иштирок этишга ҳаракат қиламан. Бундай учрашувлар натижасида биз солиқ ва божхона имтиёзлари, имтиёзли кредитлар ва янги дастурлар ҳақида биринчи манбадан билиб оламиз. Бу шунчаки маълумот эмас, балки тадбиркор меҳнатига бўлган ишонч рамзи, давлат ва тадбиркор ўртасидаги тенг ҳуқуқли ҳамкорлик белгисидир. Ҳар сафар шундай учрашувлардан сўнг янги режалар, янги илҳом ва янги имкониятлар билан қайтамиз. Бу давлат сиёсатининг тадбиркорликка бўлган самимий эътиборининг яққол ифодасидир, деб ишонч билан айта оламан.

Қисқаси, давлат томонидан яратилган шароитлар бизга келажакка ишонч билан қараш, таваккал қилиш ва маҳаллий брендларни юқори даражага олиб чиқиш учун қанот бағишламоқда.

— Қанча иш ўрни яратдингиз? Хусусан, жамоангизда неча киши меҳнат қилади ва уларнинг даромад даражаси қандай? Уларга бошқа бирор-бир ёрдам кўрсатасизми?

Табиийки, корхонамиз ривожлангани сари янги иш ўринлари яратиш ва воҳамиз аҳолисини доимий иш билан таъминлаш менинг асосий вазифамга айланди. Мустақилликнинг илк йилларида бор-йўғи бир нечта ишчи билан фаолият бошлаган кичик устахонамиз бугунги кунда йирик жамоага айланди.

Бугунги кунда корхонамизда 95 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга. Улар орасида тажрибали мебелсозлар, муҳандис-дизайнерлар, замонавий рақамли дастгоҳлар (ЧПУ) операторлари, ҳуқуқшунос ва иқтисодчилар бор.

Аёл раҳбар сифатида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаман: улар жамоамизнинг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакилларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Улар асосан мебел дизайни, матолар билан ишлаш, тикувчилик, шунингдек, ҳисоб-китоб ва менежмент каби соҳаларга жалб этилган.

Бизда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими бозор талабларига тўлиқ жавоб беради ва ходимнинг малакаси ҳамда бажарган иш ҳажмига асосланади. Ишчиларимизнинг ўртача ойлик иш ҳақи 4 миллиондан 7 миллион сўмгачани ташкил этади. Юқори малакали муҳандисларимиз ва мураккаб дастгоҳлар операторлари бундан ҳам кўпроқ маош олишади. Энг муҳими, иш ҳақи ўз вақтида тўланади ва бизда ходимларни моддий рағбатлантириш тизими, яъни режани бажарганлик учун мукофотлар (бонуслар) тизими жуда яхши йўлга қўйилган.

Биз фақат иш ҳақи тўлаш билан чекланиб қолмаймиз. Мен учун ҳар бир ходим — оиламиз аъзосидек гап. Уларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун тизимли ёрдам чораларини ташкил этганмиз. Хусусан, ходимларимиз учун бевосита цехнинг ўзида шинам ошхона ташкил этилган бўлиб, у ерда улар ҳар куни бепул иссиқ овқат билан таъминланади. Шунингдек, бизда «Устоз-шогирд» мактаби фаолият юритади ва бепул ўқитиш йўлга қўйилган. Бу соҳага қизиқадиган, лекин ҳунари бўлмаган ёшларни ишга қабул қилиб, уларга мебелсозлик сирларини мутлақо бепул ўргатамиз.

Оиласида тўй ёки таъзия маросимлари бўлаётган, фарзандлари талаба бўлган ёки соғлиғида муаммолар юзага келган ходимларга корхона ҳисобидан моддий ёрдам ажратилади.

Мен доим бир гапни такрорлайман: ходим ишга келганда уйдаги муаммолар ҳақида эмас, фақат ҳалол меҳнат қилиш ва сифатли маҳсулот яратиш ҳақида ўйлаши керак. Унинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш эса раҳбар сифатида менинг бурчимдир. Жамоамизнинг фаровонлиги — корхонамиз ривожининг бош сиридир.

— Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти нимада? Ҳудудингизда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлайсизми?

