Маҳаллий

“Реал Санжик” суди: музокара босқичи якунланди, Санжар Каримов ўз ҳимоя позициясини билдирди

Санжар Каримовнинг апелляция иши бўйича суд музокаралари якунланди. У Тошкентдаги уйида тинтув ўтказилгани ва гиёҳванд моддалар топилгани юзасидан ўз позициясини билдирди. Шунингдек, унинг қонида гиёҳванд моддалар аниқланмаганини айтди. ъЎзбекистонда адолат борлигига ишонаманъ, — дейди Каримов.

“Реал Санжик” иши: музокара босқичи тугади, Санжар Каримов ўз ҳимоя позициясини баён қилди

“Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилаётган апелляция ишининг музокара босқичи якунланди. 28-сентабр кунги суд мажлисида Каримов унга қўйилган айбловлар юзасидан ўз ҳимоя позициясини билдирди.

У Алимбоевлар оиласининг уйи билан боғлиқ эпизод, тинтувларнинг қонунга зидлиги ҳамда отасига тегишли палтодаги ДНК экспертизаси бўйича эътирозларини айтиб ўтди.

Санжар Каримов ҳимоя нутқининг бошида Алимбоевлар оиласининг уйи билан боғлиқ ҳолатга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, уйни эгаллаб олиш ёки унга нисбатан жиноий ният билан ҳаракат қилиш мақсади бўлмаган.

Унинг баёнотига кўра, воқеалар 2024-йил августида бошланган. 6−7-август кунлари Шаҳзод Рисматов унга кўчмас мулк харид қилиш ва бунинг учун маблағ ажратиш таклифи билан мурожаат қилган. Каримов Рисматовни олдиндан танишини, Алимбоевлар оиласини эса илгари билмаганини айтди.

“Уйни расмийлаштириш ташаббуси Рисматов томонидан бўлган. Мен Алимбоевлар оиласини танимаганман”, — деди у.

Каримовнинг айтишича, у нотариусга 240 минг доллар билан борган ва пул Рисматовга топширилган. Уй ҳамда иккита автомобил шу маблағнинг кафолати сифатида расмийлаштирилган.

“Уй мен учун пулларимнинг гаров-кафолати эди”, — деди Каримов. Унинг таъкидлашича, келишувга кўра, Рисматов 12 кундан кейин пулни қайтариши, шундан сўнг уй аввалги эгалари номига қайта расмийлаштирилиши керак бўлган. “Бу келишув нотариусда ҳам муҳокама қилинган”, — дейди судланувчи.

Каримов Алимбоевлар оиласи ҳужжатлар олди-сотди шартномаси кўринишида расмийлаштирилаётганини билгани, бироқ Рисматовнинг уйни 12 кундан кейин қайтариш ҳақидаги ваъдасига ишонганини билдирди. У бу фикрини жабрланувчи Алимбоева ва унинг қизининг кўрсатмалари билан ҳам боғлади.

Унинг айтишича, Яшнобод туманидаги биринчи нотариал идорада битим расмийлаштирилаётганда Алимбоевлар оиласининг барча аъзолари олди-сотди шартномасини имзолаётганини англаган ва шу кечанинг ўзида Рисматов пулни олганига ишонч ҳосил қилган.

Рисматов кейинчалик хорижга кетиб, пулни қайтармаган. Каримовнинг айтишича, 240 минг доллар Рисматовнинг бошқа шахс — Муалланов олдидаги қарзини ёпишга сарфланган.

Каримов Рисматов билан Дубайда биргаликда бизнес қилишни режалаштиргани ҳақидаги айбловни ҳам инкор этди.

“Қандай қилиб мен 240 минг долларимни бериб, Рисматов бир сўм ҳам сарфламасдан, фойданинг ярмини оладиган бизнесга рози бўлишим мумкин?” — деди у.

Каримов Рисматов йўқолгач, айрим шахслар ундан автомобилларни қайтаришни сўраганини айтди. Унинг таъкидлашича, машиналарнинг ҳақиқий эгалари мурожаат қилганидан сўнг улар қайтарилган.

Каримов уйни Алимбоевлар оиласига қайтаришга бир неча бор уринганини билдирди.

“Ушбу оиланинг фожиаси чуқурлигини тушуниб етганимдан сўнг ўз пулларимни қурбон қилиб, ўзимга ҳисоб бериб, уйни ихтиёрий равишда қайтариб бердим. Бу менинг ҳаракатларимда тасдиқланади”, — дейди у.

Каримовнинг айтишича, биринчи суддан кейин ҳам оила билан келишишга ҳаракат қилган. Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасида уларга уйни қайтаришга тайёрлигини айтган, аммо оила буни эҳсон ёки закот сифатида қабул қила олмаслигини билдирган.

