Реимбурсация дастури: аҳолига 12 турдаги касалликлар бўйича 28 хил дори воситалари текин берилмоқда
ССВ матбуот хизмати бу имтиёздан фойдаланиш бўйича тушунтириш берди.

**Реимбурсация дастури: аҳолига 12 турдаги касалликлар бўйича 28 хил дори воситаси бепул берилмоқда**
Ўзбекистонда Реимбурсация дастури орқали аҳоли учун қулай имкониятлар яратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 2-октабрдаги тегишли қарорига мувофиқ, артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабет 2-тури, қандсиз диабет, бронхиал астма ҳамда меъда-ичак тизими хасталиклари каби 12 турдаги касаллик бўйича 28 хил дори воситаси бепул берилмоқда.
Бироқ Реимбурсация дастуридан фойдаланиш тартибини барча фуқаролар бирдек яхши билади, деб бўлмайди.
1) Аввало, бириктирилган оилавий шифокорингизга мурожаат қиласиз;
2) У клиник протоколлар асосида сизни текширувлардан ўтказади;
3) Касаллик тасдиқланса, оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт расмийлаштиради;
4) Электрон рецепт Доимий фаолиятдаги ҳайъат раиси томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади;
5) Электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонадан оласиз. Маблағлар ушбу жамғарма томонидан дорихонага ўтказиб берилади;
Унутманг: 7 кун давомида дорихонага бормасангиз, электрон рецептни қайта олишингизга тўғри келади.
6) Электрон рецепт асосида олган дори воситаларини бир ой — 30 кун давомида қабул қиласиз;
7) Муайян муддатдан кейин тузалганингиз тасдиқланса, оилавий шифокор сизни диспансер рўйхатидан чиқаради.
«Агар ётиб қолган бўлсангиз, хонадонингизга тиббий бригада боради ва оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт тузади. Дори воситаларини оила аъзоларингиздан бири ёки патронаж ҳамшираси етказиб беради.
Реимбурсация дастури доирасидаги дори воситаларини ҳар ой бепул олишингиз мумкинлигини унутманг!» – дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

