“Реал Санжик” суди: Адвокатлар наркотик моддага оид ҳолатларга аниқлик киритишни сўради
Санжар Каримов иши бўйича апелляция судида адвокатларнинг ҳимоя нутқи тингланди. Каримов жабрланувчининг нутқига муносабат билдиргани учун залдан чиқариб юборилди. Адвокатларга кўра, наркотик моддаларга оид ҳолатларга аниқлик киритиш зарур. Каримовнинг БМТга мурожаат қилганига ҳам тўхталиб ўтилди.

“Реал Санжик” суди: Адвокатлар наркотик моддага оид ҳолатларга аниқлик киритишни сўради
“Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида кўрилаётган апелляция иши музокаралар босқичига ўтди. 25-сентабрдаги суд мажлисида Каримовни ҳимоя қилаётган адвокатлардан олти нафари ҳамда жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева адвокатининг ҳимоя нутқи тингланди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Газета мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.
Навбатдаги суд мажлисида судланувчи Санжар Каримов раислик қилувчининг қарори билан суд залидан чиқариб юборилди. Бунга жабрланувчи Феруза Раҳматуллаевага сўз берилган вақтда Каримовнинг унинг йиғлаганига муносабат билдириб, “Спектакл қўйманг” мазмунида айтган гапи сабаб бўлди. Раислик қилувчи бу ҳолатни судга нисбатан ҳурмацизлик сифатида баҳолади.
ОАВ вакилларига берган интервюсида тушунтиришича, суд мажлисини ўтказиш тартиб-қоидалари Жиноят-процессуал кодексида белгиланган.
Унинг айтишича, Каримов аввалги суд мажлисларида икки марта суд жараёни тартибини бузган. Иккинчи ҳолатда унга раислик қилувчи томонидан қатъий огоҳлантириш берилган ва яна тартиб бузилса, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилган.
“Кўриб турганингиздек, бугун ҳам судланувчи томонидан суд мажлисида тартиб бузилди. У судга нисбатан ҳурмацизликни очиқ намоён қилганидан сўнг, аввалги огоҳлантиришни инобатга олган ҳолда, раислик қилувчи томонидан судланувчи суд залидан чиқариб юборилди”, — дейди матбуот котиби.
Акбаров суд жараёнида тарафларнинг ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари ҳам борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тарафларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имконияти берилар экан, суд мажлисидаги мажбуриятларини ҳам унутмаслиги керак.
“Санжар Каримов айблов хулосаси эмас, суд ҳукми бўйича ўтирибди. Шунинг учун биз суд ҳукмига нисбатан ўз фикримизни билдиряпмиз”, — деди адвокат.
Абдураимов ҳимоя томони суд ҳукмидаги қонунчиликка зид ҳолатларни кўрсатиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаб, Каримовга нисбатан қўйилган учинчи эпизодга тўхталди.
Унинг айтишича, ҳукмда тергов ҳаракатлари давомида Каримов истиқомат қилиб келган офисдаги стол тортмасидан “Парламент” тамаки маҳсулоти қутиси ичида полиетилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли, мумсимон модда, пулларга ва оқ қоғозга ўралган яшил рангли, ўткир ҳидли ўцимон модда ҳамда чекиш учун мўлжалланган баклажка топилгани қайд этилган.
Бироқ адвокатга кўра, ҳукмда ушбу моддаларнинг айнан қандай наркотик восита экани ва миқдори кўрсатилмаган.
“Савол туғилади: полиетилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли, мумсимон модда нима? Нашами, марихуанами, гашишми, опийми? Агар номи кўрсатилмаган бўлса, миқдори қанча?” — дейди Мансур Абдураимов.
Унинг сўзларига кўра, наркотик воситанинг миқдори унинг турига қараб баҳоланади. Шу сабабли модданинг номи ва аниқ миқдори кўрсатилиши муҳим.
“Ҳукмда бу нарса аниқланмаган. Аниқланган бўлса ҳам, ёзилмаган. Наркотик модданинг номини ҳам, миқдорини ҳам кўрсатмаган. Лекин негадир Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми
(Кўп бўлмаган миқдорда гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан квалификация қиляпти”, — дейди адвокат.
Мансур Абдураимов биринчи инстансия судидаги экспертизага ҳам тўхталди. Унинг айтишича, эксперт судда экспертиза учун наркотик модда тақдим этилгани, бироқ унинг таркибида тамаки ҳам бўлгани сабабли аралашмадан соф наркотик моддани ажрата олмаганини билдирган.
“Эксперт наркотик модда унга экспертиза учун тақдим этилганини айтди. Лекин унинг ичида тамаки бор экан. „Мен уни ажрата олмадим“ деди. Суд бу кўрсатмани ҳукмда келтирган, лекин унга баҳо бермаган”, — дейди адвокат.