“Қамоққа олинишимдан бир неча кун олдин ҳам уларнинг хонадонига бордим. Судлашувни давом эттирмаслик ва уйни қайтариш бўйича келишишни таклиф қилдим”, — дейди Каримов.

Жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева билан боғлиқ эпизодга тўхталар экан, Каримов унга нисбатан босим ўтказмаганини айтди.

“Мен Раҳматуллаевага ҳеч қачон бирор-бир тазьиқ ёки ёмон ҳаракат қилмаганман, қилиш ниятим ҳам бўлмаган. Унинг манзилига ҳам бирор-бир тазьиқ ўтказиш бўлмаган”, — деди Каримов.

Суд мажлисида Каримов гиёҳванд моддалар билан боғлиқ эпизодга ҳам тўхталди. Унинг айтишича, тинтув вақтида суд санксияси берилган хонадондан ташқари, алоҳида кадастр рақамларига эга бўлган яна учта хонадонга ҳам кирилган.

“Қонун талабларига зид равишда ходимлар ордерда кўрсатилмаган мутлақо бошқа эшик орқали киришган ва учта квартирада ноқонуний тинтув ўтказишган. Уларга суд рухсати тааллуқли бўлмаган”, — дейди Каримов.

У тинтув пайтида айрим эшиклар бузилгани, баъзилари кодли ва паролли қулфлар билан ҳимояланганини айтди.

“Ихтиёрий равишда киришни таъминлашни таклиф қилмасдан, ходимлар қулфлаш мосламаларини бузиб, синдириб, ваколатларини ошириб юборган ҳолда ҳаракат қилишган. Мен ўз конституциявий ҳуқуқларимга эгаман. Қонун бўйича тахминларга асосланиб ҳукм чиқариш мумкин эмас. Лекин менга нисбатан ҳукм тахминларга асосланиб чиқарилди”, — дейди судланувчи.

Каримов гиёҳванд моддаларни сотишга тайёргарлик кўрилганини кўрсатувчи ашёлар ҳам топилмаганини таъкидлади.

“Жиноят иши материалларида сотишга тайёргарлик бўйича ҳаракатлар йўқ. Мен каналлар излаганим, сотишга уринганим ёки топилган моддаларни кимгадир сотиш ёки топшириш ниятим бўлганига бирорта далил йўқ”, — дейди у.

Унинг айтишича, телефонлар, компютерлар, банк ҳисоблари ва электрон ҳамёнлар текширилган бўлса-да, жиноий ёзишмалар, молиявий операциялар, пул ўтказмалари ёки тақиқланган моддалар муомаласи билан боғлиқ фактлар аниқланмаган.

Санжар Каримов тинтув давомида топилган моддалар унинг марҳум отасининг даволаниши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди.

“Отам АҚШ фуқароси бўлган. У оғир кечадиган Паркинсон касаллигидан азият чеккан. Шифокор расмий равишда айнан ўзи рецепт ёзиб бергани ва тетрагидроканнабинол ҳамда каннабис асосидаги тиббий препаратларни тайинлаганини тасдиқлайди. Бу фақат оғир титроқ ва Паркинсон касаллиги симптомларини бартараф этиш учун бўлган”, — деди Каримов.

Унинг айтишича, отаси вафот этганидан кейин тинтув ўтказилгунга қадар атиги бир ой ўтган ва марҳумнинг буюмларини йиғиш ёки инвентаризация қилишга улгурилмаган.

“Мен у ерда ҳамма нарсани кўриб чиқишга улгурмадим. Ҳар бир инсоннинг уйида ҳар бир тортмада нима борлигини билиши шарт эмас. Менинг айбим — уйни йиғиштиришга улгурмаганим”, — деди у.

Каримов палтодан топилган ДНК излари бўйича экспертиза хулосасига ҳам эътироз билдирди. Унинг айтишича, дастлабки экспертизада асосан Й-хромосома бўйича таҳлил ўтказилган ва унинг ДНКсига мос келиши ҳақида хулоса қилинган.

Ҳимоя томони эса АҚШ, Россия ва Ўзбекистон мутахассисларининг хулосаларини судга тақдим этган. Каримовнинг сўзларига кўра, улар дастлабки экспертизада етарли генетик маркерлар мавжуд эмаслиги, ДНК юқори даражада деградациялангани ва аралаш ДНК профилларини талқин қилишда методик муаммолар борлигини билдирган.