— Бизнеснинг ижтимоий аҳамияти — бу шунчаки раҳбар сифатидаги вазифам эмас, балки инсоний ва оналик бурчимдир. Тадбиркорлик — бу нафақат фойда олиш, балки атрофдагиларнинг оғирини енгил қилиш, жамиятга наф келтиришга интилиш ҳамдир. Ҳаётий шиорим — ҳар куни лоақал бир нафар тақдир синовларига дуч келган инсоннинг кўнглига малҳам бўлишдир. Мустақилликнинг илк йилларидаги қийинчиликларга гувоҳ бўлган аёл сифатида, бугун эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш қанчалик муҳимлигини жуда яхши биламан.

Маҳалламиз ва ҳудудимиздаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги тизимли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдамиз:

«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш. Маҳаллий ҳокимликлар ва маҳалла раислари билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Ҳудудимизда яшовчи боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ёки ишсиз қолган хотин-қизларни, шунингдек, банд бўлмаган ёшларни корхонамизга жалб қиламиз. Биз уларга нафақат иш ўринлари берамиз, балки «устоз-шогирд» тамойили асосида ҳунарни мутлақо бепул ўргатамиз. Бу уларга нафақат вақтинчалик ёрдам, балки бутун умрга доимий даромад манбаи бўлади.

Эҳтиёжманд оилалар уйларини бепул жиҳозлаш. Ҳар йили корхонамиз фойдасининг маълум бир қисмини ажратиб, ҳудудимиздаги кам таъминланган, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар бор ёки чин етимларни тарбиялаётган оилаларга моддий ва амалий ёрдам кўрсатамиз. Масалан, моддий шароити оғир оилалардаги янги оила қураётган қизлар учун тўй мебеллари тўпламини совға сифатида тайёрлаб берамиз. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари уйда таълим олишлари учун уларга махсус парта, стол, стул ва китоб жавонларини бепул етказиб бериб, ўрнатиб берамиз.

Хайрия тадбирлари ва маҳалла инфратузилмаси. Барча байрамларда — Янги йил, Наврўз, Мустақиллик куни, Рамазон ва Қурбон ҳайитларида маҳалламиздаги кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш ва уларга озиқ-овқат жамланмаларини тарқатиш биз учун анъанага айланган. Бундан ташқари, агар маҳаллий мактаблар ёки боғчалардаги мебеллар эскириб, таъмирталаб бўлиб қолса, уларни янгилаш ёки таъмирлашни ўзимизнинг ижтимоий масъулиятимиз деб биламиз.

Менинг асосий мақсадим — Қашқадарёда мебел сотиб шунчаки пул топиш эмас, балки шу воҳа аҳлининг дуосини олиш, уларнинг ҳаётига гўзаллик ва илиқлик олиб киришдир. Бизнеснинг ҳақиқий баракаси айнан шундай эзгу ишлардан бошланишига ишонаман.

— Бу савол — тадбиркорлик фаолиятимнинг энг шарафли ва қалбимга яқин қисмидир. Агар ўз вақтида муҳандис-технолог сифатида олган билимларимни фақат ўзим учун ишлатганимда, бугунгидек катта натижаларга эришмаган бўлардик. Саноат учун кадрлар тайёрлаш — бу шунчаки жараён эмас, бу бутун бошли мактаб яратиш демакдир.

Ҳа, тўғри айтдингиз, ўтган йиллар давомида юзлаб шогирдлар тайёрладим ва буни бизнесимнинг энг катта бойлиги деб ҳисоблайман. Ишни янги бошлаган пайтимизда Қашқадарёда мебел ишлаб чиқариш бўйича умуман тайёр мутахассислар йўқ эди. Шу боис, зарурият туфайли ва шу билан бирга ўз касбимга бўлган меҳрим сабабли корхонамиз қошида «Устоз-шогирд» мактабини ташкил этдим. Бу мактабда ёшлар учун ўқув машғулотлари ташкил этиб, мебелсозлик соҳасидаги янгиликлар, инновацион технологиялар, замонавий бутловчи қисмлар ва янги атамалардан фойдаланиш бўйича дарслар ўтаман.

Менинг мактабимни ўтаган йигитлар бугун нафақат бизнинг корхонамизда, балки бошқа кўплаб жойларда ҳам муваффақиятли ишлаб келмоқдалар. Бундан ташқари, заводимиздаги энг масъулиятли лавозимларни — цех бошлиқлари, бош технолог ва дизайнерлик вазифаларини айнан ўзимиз тарбиялаган шогирдларимиз эгаллаб туришибди.