Унинг фикрича, суд ҳукмининг “аниқладим” қисмида иш бўйича аниқланган муҳим ҳолатларнинг барчаси акс этиши керак. Бироқ мазкур эпизодда наркотик модданинг номи ва миқдори кўрсатилмаган.
Абдураимовнинг айтишича, апелляция суди 21-августда суд терговини қайта тиклаганидан кейин ҳимоя томони ушбу ҳолатларга ойдинлик киритишни сўраган. Жумладан, экспертлар ва тинтувда қатнашган оператив ходимларни судга чақириш, уларнинг кўрсатмаларини эшитиш ҳамда далилларнинг мақбуллигига баҳо бериш бўйича илтимосномалар киритилган.
“Ўнта илтимосноманинг ичида ҳам шу масалага аниқлик киритиш сўралган. Экспертларни ҳамда тинтувда қатнашган оператив ходимларни чақириш, далилларнинг мақбуллигига баҳо беришни сўрадик. Лекин суд уларни рад этди”, — дейди у.
Адвокатнинг таъкидлашича, апелляция жараёнида икки ой давомида ушбу масалага аниқлик киритилмаган. Унинг фикрича, наркотик модданинг тури ва миқдорини аниқлаш учун экспертлар ҳамда тинтувда қатнашган шахсларнинг кўрсатмаларини эшитиш зарур бўлган.
“Миқдорини аниқлаш учун экспертларни чақириш ёки тинтувда қатнашган шахсларни сўроқ қилиш керак эди. Улар қайси модда топилганини тушунтириб бериши, эксперт эса унинг таркибида қанча миқдорда қайси модда борлигини аниқлаши мумкин эди”, — дейди Абдураимов.
Унинг сўзларига кўра, 21-августдаги судда прокурор ҳам ҳимоя томонининг эътирозларида асос борлигини айтган. Прокурор ўз маърузасида наркотик модданинг номи ва миқдори бўйича ҳукмда қолиб кетган ҳолатларни суд қонунга мувофиқлаштириши мумкинлигини билдирган.
“Аниқламаган нарсани қандай қилиб мувофиқлаштиради? Агар аниқласа, қўшиши мумкин эди. Лекин аниқланмаган нарсани қандай қилиб мувофиқлаштириш мумкинлигига ҳайронман”, — дейди адвокат.
Абдураимовнинг таъкидлашича, агар мазкур масалага ойдинлик киритиш зарур бўлса, суд терговини яна тиклаш ва қўшимча далилларни текшириш талаб этилади.
Шунингдек, адвокат Санжар Каримовнинг организмида наркотик модда аниқланмаганини айтди.
“Уни экспертиза қилишганида, организмида наркотик модда чиқмаган”,
— деди Мансур Абдураимов.
Санжар Каримов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ва Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича ищи гуруҳига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан суд жараёнида қонунбузарликлар ва ҳуқуқлари бузилганини билдирган.
Адвокат Мансур Абдураимовнинг таъкидлашича, ушбу мурожаатлар судга ташқи босим ўтказиш мақсадида қилинмаган.
Унинг айтишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан ташкилот раҳбари Акмал Саидов имзоси билан берилган хулосада ҳам тинтув жараёнида қонун ва конституциявий ҳуқуқлар бузилгани қайд этилган.
“Шу ҳужжат борлиги учун унинг қариндошлари ҳам, ўзи ҳам БМТга мурожаат қиляпти. Бу судга босим ўтказиш дегани эмас. Миллий марказда шундай хулоса берилгани учун „Бу масалани сизлар ҳам кўриб чиқасизларми?“ деган мурожаат қилинмоқда”, — дейди адвокат.
Тошкент шаҳри суди матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг таъкидлашича, судланувчининг халқаро ташкилотларга мурожаат қилиши унинг ҳуқуқи ва бунга ҳурмат билан қаралади. Бироқ Ўзбекистонда содир этилган ҳолатлар, жумладан, жиноят ишлари мамлакат қонунчилиги асосида кўриб чиқилади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур жиноят иши бўйича ижтимоий тармоқларда ҳолатни сунъий равишда сиёсийлаштиришга уринишлар ҳам учрамоқда. Акбаровнинг айтишича, агар халқаро ташкилотлардан бирор ҳужжат ёки жавоб келса, у тавсиявий хусусиятга эга бўлади.
Матбуот котиби Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг хулосасига ҳам тўхталиб, у процессуал ҳужжат эмаслиги ва тавсиявий характерга эга эканини таъкидлади.
“Марказ раҳбарияти мурожаат қилувчининг ариза ва шикоятидан келиб чиқиб, ўз хулосасини берган. Бу хулоса ҳам тавсиявий характерга эга бўлиб, якунда суд томонидан кўриб чиқилади ва унга тегишли ҳуқуқий баҳо берилади”, — деди Акбаров.
Суд 28-сентабргача танаффус эълон қилган.
Суд уни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топган.