“Палто марҳум отамга тегишли эди. Палто устида маиший алоқа излари, ДНК излари борлиги табиий ҳаётий омил билан изоҳланади. Балки оила аъзоларимиздан кимдир ва мен қачондир уни кийганмиз”, — дейди Каримов.

Унинг фикрича, оила аъзосининг палтога тегиши ёки уни кийиши чўнтакдаги буюмларга эгалик қилиш ёки улардан хабардор бўлганини англатмайди. Каримов, шунингдек, қон ва сийдик таҳлилларида гиёҳванд моддалар аниқланмаганини билдирди.

“Мени беш марта текширишди. Ҳатто ИИВ лабораториясигача олиб бориб текширишди. Ҳеч нарса чиқмади. Агар мен бу нарсани истеъмол қиладиган бўлсам, бу нарса чиқиб келарди”, — деди судланувчи.

У судда ўзининг тадбиркорлик фаолияти ҳақида ҳам гапирди. Санжар Каримов бир нечта корхонанинг таъсисчиси ва раҳбари экани, халқаро экспорт-импорт операциялари билан шуғулланганини айтди. Шунингдек, 1150 нафар расмий ходими бўлгани, ҳозир эса уларнинг 830 нафари қолганини билдирди.

“Менинг оммавий мақомим ва медиа обрўйимни ҳам эътиборга олинг. Ижтимоий тармоқларда мен „Реал Санжик“ тахаллуси билан танилганман”, — дейди у судлов ҳайъатига.

Каримов апелляция судидан, аввало, санксиясиз тинтувлар натижасида олинган ашёларга ҳуқуқий баҳо беришни сўради. Унинг айтишича, ҳимоя томони Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Олий суддан олинган ҳужжатларни судга тақдим қилган.

Санжар Каримов мазкур ҳужжатларда кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ўтказилган тинтувнинг қонунийлиги кейинчалик суд томонидан текширилиши лозимлиги кўрсатилганини билдирди.

“Алоҳида кадастрга эга хонадонга берилган ажримни бошқа хонадонларга автоматик равишда татбиқ этиб бўлмайди”, — деди у.

Судланувчи ўзини айбсиз деб ҳисоблашини яна бир бор таъкидлади.

“Менга адолат чиқариб беринг. [Гиёҳванд моддаларни] бирорта одамга сотиш ва тарқатиш умуман хаёлимда бўлмаган. Адолатли ҳукм чиқарилишини сўрайман”, — деб таъкидлади Каримов.

Суд мажлисидан сўнг Санжар Каримов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди. Ундан ҳукм чиққандан кейин озодликка чиқса, Ўзбекистонда қолиш-қолмаслиги сўралди.

“Албатта, қоламан. Келажакда ҳали режаларим катта. Ўзбекистонда бошлаб қўйган анча ишларим бор. Мен Ўзбекистондан кетишни режа ҳам қилмаганман”, — деди у.

“Шу сабабли Ўзбекистонда адолат борлигига, президентимиз олиб бораётган сиёсат жуда адолатли эканига ишонаман. Бундан ташқари, Олий суд раиси Робахон опа [Маҳмудова] ва ишимда иштирок этаётган, уни назоратга олган барча масъуллардан менга адолатли ҳукм чиқарилишини сўраб қоламан”, — дейди у.

У апелляция судига ҳам адолат қарор топишига ишонгани учун келганини айтди.

“Мен адолатли ҳукм чиқарилишига ишонганим учун айнан апелляция судига келдим. Бир инсон агар адолатга ишонмаса, келармиди? Нимагадир ойдинлик киритишни сўрармиди? Мана, сизлар ҳам эшитдингиз, қанча важлар айтилди. Ўн ойдан бери қанча-қанча ҳужжат, далиллар йиғдим. Бундан ташқари, яна нима керак экан? Мана, охирида ҳатто график ҳам қилдим”, — деди Санжар Каримов.

Каримов суд жараёни нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кузатилаётганини таъкидлади.

“Бир нарсани айтмоқчиман: мана шу суд жараёнини бутун МДҲ, бутун Америка ҳозир кузатиб ўтирибди. Америкадаги ўзбекистонлик диаспора, Россиядагилар… Кимки мени қўллаб-қувватлаётган бўлса, кимки менга адолат тилаётган бўлса, шу фурсатдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтиб қоламан. Адолатга ишонайлик”, — деди у.

Суд ҳайъати жиноят иши бўйича якуний қисм — судланувчининг охирги сўзини 7-октабр соат 11:00 га қолдирди. Суд ҳайъати шу вақтга қадар ишдаги ёзма ҳужжатлар ва далилларни яна бир бор ўрганиб чиқишини билдирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.