— Мамлакатимизда қабул қилинган стратегиялар, хусусан, 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш дастурлари ва мебел соҳасини саноат даражасига олиб чиқиш бўйича белгиланган тизимли ислоҳотлар режаларимиз учун асосий йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун давлатимиз томонидан мебел кластерларини ташкил этиш, маҳаллий хомашё базасини мустаҳкамлаш ва экспортни рағбатлантириш бўйича яратилаётган шароитлар 2026-2030 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳаларимизга жуда катта ижобий таъсир кўрсатди. Келажакдаги асосий мақсадларимиз ва янги лойиҳаларимиз қуйидагилардан иборат:

Қашқадарёда биринчи «Мебел кластери»ни ташкил этиш. Соҳани кластерлаштириш бўйича давлат сиёсатидан илҳомланиб, Қашқадарё вилоятида тўлиқ таъминот занжирига эга бўлган йирик мебел кластерини яратишни режалаштиряпмиз. Ушбу лойиҳа доирасида бир майдонда хомашёни қайта ишлаш, фурнитура ишлаб чиқариш, дизайн маркази ва тайёр маҳсулотларни йиғиш цехлари бирлаштирилади. Бу ҳудудда маҳсулот таннархини яна 20-25 фоизга пасайтириш ва юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Рақамли технологиялар ва «Ақлли мебел» (Smart Furniture) ишлаб чиқариш. 2030 йилгача бўлган даврда истеъмолчилар талаби сезиларли даражада ўзгаради. Биз ишлаб чиқаришга сунъий интеллект ва рақамли технологияларни (Industry 4.0) янада чуқурроқ жорий этишни мақсад қилганмиз. Режаларимиздан бири — замонавий кичик ҳажмли квартиралар учун трансформер-мебеллар, шунингдек, симсиз қувватлагичлар ва ақлли тизимлар билан жиҳозланган «Smart» мебеллар линиясини ишга туширишдир. Муҳандис-технолог сифатида ушбу лойиҳаларни шахсан ўзим лойиҳалаштиряпман.

Экспорт бозорига чиқиш. Ислоҳотлар доирасида маҳаллий брендларнинг халқаро бозорга чиқиши учун транспорт-логистика харажатларини субсидиялаш тизими жорий этилди. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, 2026–2030 йиллар давомида маҳсулотларимизни қўшни давлатлар — Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига барқарор экспорт қилишни йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз. Маҳсулотларимиз чет элда «Made in Uzbekistan» бренди остида ўз муносиб ўрнини эгаллайди.

Яшил иқтисодиёт ва экологик тоза маҳсулотлар. Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» технологияларга ўтиш бўйича катта қадамлар ташланмоқда. Биз ҳам ўз навбатимизда ишлаб чиқаришда фақат экологик тоза, инсон соғлиғи учун мутлақо хавфсиз бўлган хомашё ва бўёқ-лок материалларидан (Е1 стандартларига мос келадиган) фойдаланишга тўлиқ ўтишни мақсад қилганмиз. Чиқиндиларни қайта ишлаш қувватини 100 фоизга етказамиз.

Кўп йиллик устозлик тажрибамга таяниб, корхонамиз қошидаги «Устоз-шогирд» мактабини замонавий «Мебел академияси»га айлантирмоқчиман. Бу ерда биз ёшларга нафақат мебел ясашни, балки профессионал даражада 3D-моделлаштириш, дизайн, шунингдек, замонавий дастгоҳларни дастурлашни ҳам ўргатамиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар биз, тадбиркорларга улкан куч ва ишонч бағишламоқда. Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, Қашқадарё вилоятини республикамизнинг энг йирик мебел саноати марказларидан бирига айлантириш учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз.

Ёш тадбиркорларга, айниқса, ўз йўлини топишга интилаётган хотин-қизларимизга менинг олтин қоидам шундан иборатки: ҳеч қачон инқироз ва қийинчиликлардан қўрқманг, зеро энг мустаҳкам пойдевор айнан синовларни енгиб ўтишда яратилади. Ўз билимингизга ишонинг ва ўз ишингизнинг ҳақиқий профессионали бўлинг, шунда муваффақиятнинг ўзи сизни топиб келади!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.